Нимадир ўзгаради деса юрак безиллаб қолибди…

Нимадир ўзгаради деса юрак безиллаб қолибди…
50 views
05 December 2018 - 8:00

Вояга етмаганларга чет-элга чиқишга рухсат берувчи “киндер паспорт“ олиш учун паспорт столга бордим. Қўлимга 8 бандлик ҳужжатлар мажмуасидан иборат қоғоз беришди.

1.Нотариусдан ишончнома.

2.ИИБ бўлими бошлиғи номига ариза.

3.Паспорт ва метркалардан копия.

4.“Домовой“.

5.Икки нусхада ишончнома.

6.Маҳалладан расм ёпиштирилган справка…

Ҳужжатларни тўплаш учун ишга киришдим. Қолган югур-югурларни санамай қўя қолай. Энг ажойибини айтиб ўтаман.

Маҳалладан маълумотнома олиш учун раис олдига кирдим. Раис маълумотномани ортиқ маҳалла бермаслигини, ягона дарча орқали маълумотнома олишим мумкинлигини айтди. “Ягона дарча“ томон йўлга тушдим. У ердагилар “президентни фалон рақамлик фармони билан маҳалладан справка бериш бекор қилинган“, деди. У ердан чиқиб, яна паспорт столга бордим. Қабулхонадагилар маҳалладан маълумотнома олишим учун паспорт стол раҳбари қабулига киришим кераклигини айтишди. У ерда ярим соатдан ошиқ навбатда туриб, раҳбар ҳузурига кирдим. Раҳбар маҳалладан маълумотнома олишим учун маълумотнома ёзиб берди. Маълумотномани олиб, маҳалладан маълумотнома олиш учун раис олдига қайтадан кирдим. Раис маълумотномани кўриб, маълумотнома ёзиб берди.

Маълумотномани бекор қилиш ҳақидаги Президент фармони чиқмасидан аввал, маҳалла маълумотномани дарров ёзиб берган экан. Энди маълумотнома олиш учун икки баробар кўпроқ югирилар экан.

* * *

Бир акам олди-сотди жараёнида 100 долларлик купюрага қарамай олибдилар. Купюра кир мошинага солиб юборилганми, хуллас, купюрани аҳволи чатоқ. Биров олмайди. Купюрани кўтариб “Миллий банк“га бордик. У ердаги банк мулозими кимга учрашимизни айтди. У опахон купюрага обдон кўз югуртириб чиқдида “инкасса қилиб олиб қоламиз“, деди. “Кейинчи?“, дедик. “Ариза қилиб берасиз. Инкасса қилиб олиб қоламиз. Бизда раҳбар кўриб чиқиб вилоятга жўнатади. Вилоятдагилар кўриб чиқиб, Тошкентга жўнатади. Тошкентда аризангиз “қониқтирилсин“, деган буйруқ берилса, яна қайтиб вилоятга, вилоятдан бизга келади. Уч фоиз пулингиздан ушлаб қолинади“, деди. Очиғи гапи тугагунча зерикиб кетдим. “Сиз айтган жараёнга қанча кетади?“, дедим. Бамайлихотир ўтирган опахон “олти ой“, деб жавоб берди. “Сиз айтган нарса қонунан шундайми?“, деган саволимга “албатта“, деган жавоб эшитдим.

Олти ой кутгандан чет-элга бериб юборсам, ўша ерда алмаштириб келиб беришгани арзонроқ ва тезроқ битар экан.

* * *

Маълумотнома ҳақидаги қарор ҳам “1 декабрдан интернет ўн баробар тезлашади“ деган гапга ўхшар экан. Фақатгина жаранглаши чиройли.

Интернетдан нолиган эдик. Борини ҳам йўқ қилиб, фаcэбук блоклаб қўйилди.

Пропискадан нолиган эдик, пуллик прописка жорий қилинди.

Диний ҳақ-ҳуқуқларни талаб қилганимиз учун, фаолларга ўн беш сутка берилди.

* * *

Битта анекдот бўлар эди:

Бир оролга кемаси ҳалокатга учраган учта одам тушиб қолади. Уларни қутқариш учун ўзга сайёраликлар келади. Ўзга сайёралик кемага чиқаришдан аввал ҳар бирига биттадан савол бериб, тўғри топсагина кемага чиқаришини айтади. Биринчи одамга “икки карра икки неча?“, деса “тўрт“, дейдида кемага чиқади. Иккинчисига “бешга бешни қўшса неча?“, деса “ўн“, дейдида кемага чиқади. Учинчисига “248×453-57483÷5847:5847476“, неча бўлади?“, деса учинчи одам “ока, ундан кўра жой йўқ, деб қўя қолинг“ деган экан.

* * *

Тавба қилдик…

Ҳеч нарса талаб қилмаймиз. Ўзи яхши яшаяпмиз. Нимадир ўзгаради, деса юрак безиллаб қолибди.

Саййид Ислом

facebook.com