Эҳтиёт бўлинг: Ўртада болалар бор!

Эҳтиёт бўлинг: Ўртада болалар бор!
62 views
07 December 2018 - 8:00

Ота-онаси турли сабабларга кўра ажрашгани туфайли, тўлақонли оилада улғайиш бахтидан мосуво бўлиб, «тирик етим»лик азобини тортиб улғаяётган болаларнинг феъл-атвори ва руҳиятида салбий ўзгаришлар кузатилишини ҳаммамиз яхши биламиз. Аммо мен бугун эътиборингизни ота-онаси бағрида, тўлақонли оилада улғаяётганига қарамай, руҳий аҳволи «тирик етим»ларникидан ҳам аянчлироқ бўлган болалар муаммосига қаратмоқчиман.

Уларнинг ота-онаси, яъни бир неча йиллар бирга яшаб, бир нечта фарзанд кўрган эр ва хотин ўзаро муносабатлари совуқлашиб кетганига, ўртада ҳурмат ва муҳаббат қолмаганига қарамай, ажралишмаган. Яъни, «ўртада болалар борлиги учун», «болаларни ўйлаб» шундай қарорга келишган. Афсуски, аксарият бундай оилаларда «болаларни ўйлаб» дегани – қуруқ гап. Чунки ўртада ҳурмат ва муҳаббат каби муқаддас туйғулар бўлмаса, эр ва хотиннинг тинч-хотиржам яшаши имконсиз. Албатта, кимдир кимнингдир ғашига тегади, асабини бузади, кўнглини оғритади. Ва булар ҳали ҳолваси…

Бир-бирига «болалари учун» чидаб келаётган ва ўзини анчайин сокин ва ақлли инсон ҳисоблайдиган эр ва хотинлар ҳам ўртадаги совуқчиликни, (гарчи бошқаларнинг кўз ўнгида тортишмасликка уринсалар-да), болаларига сездирмасликнинг уддасидан чиқолмайдилар. Ҳатто кичик ёшли болалар ҳам ота-она ўртасидаги хоҳ яширин, хоҳ ошкор зиддиятни жуда яхши англайдилар ва ўзаро муносабатлардаги совуқликни юракдан ҳис қиладилар. Бир-бирига бегоналашиб кетган эр ва хотин «болаларини ўйлаб» бир-бирига тоқат қилиши мумкин, лекин болалар ота-оналарининг ўзаро меҳрсизлигига тоқат қилолмайдилар. У шўрликларнинг дарди ичида – ота-онасига ошкора норозилик бидира олишмайди ва жимгина «синадилар». Психологларнинг билдиришларича, бундай болаларда невроз аломатлари кўп кузатилар экан.

* * *

Эри билан «болалари учунгина яшаётган» она эрталаб болаларини зарда билан кийинтирар экан, лаби-лабига тегмай бидирлайди:

– Ўлар бўлсам ўлиб бўлдим бу рўзғорнинг дастидан! Уй ишларини қилайми, ё ишлайми?! Менга қаранг, ҳой адаси, бугун болаларни боғчадан сиз оласиз! Мен улгурмайман, ишдан кейин дугоналарим билан дўконга бормоқчимиз.

Эр ундан-да асабий.

– Мен сенга энагаманми?! Ишим бошимдан ошиб ётибди. Ана, ойингга айт, болаларни олиб турсин.

Болалар бир онага, бир отага қараб мўлтирашади. Кечқурунги аҳвол бундан-да баттар: ота телевизор қаршисига «михланган», она ошхонада идиш-товоқларни зарда билан тарақлатиб юваркан, тақдиридан нолиб, қарғанади. Дугонасининг «яшашни биладиган, уддабурон» эрини мақтаб, «Менинг бошқалардан нима камим бор эди…» нақоратли «ашула»сини бошлайди. Боғчадаги машғулотлари ҳақида тўлқинланиб гапириб бермоқчи бўлган кичкинтойларнинг айтмоқчи бўлганлари бўғизларида қолади… «Қани, марш! Ётиб ухлаларинг!», деган дағдағали буйруқдан кейин, индамай кўрпага бурканадилар…

* * *

Эри билан хафалашиб қолган жувон оёғига эркаланиб ёпишган ўғилчасини бир силтаб нари итаради-да, уйда тинчгина «хола-хола» ўйнаб ўтирган қизчаларига бақириб, қарғаниб, «сал енгил тортгандек, аламидан чиққандек» бўлади. Камига:

– Шу тўнкага сенлар борлигинг учун чидаяпман. Сенларнинг етим қолишингни ўйламасам, бир кун ҳам яшамасдим шу яшшамагур оталаринг билан! – дея таъкидлашни ҳам унутмайди…

* * *

Аниқланишича, нотинч оилаларда яшайдиган болалардаги мия зўриқиши жанг майдонида ҳаракатланаётган аскар миясидаги зўриқиш билан деярли бир хилда бўлар экан. Чунки улар ота-онасининг бир-бирига нисбатан ошкора ва яширин нафрати, тортишувлари, жанжаллари туфайли катта ёшли одамлар ҳам кўтариши қийин бўлган оғир ҳиссий юкни кўтариб яшашга мажбурлар…

Шу ўринда (журналистика қоидаларига кўра) мен журналист сифатида мазкур муаммога ечим таклиф қилишим лозим. Аммо бу масала шу қадар чигалки, ечим калавасининг учини топиш учун камида даҳо бўлиш керак. Мен эса фақат айрим ҳақиқатларни эслатишгагина қодирман, холос.

Ҳақиқат шуки, дунёда «асаб ногиронлари» кўпаймоқда. Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълум қилишича, «асаб ногиронлари»нинг 89 фоизи ҳаловатсиз оила фарзандларидир. Бу дегани – кўзингизни каттароқ очинг, «болам учун» ниқобидаги нотавонликларга чек қўйиш вақти келди, ўз болангизни ўз аҳмоқликларингиз ва бемаъни феъл-атворингиз билан нобуд қилманг, дегани!

Ҳақиқат шуки, ҳар қандай ёмон аҳволни яхшилаш учун ҳамиша имконият топилади – истасангиз, изласангиз бас.

Дилфуза КОМИЛ
«Маърифат саодати» газетасининг 2018 йил 12 ноябр сонидан олинди

facebook.com