Аллоҳ ҳақ устида қоим турган ва ҳақни етказиш йўлида мусибатларга дучор бўлган аҳли илмларимизга нусрат берсин

Аллоҳ ҳақ устида қоим турган ва ҳақни етказиш йўлида мусибатларга дучор бўлган аҳли илмларимизга нусрат берсин
53 views
08 December 2018 - 8:00

Айрим “аҳли илмлар“ Қуръон оятларини ўз нафси ва ҳимояси йўлида ишлатаётганини кўриб, ҳайратдан ёқа ушламасликни иложи йўқ.

Асрлар давомида саройга хизмат қилган дин пешволари тузум йўлида ва ҳукмдорлар истаги билан кўпгина оят ва ҳадисларни таъвил қилиб, мослаб берганларига тарих гувоҳи бўлган.

Ўша давр сарой уламоларига (ва ҳозирдаги баъзи аҳли илмларга) эҳтимол, қандайдир узр топса бўлар. Мажбур қилинган, тазйиққа учраган ва ҳоказо, деб. Аммо ўз шахсияти, нафси ва адовати йўлида Аллоҳни динини ўз манфаатига буриш, Қуръон оятлари ва ҳадисларни адовати учун ишлатадиганларга узр топа олмайман.

Улар: “Биз ислоҳ қилувчилармиз“, деб оят келтирадилар. Ўзларини манфур ва фасод ишларини Қуръон оятлари билан қувватлашни мақсад этадилар. Ваҳоланки, ўша оятда “Уларга фасод қилманглар, дейилса улар: Биз ислоҳ қилувчилармиз, дейишади“ деб Аллоҳ мунофиқларни баён этган бўлади.

Уларни мазах қилганларга нисбатан: “Ҳар бир обрў тўкувчи ва айбловчига вайл бўлсин“, деб Ҳумаза сурасидан далил келтирадилар. Ўзлари мазах қилиб, айблаб, туҳмат қилганларида эса: “қўпол ва отасининг тайини йўққа”, деган оятни келтириб, ҳаммани ҳаромиликда, обрў тўкишда, қўполликда, чақимчи ва туҳматчиликда айблашади. Ваҳоланки, бу оятлар Валид ибн Муғийрага нозил қилинган. Қуръон ҳақорат учун сўз топиб берадиган китоб эмас! Қуръон бесабаб кимнидир ҳаромиликда айблайдиган калом ҳам эмас.

Уларнинг ҳаром ва мункар ишлари ошкор бўлганда: “Эҳтимол, сизлар ёқтирмаган нарса (аслида) ўзларингиз учун яхши, ёқтирган нарсаларингиз эса (аслида) ёмондир. Аллоҳ билур, сизлар эса билмассизлар“, деб вазиятдан чиқиб кетишади.

Улар динни ҳимоячиси эканликларини қайтаришади. Аллоҳни дини оёқ-ости қилинганда: “Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир“, дейишади. Шахсиятларига (ридоларига, саллаларига, пайпоқларига, машиналарига, дачаларига…) бир оғиз гап айтилганда эса: “Икки қўли ҳалок бўлсин, ҳалок. Уларга моли ва касб қилган нарсалари фойда бермайди. Улар тезда чўғи қизиб турган ўтга кирадир. Уларнинг бўйнида эшилган арқон бор“, деб Абу Лаҳаб ҳақида нозил бўлган оятларни душманларига мослаб, қарғаб юборадилар. Ёки, ҳаворижлар ҳақида келган ҳадисни мослаб, итга қиёслаб, жаҳаннамга нисбат бериб минбар ва меҳробга хиёнат қиладилар.

Душманларига азият етганда: “Иззат Аллоҳники ва мусулмонларникидир“, дейдилар. Ўзларини азиз, нафслари йўлида адоват қилган душманларини хорликка нисбат берадилар. Ўзларига азият ва мусибат етганда: “Дунё мўмин учун жаҳаннам“, “Сабр қилгувчиларга беҳисоб ажр-мукофотлар бордир“, деб нафсларини қувватлайдилар ва содда мусулмонларни алдаб, ўз макрларига ишонтириб ҚУРЪОНДАН ОЯТ КEЛТИРАДИЛАР.

Хуллас, “Майсаранинг иши“ филмидаги мулла дўстнинг таъбири билан айтганда: “сизлар нима иш қилсаларинг ҳам шариатга тўғри келаверадия“. Қуръондан гапирган, ҳадисдан далил келтирган ҳар қандай инсон олим ҳисобланмайди. Ўзидан бошқани адашган ҳисоблайдиган, қарши фикрга тоқатсиз, баҳсга киришса ҳақоратга ўтадиган ҳар қандай касни аҳли илм санаб бўлмайди. Зеро, шиалар ва бошқа ўнлаб куфр йўлига юз тутган оқимлар ҳам Қуръон ва ҳадисдан оятлар келтирадилар.

“Мўминлар чиройли хулқ устидадирлар“. Хулқи ва одоби гўзал инсонни дини ва илми ҳам чиройли шаклда бўлади. Сўзларида сеҳр, амалларида намуна бўлади.

Аллоҳ ҳақ устида қоим турган ва ҳақни етказиш йўлида мусибатларга дучор бўлган аҳли илмларимизга нусрат берсин.

Саййид Ислом

facebook.com