Уйлари тортиб олинган журналистлар Олий судга шикоят қилишди

Уйлари тортиб олинган журналистлар Олий судга шикоят қилишди
60 views
08 December 2018 - 10:37

Ака-ука Бобожоновларнинг уйларини мусодара қилиш қарорини Урганч тумани суди ўз кучида қолдириши ортидан 5 декабрь куни журналистларнинг адвокати ишни назорат тартибида қайта кўриб чиқиш юзасидан Ўзбекистон Олий судига мурожаат қилди.

Урганч туманлараро фуқаролик судининг 27 ноябрь кунги мажлисида судья Ўткир Машарипов журналист ака-укалар Бобожоновларнинг уйини мусодара қилиш борасидаги ўзи чиқарган қарорни ўзи ўз кучида қолдирган эди.

«Машарипов ўз қарорини бекор қилиши керак эди. Лекин у бундай қилмади. Ўзи чиқарган, уй эгаларига хабар бермасдан ўтказилган, ака-ука Бобожоновларнинг уйларини мусодара қилиш ҳақидаги 2018 йил февраль ойида чиқарилган суд қарорини ўз кучида қолдирди.

Бунда у судга мурожаат қилишнинг барча муддатлари ўтказиб юборилганини рўкач қилмоқда. Шу боис, биз биринчи инстанция ва кассация тартибидаги судларни четлаб ўтиб, Олий судга мурожаат қилдик», деди журналистларни ҳимоя қилаётган Тошкентдаги «Симай» адвокатлик идораси вакили «Элтуз» мухбирига.

22 ноябрь куни «Озод Европа – Озодлик радиоси» (RFERL) нинг Вашингтондаги қароргоҳи маъмурияти бу амалнинг журналистлардан ўч олиниши экани ҳақида баëнот берган эди.

Фото: 1999 йили Хоразм вилояти ҳокимлиги Бобожоновларга тегишли «Эй Эл Си» телекомпаниясини ноқонуний тарзда ёпган эди.  

Манба: Eltuz.com