ЭНГ ҚАБИҲ ШИОРИМИЗ
МЕНГА НИМА?
Озаймаймоқда илғоримиз,
Таназзулда диёримиз.
Бунча жирканч шиоримиз:
Менга нима?
Хаёт китобим варақлаб,
Кулаверарман шарақлаб.
Қўшним кетмишлар чавақлаб?
-Менга нима?
Зиндонбандни олмам тилга,
Кесилганди ўн беш йилга.
Шўрлик чалинибди силга?
-Менга нима?
-Кеча егандинг нонини,
Тўкмоқдалар дўст қонини.
-Бошқалар олсин ёнини,
-Менга нима?
-Эшигин қўлларинг қоқсин,
Синглингга эҳсонинг ёқсин!
-Нега энди? Эри боқсин!
-Менга нима?
-Хотинликка олгин эй қул,
Уч фарзанд-ла азобда тул.
-Сўлса сўлибди битта гул,
-Менга нима?
Кўнглига қўл солганмидим,
Ошиқ бўлиб қолганмидим.
Оталиққа олганмидим-
Менга нима?
Ха, жимирлайди этим,
Ха, қалиндан-қалин бетим.
Поябзалинг йўқми етим?
-Менга нима?
Нима дединг?
-Болам касал,
Менга рахм қилингиз сал!
Егиси келяпти асал?
-Менга нима?
Ариза ёз юқорига,
Ишонсанг хон виқорига.
Пул тополмасанг дорига-
-Менга нима?
Олим қамалса-соқовман,
Кеча-дўст, бугун-бировман.
Не? Сенга келган синовман-
-Менга нима?
Бошламагил хикоятинг,
Ўзгага қил шикоятинг.
-Зарур эди химоятинг?
-Менга нима?
Мулкингни ўмарса ўғри,
Қилибди жуда хам тўғри!
-Ахир биз бир Она ўғли…
-Менга нима?
Сенга тор, менга кенг олам,
Бағримдадир ёр-у болам.
-Бефарқлигим қилар алам?
Менга нима?
Биродарим ботса қонга,
Бориб Шарқий Туркистонга-
Қасд қилмам Хитойлик жонга-
Менга нима?
Ёнаверсин яқин-йироқ,
Бадахшону Шому Ироқ,
Ха мен хам одамман, бироқ-
Менга нима?
Қизлар қулдек сотилсалар,
Ғайридинга тотилсалар,
Кўнмасалар, отилсалар-
Менга нима?
Мен қиляпман кайф-у сафо,
Ха мен шундайин бевафо.
Осмонинг эмас мусаффо?
-Менга нима?
Тушгим келмас қўққис(и)дан,
Худбинликнинг чўққисидан.
Тўйган бўлсанг қон исидан-
Менга нима?
-Фарзандим оч…
-Тўйдирайми?
Пойига қўй сўйдирайми?
-Уни рўйхатга…
-Қўйдирайми?
Менга нима?
Дуо қилманг иккингиз жўр,
Кулоғим кар, кўзларим кўр!
Жўна, ўзинг кунингни кўр,
-Менга нима?
Мен шодонлик куйин чалдим,
Дунёга бир карра галдим.
-Қарғадингми? О, қарғалдим?
-Менга нима?
Қарғиш: Эй йўқотган эсин,
Кибринг нодон бошинг есин!
Жаннатга киргим бор десанг,
Сенга хам Аллоҳим десин-
-Менга нима?
18:45-09.12.2018
Абдураҳмон Мешаян