Давлат аптекалари тармоғини бошқариш АҚШ ширкатига топширилди

Давлат аптекалари тармоғини бошқариш АҚШ ширкатига топширилди
88 views
10 December 2018 - 9:50

“Озодлик” радиосининг хабар беришича,  Давлат улушига эга бўлган «Дори Дармон» ҳиссадорлик жамиятига қарашли аптекалар тармоғи АҚШнинг United Investment Healthcare Group ширкатига ишончли бошқарув учун ўтказиб берилган.

Регнум агентлигининг 8 декабрда хабар бершича, АҚШ ширкати ва Ўзбекистон Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ўртасида бу борада шартнома имзоланган.

Шартномада қайд этилишича, АҚШ ширкати кейинги 5 йил давомида икки мингта аптекадан иборат тармоқни бошқаради.

United Investment Healthcare Group ширкати расмий вакили, Грузиянинг собиқ соғлиқни сақлаш вазири Сандро Урашадзенинг билдиришича, аптекаларнинг АҚШ ширкати томонидан бошқарилиши мазкур тармоқда фақат Америкада ишлаб чиқарилган дори-дармонлар сотилишини англатмайди.

“Асосий эътибор, жумладан, нарх-наво нуқтаи назаридан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларга қаратилади. Чунки уларнинг нархи арзон”, деб айтган Урушадзе.

«Дори Дармон» ҳиссадорлик жамияти юз йил аввал ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда 8та ҳиссадорлик жамияти ва 6та масъулияти чекланган жамиятни ўз ичига олади. Хабарда айтилишича, сўнгги йилларда ширкатнинг молиявий вазияти ёмонлашган эди.

“2018 йилнинг 11 ойида ҳиссадорлик жамиятининг ҳамкорлар ва банклардан қарзи 179 миллиард 400 миллион сўмга етган”, дейилади хабарда.

ЎХҲ ахборот бўлими