Агар халқ бўлиб бирлаша олсак…

Агар халқ бўлиб бирлаша олсак…
66 views
10 December 2018 - 11:00

Кеча Кўкдумалоқ газконидан олиб, Хитойга сотгандик. Бугун Шўртан газини Хитойга сотаяпмиз. Эртага Устюрт газиниям сотамиз. Индинга Мингбулоқникиниям гумбиллатиб сотамиз.

Чунки рақобатбардош махсулот чиқариб валюта тополмагандан кейин валютани бошқа қаердандир топишга мажбурмиз!

Газ жонивор тўхтамасдан 100 йиллаб қайнаб чиқиб турсаям майли экан. Жахон Банки маълумотларига кўра, газ заҳираларимиз 33 йилга, нефть – 11 йилгача етар экан.

Аслида бундан тезроқ тугашиям мумкин. Чунки нефть тугаётганда бир қисм ускуна ва автолар газга ўтказилади, ички истеъмол ортади ва ҳоказо.

Унгача ўзимизни ўнглаб, рақобатга кучли бўлиб олмасак, хозирги муаммолар ҳолва бўлиб қолади. Яқин тарихдан, яқин давлатлардан нечта мисол керак?

Газни сотгандаям кепак нархида сотамиз… Бир қанча йиллар олдин Хитойга газ етказиш мажбурияти ҳақидаги давлат шартномасидаги экспорт нархини кўриб, шунақанги алам қилганки…

1000 кубосига 95 доллар!!! Айнан ўша пайтда Россия Европага 400 дан, Украинага эса “имтиёзли чегирма” билан 280 дан сотаётган бир пайтда, ишонасизми?!

Дунё бозоридаги нархни қўйинг, имтиёзли нархдан 3 баробар арзон-а!

(Унда ҳали “Қрим-Сизники” эди ва нефть баррели 100 дан қимматроқ эди. Хозир 1000 кубо газимиз нархи 50 доллар атрофида бўлсаям ҳайрон бўлмайман.)

Йилига 27 млрд. кубометр етказиб бериш мажбуриятини олган эдик ўшанда.

Ҳисобланг, ҳар 1000 кубодан 200 доллар ютқазиб турсангиз ҳам, йилига 5.4 млрд доллар “бурнингиз тагидан оқиб кетаяпти”.

Муҳтарам ўқувчи, шундан 170-200 доллари ҳар йили шахсан сизники бўлиши мумкин эди! Оилангизда 5 киши бўлса, ҳар йили газ экспортининг ўзидан 1000 доллар Хитойга товон пули тўлаб юрибсиз! Мана қолоқликнинг нархи!

Мен Каримовни ёмон кўрсам ҳам айнан шу нархда сотишга имзо қўйганига кўп айблай олмайман. Шунчаки биз заифмиз, нарх талашиш учун козирларимиз, рақобатбардошлигимиз, потенциалимиз, таъсир кучимиз… етарли эмас!

Биз мустақилмиз, ўзимизга бекмиз, хеч қайси давлатга бож-товон-контрибуция тўламаяпмиз, бла-бла-бла… деймиз.

Йўқ! Биз “ўртача” ҳам мустақил эмасмиз!! Биз кучли бўлиб олган давлатларга йилига млрдлаб доллар яширин товон пуллари тўлаб ётибмиз!!! Чунки миллат бўлиб, яхлит куч бўлиб харакат қилишга эринчоқмиз, лоқайдмиз, иродасизмиз, хафсаламиз йўқ. Бизга шу ҳаётам “бўловради”.

“Йилига 1000 доллар” кимгадир асабийлашишга арзимайдиган нарса бўлиб кўриниши мумкин. Лекин иқтисодчилар билади, пул мультипликатори деган нарса бор. Ҳар бир оилага ҳозир 1000 доллардан тарқатиб кўринг, нима бўларкин! Бозорлар, дўконлар, салонлар, фирмалар савдодан тутаб кетади! Завод-фабрика-цехлар буюртмаларга улгурмай қолади! Ишчи қидириб тополмай қоласиз корхонангизга! Контейнер урадиганлар томи кетиб қолади 1-2 ойга! Ички талаб портлаб кетади! Иқтисодиётда қон айланади! 1000 бўлиб кўринган нарса 3000-4000 бўлиб, чўнтакка барака киради! Бу фақат газ экспорти мисолида холос!

Агар халқ бўлиб бирлаша олсак, бир биримизнинг муаммоимизга лоқайд бўлишдан қутула олсак, бир биримизни “поддержка” қиладиган халқ бўлсак … қанчалик моддий имкониятлар кутиб турганини сал бўлсаям ҳис қилаяпсизми? Пулнинг ҳидини, аниқроғи, барака ҳидини сезаяпсизми?

Азамат Андреев

facebook.com