Хитой подшо ҳикояти

Хитой подшо ҳикояти
26 views
10 December 2018 - 12:00

Ассалому алайкум азиз ўзбекларим, ватандошларим…

Бугунги кунда касал бўлиш ва даво топишдан мушкулроқ иш йўқ. Зеро дориларни нарҳи осмону таъсири самарали эмас, духтурларни хизмати ҳам ҳаминқадар. Шундай шароитда сизларга маслаҳатим: руҳий муолажаларга кўпроқ таянинглар, энг кучли ва қимматли дори-дармон ва духтурлар сизлар учун ички кучларингиз, ирода ва ҳафсалангиз эканини унутманглар. Қўйидаги ҳикоят шу хақда.

Анвармирзо Ҳусаинов

* * *

Жамол Камол,
Ўзбекистон халқ шоири

Хитой подшо ҳикояти
(“Анвармирзо ҳикоятлари” китобидан)

Бир замонлар шу дунёда
хитой подшо яшарди,
Ширин ухлаб, қорни очса,
ширин луқма ошарди.

Турмуш унга таом эди,
ором эди, фароғат,
Пар тўшакда хуррак отиб,
ухламоқлик саодат…

Ётавериб, оёқ-қўли
ўхшаб қолди латтага,
Қорни эса монанд эди
шалвираган халтага.

Томирида қони совиб,
сафро билан топишди,
Ожиз тани аъзосига
хасталиклар ёпишди.

Гоҳо боши сирқирарди,
санчар эди юраги,
Гоҳо бели оғриб қолар,
ухлатмасди кураги…

Не табиблар қарашмади,
не ҳозиқлар ҳам дағи,
Наф этмади дори-дармон,
эзиб ичди, тутатқи.

Кун ўтаркан, чўкаверди,
оғирлашиб аҳволи,
Ва охири сўз айтишга
етишмади мажоли.

Шунда сарой эшигидан
кириб келди бир дарвеш,
Мен биламан, деди, бунинг
табобати не эмиш.

Бир чақирим нари кетинг,
қолманг пана-тешикда,
Бир от билан бир халта пул
шайлаб қўйинг эшикда…

Сўнг киришди даволашга,
дуо ўқиб, суфлади,
Ва подшони сўкди боплаб,
ҳам юзига туфлади.

“Ётаверма белангидай,
қани, аблаҳ, тур ҳамон!”
Дея сўнгра хивич билан
савалади беомон.

Подшо аранг кўз очдию
бир нималар сўйлади,
Дарвеш уни ҳақоратга
яна дучор айлади.

Сўнгра эса дабдурустдан
сийди унинг устига,
Подшо шунда фарёд чекди,
қони урди юзига.

Юрагини ёқди алам
аламидан тўлғонди,
Ҳамияти озор чекди,
орияти уйғонди.

Ғазаб ичра қўзғолди у,
тутди қилич сопини,
Жон ҳовучлаб қочди дарвеш,
қамчилади отини.

Подшо қилич ўқталганча
келар эди изма-из,
Мана, охир қувиб етди,
бўлди улар юзма-юз.

Шунда дарвеш бедовидан
ўзни ерга ташлади,
Ўлим олди бир кулай деб
яйраб кула бошлади.

“Тур ўрнингдан, – деди подшо, –
ўлдиришмас ниятим,
Хизматинг-чун бермоқчиман
сенга ярим давлатим!..”

7.02.2016
Дўрмон

facebook.com