Нега афсонавий Тож Маҳал нураб бормоқда?

Нега афсонавий Тож Маҳал нураб бормоқда?
97 views
10 December 2018 - 13:04

Шамсуддин Хон 30 йилдан кўпроқ вақтдан бери сайёҳларни муҳташам Тож Маҳал билан таништириб келади. Меҳнат фаолияти давомида у 50 дан ортиқ давлат раҳбарларига йўлбошловчилик қилган.

Шу ўтган ўттиз йил ичида, ўзининг таъбири билан айтганда, сочига оқ тушган, аммо Тож Маҳалнинг ранги фақат қорайган. Бинога яқинлаша туриб, Хон нураб бораётган мармарлар ва улардаги ёриқларга ишора қилади.

Шамсуддин Хон
Шамсуддин Хон

«Хорижлик меҳмонлар нега шундай гўзал бинони таъмирлашга эътибор бермайсизлар, деб сўраганда уялиб кетасан. Улар нега Тож Маҳалдан ранг ва ёрқинлик кетаётганига ҳайрон қолади. Биз, йўлбошловчиларда бундай саволларга жавоб йўқ.»

Малика Диана Тож Маҳалнинг 1992 йилда ҳурматли меҳмони бўлган
Малика Диана Тож Маҳалнинг 1992 йилда ҳурматли меҳмони бўлган

Тож Маҳал 17 асрда Ҳиндистоннинг Агра шаҳрида бобурий ҳукмдор Шоҳ Жаҳон томонидан бунёд эттирилган. Унинг суюкли рафиқаси Мумтоз Маҳалга аталмиш ушбу мақбара учун ўзига хос мармар Рожастондан келтирилган. Айтишларича, мармар тонгда пушти, тушда оқ, кечки пайт эса қаймоқ тусда товланади. Бироқ бугунги кунга келиб, бундай гўзал манзарадан баҳра олиш деярли ҳеч кимга насиб этмай қолган.

Ёриқлар

ёриқлар

Ўз вақтидаги буюк ҳинд адиби Рабиндранат Тагор Тож Маҳални «вақт ёноғидаги… мармар кўз ёши» дея тасвирлаган эди.

Ҳиндистон Туризм ва маданият вазирлигига кўра, 2015 йилгача ўтган беш йил ичида Тож Маҳални тўрт миллиондан олти миллионга қадар сайёҳ, келиб кўрган. Сайёҳлар оқими октябр ва март ойлари ўртасида ниҳоятда авжига чиқади.

Аммо Тож Маҳал ҳақиқатан ўз ёрқинлигини йўқотиб, нураб бормоқда. Унинг пойдеворлари чўкиб, пайдо бўлган ёриқлар янада кенгая бошлаган. Мармар гумбаз сатҳида ҳам айни аянчли ҳолатни кўриш мумкин.

Фаоллар минораларнинг устки қисми қулайдиган аҳволга келиб қолганидан хавотир билдирмоқда. Шу йили бино ташқарисидаги икки устун кучли шамол оқибатида вайрон бўлган эди.

кучли шамол оқибатида қулаган устун
Кучли шамол оқибатида қулаган устун

Июль ойида таниқли атроф-муҳитни муҳофаза қилиш фаоли ва ҳуқуқшунос Маҳеш Чандра Меҳта Тож Маҳални асраб қолиш ишларини янгитдан бошлашни сўраб, Ҳиндистон Олий судига петиция киритган эди.

Ҳакамлар талабномани қабул қилиб, бинони сақлашга масъул барча томонлар – штат ва федерал ҳукуматлар ҳамда Ҳиндистон Археология Тадқиқот марказидан бу борада изоҳ олишга кўрсатма берган.

«Тож Маҳал муҳофаза қилиниши зарур. Бироқ расмий масъулларнинг бундай бепарволиги давом этаверса, у ҳолда бино ёпиб қўйилиши лозим. Агар сақлаб қолиш ишлари кўзда тутилгандек амалга оширилмаса, унда ҳукумат бинони бузиб ташласин,» таъкидланади суд хулосасида.

Тож Маҳални бузиб ташлаш ғоясини жуда кам одам қўллаб қувватласада, аксарият Олий суд ҳукмидаги ушбу таъкидни тарихий обида келажагига чиндан рахна солиши мумкин бўлган ишора сифатида кўради.

Бу жаноб Меҳта томонидан киритилган биринчи арзнома эмас. Асл касби ҳуқуқшунос бўлган жаноб Меҳта 1980 йиллар ўртасидан буён ҳинд ҳукуматини обидани асраб авайлашга ундаб келади.

Ифлосланиш

Ҳозирда ҳавонинг ифлосланиши Тож Маҳал жойлашган ҳудудда ҳақиқий долзарб муаммога айланган.

ифлосланиш

Олимлар Агра ҳавосининг булғаниши 1970 йиллар охиридаёқ бошланганини айтадилар.

Ифлос ҳаво нафақат инсонлар саломатлиги, балки Тож Маҳал юзасида ҳам ўзининг қора аксини кўрсатиб улгурган.

Атмосферага кўтарилган заҳарли газлар кислотали ёмғир кўринишида ёғаверганидан, бир вақтлар олмосдек товланиб турган бинонинг ранги униқиб, сарғайиб кетган ва бу жараён тўхтамай, давом этмоқда.

1984 йилда жаноб Меҳта Тож Маҳалнинг ранги ўчишига маҳаллий кимё фабрикалари ва нефтни қайта ишлаш заводлари айбдор эканини таъкидлаб, Олий судга шикоят қилади.

Орадан тўққиз йил ўтиб, Олий суд унинг иддаоларини тасдиқлайди ва ҳудуддаги ҳаво ифлосланишини камайтиришни кўзда тутувчи қатор тартибларни жорий этади.

Суд ифлосланишга энг кўп ҳисса қўшаётган, айниқса, Тож Маҳалга жуда яқин жойлашган саноат тармоқларини ёпишга кўрсатма беради.

Тож Маҳал атрофидаги компанияларга энергия манбайи сифатида фақат табиий газдан фойдаланиш буюрилади. Ҳудудда кўмирдан фойдаланиш қатъиян тақиқланади.

Шунингдек, шаҳарда дизель ёнилғисида юрувчи автомобиллар ва саноат машиналарига тақиқ қўйилади, барча кўнчилик заводлари олдириб ташланади. Соҳилида Тож Маҳал жойлашган Ямуна дарёсида қорамол чўмилтириш ва кийим-кечак ювиш ноқонуний, дея эълон қилинади.

1998 йилда Олий суд оғир саноат корхоналарини обидадан маълум узоқликда сақлашни кўзда тутувчи махсус ҳудудни жорий қилади. Бугунги кунда Тож Трапезия Ҳудуди (TTZ) 10,400 квадрат километрдан кўпроқ майдонни қамраб олган.

Жаноб Меҳта шунча чора-тадбирлар ишлаб чиқилганига қарамай, расмийларнинг уларга амал қилмаслиги туфайли аҳвол янада баттарлашиб бормоқда, дейди.

Тақиқ остида бўлган дизелда юрувчи машиналарнинг Аграда саноғи йўқ. Ҳаттоки, маҳаллий саноатчилар ўрнатилган тартибларга қарши бош кўтариб, шиори «Тожни олиб ташланг, саноатни сақлаб қолинг» бўлган ташкилот ҳам тузганлар.

Маҳаллий завод-фабрикалардан чиққан тутун, чанг-тўзон ва заҳарли чиқиндилар Ямуна дарёсига тушишда давом этиб, ифлосланиш ўта хавотирли даража томон шиддат билан юқориламоқда.

Маҳаллий аҳоли жиноят сифатида малакаланишига парво қилмай, чорваси ва кирларини дарёга бемалол олиб тушади.

Шундоқ бўйида Тож Маҳал қад ростлаган Ямуна дунёдаги энг юқори даражада ифлосланган сув ҳавзаларидан бири ҳисобланади.

«Пойтахт Деҳлидан Аграга қадар чўзилган дарё бўйидаги саноат корхоналари кимёвий чиқиндиларни тўғри сувга оқизиб юборади,» дейди маҳаллий атроф-муҳитни ҳимоя қилиш фаоли Бриж Хонделвал.

Фаол Агра шаҳридаги оқова сув тармоқларининг ҳеч қандай тозалов тизимларисиз тўғридан-тўғри дарёга улаб қўйилганидан хавотир билдиради.

Бунчалик даражада ифлосланган сувда балиқларнинг деярли ҳеч бир тури жон сақлай олмайди. Оқибатда уларнинг асосий емиши бўлмиш пашша, чивин ва бошқа ҳашаротларнинг кўпайиши учун қулай шароит юзага келади. Тож Маҳал ҳудуди бўйлаб ғужғон ўйнаётган ҳашаротларнинг ахлати ҳам ёдгорлик рангининг янада бўғилишига сабаб бўлмоқда.

Сув тақчиллиги

Бундан ташқари ортиб бораётган сув тақчиллиги ва сувнинг сифати Тож Маҳал учун яна бир йирик муаммога айланган.

Иншоотнинг пойдевори 180 та қудуқ ва ёғоч асослардан иборат ҳамда уларнинг қуриб қолмаслиги учун йил бўйи сув талаб этилади.

Тарихчи, профессор Рамнатнинг сўзлашича, бобурий шоҳлар бунёд эттирган аксарият бинолар боғларнинг марказида қад ростлаган. Бироқ Тож Маҳалда бундай одатийлик кўзга ташланмайди – у дарё бўйида жойлашган.

сув

Профессор Рамнат мақбара учун бекорга дарё ёнидан жой танланмаган, дейди. Агар бинонинг ёғоч асосли пойдеворига доимий сув таъминлаб турилмаса, у ҳолда тўсинлар қуриб, синиб кетади ва чирий бошлайди.

Тож Маҳал қурилган даврда асосий савдо йўли дарё бўйлаб ўтар эди. Лекин аҳоли сони ошиб, саноат ривожланган сари Ямуна суви камайиб бораверди.

Замонамизга келиб, Ямунанинг суви тасаввур қилиб бўлмас даражада камайиб кетди.

Тож Маҳални сақлаб қолиш учун Ямунага қуйилувчи ирмоқларни қайта тиклаш лозим, дейди эколог-фаол Хонделвал.

«Биргина гумбазнинг оғирлиги 12,500 тоннани ташкил қилади. Энди бутун иншоотнинг умумий вазнини тасаввур қилаверинг. Бундай оғир бинонинг пойдевори доимо бус-бутун сақланиши лозим,» тушунтиради у.

Суви қуриган дарё тубидан кучли шамол эсган кунлари қум заррачалари ҳам осмонга кўтарилади. Сўнгги йилларда Тож Маҳал жойлашган ҳудудда қум бўронлари одатий ҳолга айланиб қолган. Иқлим ўзгаришининг аянчли асорати бўлмиш бу табиий офат Тож Маҳалнинг рангини янада униқтирмоқда.

Тож Ганж ва поччикорлар

Сандип Арора ёдгорлик атрофидаги мавзеда жойлашган меҳмонхонага эгалик қилади.

У Тож Ганж номли ушбу мавзенинг ярим харобага айланган уйлари ва биноларига ишора қилади.

«Бу мавзе ҳам Тож Маҳалнинг тарихий ажралмас қисми. У мақбара билан бир вақтда пайдо бўлган. Мавзе аҳли асрлардан бери шу ерда яшайди. Улар ёдгорликни бунёд этиш ишларида тер тўкканларнинг авлодлари. Аммо биз бундай тарихийлик эвазига нима олмоқдамиз? Бепарволик, совуққонлик, лоқайдлик,» ёзғиради у.

тож

Тож Ганж Тож Маҳал қурилишида меҳнат қилган усталар, ишчилар, ҳунармандларнинг маҳалласи – қурувчилар мавзеси бўлган.

Бугун бу ерда беш мингга яқин одам истиқомат қилади. Уларнинг аксарияти “поччикорлар” – Тож Маҳални қурган усталарнинг авлодлари. Поччикорлар асрлардан бери анъанавий ҳунармандчилик билан шуғулланиб келади.

Мавзе кўчалари Тож Маҳалнинг кичик мармар нусхалари билан савдо қилувчи дўконларга тўла.

Маҳаллий йўлбошловчи Шамсуддин бу мармар эсдаликлар «аждодларининг анъаналари асосида яшаётган ҳунармандлар томонидан ясалгани»ни айтади.

Тож ганжликлар сайёҳларга мўлжалланган ҳунармандчилик ва савдодан кўп пул топа олмайди.

“Агар омадимиз келиб, сайёҳлар Тож Маҳал нусхасини сотиб олишга қарор қилса, бир неча юз рупий [100 рупий – тахминан, $1.40] ишлаб олишимиз мумкин. Шу тарзда турмуш кечирамиз,” дейди дўкондорлардан бири Башир Аҳмад.

Йўлбошловчи Шамсуддин Хон поччикорлар асраб келаётган бебаҳо мерос – аждодлар билими бунчалик арзон баҳоланмаслиги керак, деган фикрда.

“Улар Тож Маҳални қурган усталар авлодлари. Тож Маҳални ким сақлаб қолиши мумкин? Фақат махсус билимга эга ҳунарманд-усталар. Бундай устачилик поччикорларнинг қонида бор. Бироқ ҳукумат уларнинг санъатини асраб қолиш ёки уни бошқа одамларга ўргатиш йўлида ҳеч нарса қилмаяпти.”

Ҳиндистон Туризм ва маданият вазирлиги қошидаги Археология Тадқиқот маркази собиқ расмийси жаноб Дикшит эса ҳукумат поччикорларнинг узоқ вақтдан буён Тож Маҳални асраб-авайлашга катта ҳисса қўшганини эътироф этади, дея иддао қилади.

Ҳиндистон Олий суди тож ганжликларни – мавзе билан биргаликда – «жонли мерос» деб эълон қилган. Айнан ушбу қарор кўплаб мавзе одамларининг бошқа жойларга кўчиб кетишига сабабчи бўлган.

“Мавзе аҳлининг харобага айланган деворлар ва томларни қайта таъмирлашга ҳаққи йўқ. Ҳатто, ўз деворимизга битта мих қоқиш учун ҳам маҳаллий ҳокимликдан рухсатнома ёки ҳеч қандай эътироз йўқлиги тўғрисида сертификат олишимиз шарт. Биз шаҳардаги катта меҳмонхоналар бемалол ишлатиб ётган бир вақтда дизель генераторларидан фойдалана олмаймиз,” шикоят қилади жаноб Арора.

Жаноб Арора меҳмонхонасидаги ҳожатхоналардан бири таъмирга муҳтож бўлиб қолганда, рухсат олиш учун ҳукумат расмийларига олти марта хат жўнатганини айтади.

У, шунингдек, мавзе одамларига нисбатан тежамкор бўлган дизель ёнилғисида юрувчи машиналардан фойдаланиш ҳам тақиқлангани, лекин маҳаллий амалдорлар ва уларнинг қариндошлари Тож Маҳалнинг олдигача шундай машиналарда бемалол боришини маълум қилади.

Келажаги номаълум афсона

Тож Ганж мавзеси аҳлининг бундай шикоятларидан Тож Маҳални қандай сақлаб қолиш борасида бирор якдил келишув йўқлигини англаш мумкин.

Олий суд нафақат Ҳиндистон, балки бутун дунёнинг мазкур мафтункор меросини асраш вазифасини Агра шаҳрининг ҳудудий комиссари К Моҳан Раога ишониб топширган.

Комиссар Рао уйлар ва каналлардан Ямуна томон оқиб бораётган ахлат-чиқиндилар миқдорини назорат қилиш ишлари аллақачон бошланганини маълум қилади.

“Штат маъмурияти томонидан чиқиндиларни назорат қилиш бўйича бир қанча қўмиталар тузилди. Оқава сувларни қайта ишлаш ускунлаари ўрнатилди,” таъкидлайди у.

Аммо Хонделвал каби фаоллар бу ишлар нураб бораётган Тож Маҳални сақлаб қолиш учун умуман етарли эмас, дея даъво қилади.

Хонделвал ва Меҳта мақбара деворларига ўрнашиб қолган чанг ва ҳашаротлар ахлатини тозалаш учун махсус пастанинг қўлланилишига ҳам норозилик билдирмоқда.

Уларнинг айтишича, мазкур паста мармар юзасини дағаллаштиради ва, оқибатда, охирги йиллар тез-тез кузатилаётган қум бўронлари олиб келган зарралар деворларга чуқурроқ ўрнашиб, бинога янада жиддий зарар етказа бошлайди.

Олдингидек чарақлаб турган Тож Маҳални ҳаётга қайтариш учун жаноб Меҳта, Хондевал ва тож ганжликлар Бобурийлар ҳамда инглизлар ҳукмронлиги даврида бинони асраш ишлари қандай олиб борилганига эътибор қаратиш лозим, деб таъкидлайди.

Бу ишлар Ямуна сувининг тўла ва тоза оқишини таъминлаш ҳамда поччикорларга бинони асраш ишларида тўла иштирок этишига имкон беришдан иборат.

Лекин бир неча ўн йиллик курашдан хулоса чиқарган жаноб Меҳта ушбу ишларнинг бирортаси амалга ошмаслигига кўпроқ ишона бошлаганини маълум қилади.

«Олий суд кўрсатмаларидан сўнг жуда кўп ташкилот ва агентликлар Тож Маҳални қандай сақлаб қолиш мумкинлиги устида бош қотира бошлади. Улар вақти-вақти билан ўз хулоса ва таклифларини судга тақдим қилиб бордилар. Олий суд эса буйруқ кетидан буйруқ чиқариб, чарчамади.»

«Минг афсуслар бўлсинки, ҳукумат бу масалага жиддий қарамаяпти. Мен энди қариб қолдим, аммо курашни тўхтатиш ниятида эмасман.»

Манба: Би-Би-Си Ўзбек