“Тошкент-сити”га инвестиция киритган SLP компаниялар қандай пайдо бўлди?

“Тошкент-сити”га инвестиция киритган SLP компаниялар қандай пайдо бўлди?
18 views
10 December 2018 - 15:54

Ўтган ҳафта Qalampir.uz нашрига гапирган Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев “Тошкент-сити”га “номи чиқмаган” инвесторлар пул киритаётганини тан олган.

Ҳоким буни инвесторларнинг мамлакатга оқиб келмаётгани билан изоҳлаган.

“Қурилишини қилса вақтида, одамларни иш билан таъминласа, уни суриштириб нима қиламан ким, қаерда… Ҳеч исми бўлмасин, лекин иш қилсин”, – деб айтган Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

Tashkent Cityга сармоя киритган инвесторлардан бири Эдинбургдаги Corso Solutions SLP ширкати.

У ўтган йили тузилган.

Шотландияда чиқадиган The Herald газетаси ўтказган текширувга кўра, ширкат ҳанузгача эгаси кимлигини очиқламаган.

The Herald “Британия ширкатлари” сифатида Ўзбекистонга кираётган инвесторларни “оффшордаги шубҳали тузилмалар” деб атаган.

Шотланд компаниялари россияликлар томонидан Европада амалга оширилган пул ювиш схемаларида ҳам иштирок этган бўлиши мумкин.

Би-би-си Рус Хизмати Шотландия қандай қилиб «шубҳали» мижозларни аввалига жалб қилиб, сўнг уларни қўрқитганлигини ўрганган.

Бундан атиги беш йил аввал Белиз ёки Панама каби кичик давлатларнинг офшор бўйича мавжуд юрисдикцияси пул ювувчилар учун кенг имкониятлар яратиб бериши билан молиявий жиноятчиликка қарши курашувчи органларнинг бошоғриғи бўлиб келган бўлса, кейинроқ Буюк Британия каби ривожланган давлатлар ҳам йирик пул ювиш можароларига аралашиб қолди. Бу ерда гап, аниқроғи, Шотланд Масъулияти Чекланган Ҳамкорлиги (SLP ёки Scottish Limited Partnership – шотланд қонунчилигига асосан очилган ҳамкорлик компанияларининг умумий номи) ҳақида кетмоқда.

Оммавий ахборот воситалари 2016 йилда SLP’ларнинг Украинада қурол сотиб олиш, 2017 йилда руслар ва озарбайжонлар томонидан пул маблағларини олиб чиқиш, 2018 йилда эса Болтиқ ва Скандинав банкларидаги эҳтимолий пул ювиш схемаларига аралашгани ҳақида ёзган.

Икки ҳафта муқаддам яна бир халқаро жанжал кўтарилди: Даниядаги Danske Bank’нинг собиқ ходими Говард Уилкинсон Европарламентдаги оммавий тингловда сўзга чиқиб, SLP’ларни қаттиқ танқидга тутди.

Айнан жаноб Уилкинсон Danske Bank’да амалга оширилгани тахмин этилаётган пул ювиш амалиёти ҳақида илк бор очиқ гапирган шахс бўлди.

У SLP’ларни узоқ йиллар давомида ғайриқонуний молиявий схемаларда иштирок этиб келишда айблаб, бундай компанияларга нисбатан чора кўрмасликни Британия учун иснод, деб атади.

Натижада SLP яна жаҳон матбуотининг биринчи саҳифаларида пайдо бўлди.

SLP’га нисбатан қаратилган танқидларга Hermitage Capital фонди раҳбари Уилям Браудер ҳам қўшилди. Айнан жаноб Браудернинг баёнотларига асосан Эстония ва Дания прокуратуралари Danske Bank’даги эҳтимолий пул ювиш амалиётлари бўйича иш очган.

«Пул ювиш учун бундай ишда иштирок этишни истовчи банклар, компанияни регистрация қиладиган ва бу иш билан шуғулланишни хоҳлайдиган агентликлар, бир неча мамлакатдаги регуляторлар керак бўлади ва, энг муҳими, бундай схемаларда вазифаси айнан пул ювиш бўлган компаниялар асосий роль ўйнайди. Буюк Британия – шундай компанияларни очиш учун халқаро марказ,» маълум қилган эди жаноб Браудер август ойида.

Жиноятчиликка қарши курашиш бўйича британ миллий Агентлиги Danske Bank атрофида тобора кучайиб бораётган можарога британ компанияларининг алоқадорлигини ўрганмоқда.

Суст кетаётган кураш

Буюк Британия регистрация палатасининг маълумотларига кўра, 2011 йил мартидан то 2016 йилга қадар ўтган беш йил ичида SLP кўринишидаги компаниялар сони 236 фоизга кўпайган. Айни вақтда эса шу ўтган муддат давомида одатий масъулияти чекланган ҳамкорлик шаклидаги компаниялар сони атиги 26 фоизга ортган, холос.

2018 йил март ойидаги маълумотларда 48 мингдан зиёд ҳамкорлик компаниялари рўйхатга олингани айтилади. Уларнинг учдан икки қисмини SLP компаниялар ташкил қилади.

///Британия келаси йил SLP ларга қарши курашни кучайтирмоқчи

Россия ва Украина консалтинг фирмалари ўз мижозларига SLP’ни “европача офшор” сифатида кўз-кўз қилган. Молиявий фаолиятни SLP кўринишида олиб бориш солиқдан деярли буткул қочиш учун имкон яратади.

Москвада жойлашган Paragon Advice Group фирмасидан Александр Захаровнинг сўзлашича, SLP таъминлайдиган анонимлик россиялик мижозларни ўзига жалб қилади.

“Бенефициарлар махфийлиги сақланишини таъминлаши сабабли Россиядаги консалтинг фирмалар ўз мижозларига бизнесни SLP кўринишида юритишни тавсия қиладилар. Янги очилган SLP Панама, Белиз ёки Сейшел оролларида рўйхатдан ўтган офшор компаниялар номида бўлади. Шунинг учун ҳам SLP’нинг асл эгаси кимлигини мижозга хизмат кўрсатаётган Россиядаги агентликлардан бошқа ҳеч ким билмайди,” тушунтиради у.

Аммо – кўп сонли жанжаллар фонида – 2017 йили Британия ҳукумати SLP’ларга ўз эгалари номини очиқлаш ва йиллик ҳисоботлар топшириш мажбуриятини юклади. Оқибатда янги SLP’ларни рўйхатдан ўтказиш суръати беш баробарга камайиб кетди.

Шундан сўнг рус ва украин консалтинг фирмалари ўз мижозларини ўрнатилган янги тартиблардан огоҳлантира бошлаган.

Бироқ, жаноб Захаровнинг маълум қилишича, ҳатто янги қонунлардан кейин ҳам SLP’лар фаолиятидаги шаффофлик таъминланмаган.

“Бугунги кунда Буюк Британиянинг энг катта муаммоси шундаки, Англия ва Шотландиядаги бенефициар эгалар реестрида келтирилган маълумотларнинг 80 фоиздан кўпроғи ҳақиқатга мутлақо тўғри келмайди,” тахмин қилади у.

2018 йил баҳорида шотланд фирмаларидан россияликлар пулларини ювишда фойдаланилгани тўғрисида янги маълумотлар ошкор бўлиши ортидан Британия ҳукумати SLP кўринишидаги молиявий фаолиятга нисбатан қонунларни янада қаттиқлаштиришни таклиф қилиб чиқди.

Биринчидан, SLP’ларни рўйхатдан ўтказаётган барча агентларнинг пул ювишнинг олдини олиш бўйича назоратдан ўтказилиши масаласи кўтарилди. Иккинчидан, SLP’лар бош офисини Буюк Британияда очиш ёки у ердаги бирор манзилда рўйхатдан ўтказиш мажбуриятини жорий қилиш режаланди. Учинчидан, маҳаллий регистрларга фаолияти тўхтаб қолган SLP’ларни ёпиш ваколатини бериш таклиф қилинди.

Бу таклифларнинг бари ўтган йилнинг баҳорида пайдо бўлган эди. Жаноб Уилкинсоннинг чиқишидан сўнг британ матбуоти сиёсатчиларнинг мазкур масалага келаси йил қайтишни режалаштираётгани ҳақида хабар тарқатди.

Янги мақсад – қўл қовуштириб ўтириш

Европадаги пул ювиш схемалари билан курашувчиларнинг янги нишони ҳеч қандай хўжалик фаолияти юритмайдиган шелл-компаниялар бўлиб қолмоқда.

Айниқса, бундай компанияларга қарши Болтиқ ва Скандинав банкларида фаол кураш бошланган.

2018 йил баҳорида Латвия банкларга қонунчилик даражасида шелл-компанияларга хизмат кўрсатишни тақиқлаган Европадаги илк ва ҳозирча ягона давлатга айланди.

Латвия қонунларига кўра, хўжалик фаолияти юритмайдиган, бирор реал офисга эга бўлмаган, хўжалик фаолияти тўғрисида ҳисоботлар тақдим қилиш мажбурияти йўқ жойларда рўйхатдан ўтган компанияларга мамлакат банклари хизмат кўрсатмайди.

Мазкур қонун кучга киргунга қадар Латвиядаги бундай компаниялар сони 26 мингдан зиёдни ташкил қилар ва уларнинг учдан бир қисми Буюк Британияда рўйхатдан ўтган эди.

Европарламентнинг сўнгги текшируви натижаларидан аён бўлишича, шелл-компанияларнинг асосий қисми Буюк Британия, Нидерландия ва Люксембургда тўпланган.

Нидерландия ва Люксембургнинг юрисдикцияси тез-тез офшорларнинг халқаро рўйхатида пайдо бўлиб туради.

Аммо офшорлар юрисдикциясининг аниқ таърифи мавжуд эмас. Офшорлар ҳисобини бир вақтнинг ўзида бир неча халқаро ташкилот юритади ва уларнинг таъриф бериш услубияти турлича.

Шотландия больше известна природой, чем SLP
Шотландия кўпроқ табиати билбан машҳур

Европарламент офшорларга нисбатан «солиқ жаннати» атамасини қўллайди ва уларнинг уч хусусиятини ажратиб кўрсатади: паст солиқлар (бу ерда гап даромаддан олинадиган солиқнинг пастлиги ҳақида кетади), фиктив резидентлик (бу ҳолатда офис бўлмайди) ва махфийлик (эгаларнинг шахси махфий бўлади).

Тартибларга кўра, офшорларнинг Европа Иттифоқида бўлишига йўл қўйилмайди. Пул маблағларини ювишнинг олдини олиш директиваси эса банкларга бенефициарларининг шахси номаълум компаниялар билан ишлашни тақиқлайди. Айни шу директивага мувофиқ бенефициарлар рўйхати оммага очиқ бўлиши зарур.

Европа Иттифоқи 92 давлатни мониторинг қилади ва у томонидан ишлаб чиқилган рўйхатда иттифоққа аъзо бирор давлатнинг номи келтирилмаган.

Бундай ҳолатга Oxfam (қашшоқликка қарши кураш бўйича халқаро ташкилот) каби нодавлат ташкилотлар жиддий норозилик билдиради. Бундан бир йилча олдин халқаро нодавлат ташкилотлар томонидан Европа Иттифоқи давлатлари фойдаланадиган «солиқ жаннатлари»нинг муқобил рўйхати тузиб чиқилган эди.

Муқобил рўйхатда 35 давлат номи келтирилган бўлиб, улар орасида Ирландия, Малта, Люксембург ва Голландия каби Европа мамлакатларини ҳам кўриш мумкин. Бу давлатлар юрисдикцияси ўзининг солиқлар ставкаси пастлиги билан ажралиб туради ва уларда рўйхатга олинган компаниялар трансмиллий корпорациялар (масалан, Apple, Starbucks, Amazon)нинг солиқ схемаларида бир неча бор иштирок этгани яхши маълум.

Манба: bbc.com