Би-би-си Ўзбекистонда илк бор тақдирланди

Би-би-си Ўзбекистонда илк бор тақдирланди
75 views
11 December 2018 - 9:38

Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, Тошкентда ўтган Ижтимоий медиа маҳсулотлар X миллий фестивалида Би-би-си Ўзбек хизмати “Ўзбекистон дўстлари” дипломи ва эсдалик белгиси билан тақдирланган.

Маросимдан сўнг журналистларга гапирган Би-би-си Ўзбек хизмати бош муҳаррири Хайрулло Файз BBC O’zbek ҳозирга қадар кўплаб халқаро мукофотларни олгани, “Ўзбекистон дўстлари” дипломи Би-би-си журналистлари фаолияти Ўзбекистонда ҳам эътироф этилаётганининг белгиси эканини айтган.

“Тўғриси кутмагандим. Бибиси ўзбек хизмати бир неча халқаро мукофотларни олган. Аммо Ўзбекистонда ҳеч қачон бу тарзда тақдирланмаган. Бибиси биринчи марта Ўзбекистонда дўст сифатида тақдирланди. Умид қиламанки, бу тақдирлов ўзбек ҳукуматининг Бибисига нисбатан муносабати илиқлашгани, қандайдир ижобий ўзгаришлар бўлаётгани нишонасидир. Бибиси дунёни Ўзбекистонга, Ўзбекистонни дунёга танитишда давом этади”,- дея Хайрулло Файздан иқтибос келтирган Turon24 агентлиги.

Би-би-си ўтган ойларда Ўзбекистоннинг тарихий, маданий, диний ва илмий меросига бағишланган туркум лавҳаларни тайёрлаб, эфирга узатган.

Ижтимоий медиа маҳсулотлар X миллий фестивали “Ўзбекистоннинг маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳаси доирасида ўтказилган.

BBC

Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси халқаро ташкилотлар билан биргаликда йўлга қўйган лойиҳанинг мақсади Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва тарғиб қилиш экани айтилади.

Тадбирда қатнашган америкалик олим Фредерик Старрга кўра, дунёнинг барча қитъаларига сочилиб кетган ўзбек маданий мероси музқояга ўхшайди, ҳали топилмаган ва ўрганилмаган намуналар жуда кўп.

ЎХҲ ахборот бўлими