Хазинамизни ҳибсда сақлаяпмизми?…

Хазинамизни ҳибсда сақлаяпмизми?…
25 views
12 December 2018 - 9:52

ХАЗИНАМИЗНИ ҲИБСДА САҚЛАЯПМИЗМИ?…

Айтишларича, ҳаддан ортиқ қувонч юракни қоқ ёрса, қайғу кўксингизни кемириб еркан…

Ҳар иккисини ҳам кўтаришга киши кўкси ожизлик қиларкан.

Шу боис ҳам инсон боласи қувончига ҳам, ғамига ҳам ўзгаларни шерик қиларкан!

Қувончдан кўкси қоқ ёрилиб кетмаслиги учун!

Қайғу кўксини кемириб емаслиги учун!…

… Менинг 30 йиллик армонларим ариди! Ниҳоят Тошкентга доимий рўйхатдан ўтдим!

Қизимнинг ҳам муаммоси ижобий ечим топди.

Бунингдек қувончимни Акром Малик билан бўлишгим келганди…

Шу сабаб ҳам мен Акром Маликни кўргани бордим…

Очиғи, Акромни шодлигимга шунчаки шерик қилиш учун боргандим десам, сизга ёлғон айтган бўламан!

Мен ўғлим қатори бу болага УМИД бергани бордим, аслида!

УМИД!

Менинг тушунишимча, бу оламда одамзодни биргина нарса – УМИД ушлаб туради, адашмасам.

Мен ўша нарсани Акромга инъом этгани боргандим – УМИДни.

“Акром, ишон, ҳақиқатданам ҳақиқий ўзгаришлар эпкини бошланган кўринади! 19 йиллик сиёсий маҳкум Мамадали Маҳмудов, Гулчеҳра Нуриллаевадек афсонавий аёл – бар қатор устозлар ёзувчилар уюшмаси сафига қайтди. “Ҳукумат эътиборини биргина зиёли қатлам вакилларигагина қаратаяпти чоғи” деган ўйда иккиланиб турган бир пайтимда куни кеча Навоийнинг Учқудуғидан ноҳақ қамалиб кеган бир йигит келиб реаблитация бўлганини, суд ҳукми билан тамомила оқланганини айтдиб, ҳайратимга ҳайрат қўшди!

Менингдек муроса нима билмайдиган журналистнинг ҳам 3 дақиқада мушкулини осон қилишди!

Ўзгаришлар сабоси, албатта, сенинг ҳам бошингни силаб ўтади! Бунга шубҳа йўқ!

Ўша кунлар яқин, мана, мени айтди дейсан!!!!

Тез кунларда тўйларингда ўзим бош бўламан, Худо ҳоҳласа! Фақат сен ишон!”

Худди мана шу сўзларни айтгани ва ёшгина йигитга умид бергани боргандим, рости!

Акром Маликов!

Мен болам қатори бу болани олдин шахсан танимаганман, очиғи.

Яқин-яқин кунларгача ҳам Ўзбекистон телеведениесининг юлдузи бўлган бу болакайга шунчаки ҳавасим келиб қўярди, холос.

Навойни ўқигани учун эмас, уққани учун!

Навоийни севгани, Навоийнинг тийран туйғуларини туйгани учун!

Ва яна кўп афсуски… Ўзбекистон телеканалларини порлатган бу юлдуз йигитнинг ортидан қачонлардир қамоқхонага йўқлаб бораман деган ўйни кўнглимнинг кўчасига ҳам келтирмагандим…

Мен аслида нима бўлган, нима қўйган, тафсилотларга берилмоқчи эмасман…

Ҳозир сизга бошқа бир ҳақиқат ҳақида ҳикоя қилмоқчиман….

Мен Акром Маликовдек ёш навоийшунос талаба йигит қамалиб қолганини эшитгач, унинг уйига – Пискент туманидаги ҳовлисига боргандим…

Акромнинг онаси шунчалар соддадил, шунчалар ҳокисор, шунчалар самимий эдики…..

Бугунги кунда бунингдек аёлларни кундуз куни чироқ ёқиб ҳам топа олмайсиз!

“Сиз ким бўласиз? Акромни қаердан танийсиз?… Дадасидан рухсат сўрамасдан сиз билан гаплашаолмайман…” деганди ўшанда она шўрлик менга….

“Хавотир олманг, мен Акром ўқийдиган жойданман, дўстиман” дейишимга, онани алдашимга тўғри келди…

Дарвоза олдида бироз коловланиб турган она, сездимки, мени ортга қайтариб юборишни ҳам мутлоқ истамасди. Ўғли, жигарбанди ҳақида мен билан гаплашгиси, дардини бўлишгиси келарди…. Ва ниҳоят, “…

Кира қолинг…” дея журъатсизгина уйга таклиф қилганди…

Ўшанда мен Акромнинг онаси билан узоқ гаплашдим.

Уй бекаси сифатида фарзандларининг куйдир-пишири, юв-тарасидан бошқа бирор бир нарсани кўрмаган ва билмаган она ниҳоятда ҳуркак эди…

“Билмадим, орзуларимиз жудаям кўп эди… катта эди… Болам болалик қилиб қўйди… Бошимизни эгиб қўйди… Ўзимиз емай, ичмай, шу болам одам бўлсин деб ўқитгандик… Қийналиб ўқитгандик… жудаям иқтидорли эди… билмасам, дўстдан бўлдими, душмандан бўлдими… Ким билади… Кўз тегдими… билмайман… бахтиниям барбод қилди…. Болам бечора қамалиб қолди….”…

Она менга жилмайиб қаради….

Бу жилмайиш ортига яшринган изтироб, кулиб боқишга уринаётган бу нигоҳлар қаъридаги мунг, азоб – ҳамма-ҳаммаси менга жуда-жуда таниш!

Шу тобда мен онага далда бергим, армонлари, аддуҳларини аритгим келарди. Жудаям!

Аммо начора!

Ўзим онадан-да абгорроқ аҳволдаман!

“Нега “Болалик қилиб қўйди… Бошимизни эгиб қўйди” деяпсиз? Нима қилиб қўйган Акром?” сўрадим ботинқирамай.

Она менга ҳуркак кўзларини қадади… бироз иккиланиб турди-да деди:

“Болалик қилиб қўйди болам, – она бошларини армон-ла чайқаркан пастки лабларини тишлади, – Болалик қилиб қўйди…… , – деди ғамга ботиб, кейин мен томон хиёл эгилиб, овозига сирли тус берган куйи “Ўзбекистонда номи таъқиқланган одамлардан бири билан гаплашиб қўйибди” деди. Аёл “таъқиқда”ги бу номни жудаям қўрқиб тилга олди. Унинг овозида ваҳима бор эди. Кейин менга умидвор термулганча сўзида давом этди: “…Нимага, нимага айнан менинг болам бунингдек бебошлик қилади… Нимага номи “таъқиқланган”лар билан тил топишади? Нимага? Дунёда одам қуриб қолганмиди?! Майли, … нимаям дейман, – онанинг боши гуноҳкорона эгилди, – … биз қишлоқдан ташқарини кўрмаган оми одамлар бўлсак… Қайдам?… Тушунолмай, билолмай қолдик ўзимиз ҳам. Ҳукумат бир нарсани билгандирки, боламизни қамаб қўйгандир… Боламиз чинданам ёмонларга қўшилган бўлса, бад ишларга қўл урган бўлса, биз бехабар қолган бўлсак… майли, нимаям дейман, жазосини олсин, таъзирини есин… Товбасига таянсин….” деди она шўрлик андуҳларга ботиб….

Хайрлашиш чоғида Акромнинг онаси , “… Боламнинг бошини боғлаб қўйувдик… Ҳатто қонуний никоҳдан ҳам ўтказишга улгургандик… Тўйни бошлаб қўйувдик… Бўлажак келин юз ўгириб кетди… Болам шўрлик бахтигаям куйиб қолди…” деди ичи тўкилиб.

“Э, бўмаганга бўлишма дейишади-ку. Бўмайдиганининг бошидан бўмагани дуруст. Шунгаям сиқиласизми, Акромнинг ҳаёти, бахти, ҳамма яхши кунлари ҳали олдинда… Сиз бунинг учун сиқилишингиз эмас, иссиғини борида қутилганингизга севинишингиз керак-ку. Бу кўргуликлар битта болали бўлгач содир бўлганида нима қилардингиз? Бундаям бир ҳикмат бор. Кўпам сиқилаверманг” дедим онани овутган бўлиб….

Бундан бир йиллар илгари худди мана шу алфозда Пискентдан кўнглим бузилиб уйга қайтгандим ўшанда….

Акром Маликов 1991 йилда туғилган!

Ҳали у бола эди!

Акромга оид “жиноят иши” қандай “тўқима бадиий асарлар” билан “семиртирилган”, бунисини билмадиму, бироқ бу йигитча 159- моддага тортадиган қандайин кечириб бўлмас хавфли жиноят қилиб қўйдийкин, дея ҳали ҳамон тушунаолмай ҳайронман…

Баъзан бу дунёи дуннинг адолатсизликларидан ёниб кетасан киши!

Йўқ, сиз менга айтинг, қишлоқдаги оддийгина хонадоннинг, ўртаҳол оиланинг олим ўғли нима гуноҳ қилиб қўйганди ўзи?

Акром билан гаплашаяпману, уни тенгқурлари билан таққослайман: мана, бизнинг бугунги болаларимиз – бири Сурхондарёда 5 яшар гўдакнинг номусига тажовуз қилади, Самарқандда Акромнинг тенгдошлари бир бечора аёлнинг бошига челак кийдириб, қочади! Маликов қатори қизлар тўдаси уят-пуятни йиғиштириб қўйиб, куппа-кундуз куни Самарқанддек катта шаҳар кўчасининг қоқ ўртасида эр талашиб бир-бирини сочини юлади, “каратэ” қилади! Яна бошқа бир тенгқури ўз опасининг уйига ўғирликка тушади! Мана буниси устозининг бошини болта билан бир уриб икки бўлак қилади…. Ҳов анави падаркуш ака-укалар ўзоро мол талашиб, жаҳл устида ўз кураги қолиб ногоҳон ўз волидасининг кўксига тиғ санчади…

Очиғи, агарда менинг ўғлим бўлганида эди, камида Акромдек тарбияли, диний ва дунёвий илимлар билимдони бўлишини ҳоҳлардим!

– Сиқилишлар, зерикишлар йўқми? Нима бўлгандаям мияни чархлаб туриш керак, ижоддан тўхтамаслик керак, – дейман мавзуга дурустроқ гап тополмай…

– Шу кунларда Қуръону Каримни қайта уқиб (ўқиб эмас!) чиқдим. Ҳайратлар хазинаси! Дунёда бунингдек мукаммал китоб йўқ! Кейин Алишер Навоий асарларини қайтадан ўқиб, урганиб, янги-янги қирраларни ўзим учун кашф этаяпман! Ҳар бир нарсада ҳикмат бўларкан! Бу ер (қамоқ) менга ўзимни танишни ургатди! Мен келажакда раҳматли Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф даражаларига етишга интилиб яшайман. Олдимга ана шундай эзгу мақсад қўйдим, тўғри, бунга ҳали а-ааанча бор, аммо мен шу даражага етаман, Худо ҳоҳласа, – дейди Акром ички бир ишонч билан.

Акром Маликовнинг яна бир мақтовли жиҳати шундаки – у инглиз тилини ҳам пухта эгаллаган.

Айниқса, Акромнинг бир гапидан фахр туйдим.

Гап орасида Акром шундай деди:

– Ҳаммаси Қуръонни ўқимасликдан эмас, уқмасликдан бошланади… Мен бу ерда жуда кўп “биродар”ларимизни кўрдим. Исломда адашган, турли оқимларга кириб кетган… Ўшандай одамларни тўғри йўлга бошлаш учун тарбиялашга келишади, суҳбатлар қилишади. Бу “биродар”лар тарбиячиларига қулоқ солишмайди. Нимагаки, ўша “устозлик” қилишга келганларнинг ўзи Ислом илмини керагича билмайди… Шунинг учун “биродар”ларнинг “тили”ни топа олишмайди… Мен бу ерда Қуръоннинг кучи билан қанчадан-қанча “биродар”ларнинг фикрларини ўзгартиришга эришдим. Урмасдан, сўкмасдан, ҳақоратламасдан, қўрқитмасдан…. Шунчаки, Қуръони Каримнинг кучи, қудрати, талқини билан тўғри тушунтириш олиб бориш ортидан адашиб турли оқимларга қўшилиб қолганларнинг фикрларини ўзгартиришга эришдим, Қуръон нури билан кўзларини очдим, равшан қилдим… Кўпларини нотўғри йўлларидан қайтардим, – дея савб ишидан севинди суҳбатдошим….

Қани, мингта йигит-қизнинг ичидан Навоийни ўқиш учун ўзида иштиёқ топа оладиган, Навоийни уқадиган бирорта ёшни топиб берингчи менга!

Қуърону Каримни бир эмас, бир неча маротаба қайта-қайта мутоала қилиб-да, қонмайдиган, ҳар кўз югуртирганида Оллоҳ китобидан ҳикмат кашф қиладиган бирорта бир 25 ёшли қизни, йигитни кўрсатинг менга!

Акром ҳам аксарият тенгқурлари қатори ичиши, чекиши, кайфу сафога берилиб, кунларини тарала бедод ўтказиши мумкин эди!

Лекин у умрининг қадрли онларини бесамар ўтказмади!

Бир пайтнинг ўзида ҳам Навоий билан “тиллашди”, ҳам қалбини Қуръону Каримга ошно қилди…

Ҳам ҳориж тилини пухта эгаллади.

Шу билан бирга шеърлар ижод қилди.

Шеърлар тўпламини чоп этишга эришди…

Бир сўз билан айтганда дунёвий ва диний илимларни бирваракайига эгаллаб борди…

Мен Акромни сутга чайгандек оппоққина демоқчи эмасман.

“Беайб парвардигор” дейишади…

У боламиз қатори эди. У ҳали жуда ёш эди!

Унда болалик қизиқувчанлиги, болалик қизиққонлиги бўлган бўлиши табиий!!!

Акром ўзини қизиқтирган саволларга жамиятдан жавоб излагани аниқ!

Ва у, жавобини билиши керак бўлган саволларига атрофини ўраб турган муҳитдан жавоб топа олмагани ҳам ҳақиқат!

Бунинг оқибатда навоийшунос олимнинг қалбида тўлдириб бўлмас бўшлиқ вужудга келгани ҳам рост!

Акром Малик ўз қалбида вужудга келган бўшлиқни тўлдириш учун излангандир, интилгандир, қаёнларгадир талпингандир?

Жилға ҳам узанини топгунига қадар тўрт тарафга қараб жилдираши – чулдираши чин!

Ёш олим қалбини қийнаётган саволларга жамиятдан жавоб топа олмаса, гуноҳкори ким?

Ёш иқтидорлар қалбида бўшлиқ бунёд бўлишидачи?

Айбни кимдан, қаердан қидириш керак эди?

Калбидаги бўшлиқни тўлдиришга уринган ёш иқтидорданми, ёхуд бўшлиқни бунёд қилган муҳитданми?…

Ўз ўзанини топиш учун жилдираётган жилғага банд қўйиб бўладими?

Ўзлигини топиш учун интилаётган, изланаётган ёш олимни қамаш эмас, тарбиялаш, хатолари бўлса, далиллар асосида кўрсатиш, тушунтириш, ёш иқтидор нима истайди ўзи – уни эшитиш, салоҳиятини эътироф этиш керак эмасмиди?

Акром гуёки бир ниҳол эди!

Биз уни қахратон қишнинг бўрону довулларидан, жазираманинг оташидан асрай олмадик…

Айбни ўзимиздан, жамиятдан эмас, боладан қидиршга, топишга, ўзанига сиғмай тошаётган вужудни бандилашга тиришдик….

Ҳой, барака топгурлар!

Битта навоийшунос ёш олимни, диний ва дунёвий билимлар соҳибини, инглиз тили билимдони бўлган бир йигитни дунёга келтириб, оқ ювиб, оқ тараб, эсини танитиб, тарбиялаб, жамиятга етук кадр қилиб етказиб бериш учун 25 йил – чорак аср керак бўлади ахир!

Биз эса нима қилаяпмиз?

Хазинамизни хибсда сақлаяпмизми?

Ахир айнан Акром кабилар керак эмасми жамиятимизга?…

Бугун Акром билан суҳбатлашарканман, рости, уялдим. Болам қатори йигитнинг олдида билимсизлигимдан ҳижолат чекдим….

“Вой, менга доимий “прописка” беришди, энди мен “159-, 244-моддалар билан айбланган маҳбуслардан узоқроқ юришим керак” десам, ўзимни асрасам, сиз “оч қорним, тинч қулоғим” десангиз, улар “Менга нима, ҳамма бошига ёққан қорни ўзи курасин” дейишса… Фақат ўзимизни ўйлаб, ўзимизни асраб яшасак…

Лоқайдлик қилсак…

Болаларимизнинг тақдирини ким ўйлайди! Келажагимизни ким асрайди!…

Менга болаларимсиз қувонч керакми?

Йўқ!

Фарзандларимсиз халоват керакми?

Йўқ!

Одам боласига шодлик деганлари болаларисиз – келажагисиз татийдими?

Йўқ, албатта…

Мен аслида Акромга УМИД бергани боргандим…..

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА
мустақил журналист ва ҳуқуқбон

facebook.com