Буюк келажак 2035 да келадими?

Буюк келажак 2035 да келадими?
23 views
12 December 2018 - 12:31

Ўзбекистоннинг чекка қишлоғида оилангиз билан совуқда газсиз ва светсиз ўтирибсиз. Кимдир сизга 2035 йилда дунёнинг 50 та ривожланган давлатидан бирида яшайсиз, деса, ёқадими? Эҳтимол, ёқмас. Аммо бу сиз ва фарзандларингиз 17 йилдан кейин шундай давлатда яшашни истамасликларини англатмайди, албатта.

Ҳозирнинг ўзида ривожланган давлатларда яшаётган бир гуруҳ ўзбекистонлик ватандошларнинг ҳисоб-китобича, 2035 йилга келиб, Ўзбекистон дунёнинг 50 та ривожланган давлатлари қаторидан жой олиши мумкин.

“Буюк келажак” халқаро нодавлат ташкилоти экспертлари ўтган ҳафта Тошкентда тақдим этган Ўзбекистон Республикасини 2035 йилгача ривожлантириш стратегияси лойиҳасидан мақсад 17 йил ичида мамлакат ялпи ички маҳсулоти ҳажмини ўн баробарга кўпайтириб, ҳозирги 48 миллиарддан 479 миллиард долларга етказиш экани айтилган.

Бу жон бошига 10886 доллар деганидир. Мисли кўрилмаган ўсиш. Ҳозирча бу каби ўсиш фақат Хитойда кузатилган, у ҳам бўлса, 17 йил ичида эмас, балки 27 йил мобайнида, 1978 йилдан – 2005 йилга қадар. Буюк келажакчиларнинг ишонишича, бу рақамга иқтисодиётда чуқур таркибий ўзгаришларни амалга ошириш ҳисобига эришилади.

Аммо бу қанчали ҳақиқатга яқин?

Би-би-си бу саволни “Буюк келажак” экспертларига берди, бироқ ҳозирча жавоб ололгани йўқ.

Лондонлик таҳлилчи Алишер Илҳомовнинг фикрича, бу ҳақиқатдан анча узоқ.

“Буюк келажак” экспертларининг башорати, таъбир жоиз бўлса, истакни ҳақиқий воқеълик деб кўрсатишга уринишдан бошқа нарса эмас. Қолаверса, сўнгги олти ойда қандайдир турғунлик, ислоҳотлардан чекинишни кузатаяпмиз. Биз масалан, келаётган икки-уч йилда нима бўлишини ҳам билмаймиз. Бунга ўхшаган узоққа мўлжалланган прогнозлар, албатта фойдали. Лекин ҳукумат келаётган икки-уч йилда ўз олдига қандай стратегик мақсадларни қўйган, бу мақсадлар сари қандай қадамларни қўйяпти, буларни кўрмаяпмиз. Майли мақсадлар унча кўп бўлмасин, аммо мисол учун, 2021 йилда мана шундай тузилмавий ўзгаришлар юз беради, ундан кейин биз мана бу вазифаларни ечишга киришамиз, деганга ўхшаш режа бўлиши керак. “Буюк келажакники”га ўхшаган узоқ муддатли прогнозлар, қачонки, қисқа ва ўрта муддатга белгиланган аниқ стратегик режалар бўлгандагина иш бериши мумкин. Аммо ҳозирги кўринишида буюк келажакчиларнинг башорати куракда турмайди”, – дейди Алишер Илҳомов.

Умумият-ла, дунёдаги иқтисодий трендга кўра, 2030 йилга келиб, ривожланаётган давлатлар иқтисоди ривожланган еттилик иқтисодидан каттароқ бўлади ва масалан, Россиянинг ялпи ички маҳсулоти ҳозиргидан уч баробар кўп бўлиши кутилади.

Қозоғистоннинг ҳам ялпи ички маҳсулоти ҳажми ҳозиргидан икки баробар ошиши башорат қилинмоқда.

Аммо биронта ҳам прогноз дунёнинг бирон давлати иқтисоди 10 баробарга ўсишини башорат қилмайди.

Ҳатто буюк келажак экспертларининг башорати рўёбга чиқиб, Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти ўн баробарга кўпайгани тақдирда ҳам, Ўзбекистон дунёнинг 50 давлатидан бирига айланиши учун бошқа айрим давлатлар, масалан, ҳозирнинг ўзида дунёнинг 50-иқтисоди бўлган Руминия ривожланмасдан кутиб туриши керак бўлади.

Қашшоқ ўнталик

Ўзбекистон ҳукуматининг ўзи келаси уч йилда жон бошига ялпи ички маҳсулот 2000 долларга етишини башорат қилмоқда.

Молия вазирлиги 5 декабрь куни эълон қилган прогнозга кўра, 2021 йилга келиб, жон бошига ялпи даромад 1956 долларга тенг бўлади.

Бу ҳозиргидан қарийб 800 долларга кўп ёки йилига 266 доллардан кўпаяди, дегани.

Бу “Буюк келажак” эскпертлари башорат қилган йилига 640 долларлик ўсишдан қарийб уч баробар кам демакдир. Бу ҳам дунёда олтин ва нефт нархлари кескин тушиб кетмаса.

Ушбу прогнозга таяниладиган бўлса, 2035 йилга келиб, Ўзбекистонда жон бошига ялпи ички маҳсулот 6000 доллар атрофида бўлишини тахмин қилиш мумкин. Бу ҳозирда дунёнинг 72-иқтисоди бўлган Беларуснинг 2017 йилдаги даромадига тенг.

Эҳтимол, умидбахш прогноз билан буюк келажакчилар Ўзбекистон ҳукуматини янада радикалроқ ва чуқурроқ ислоҳотларга ундаётган бўлишлари ҳам мумкин. Бу ёғи бизга қороғу.

Маълум бўлгани, Ўзбекистон ҳозирча дунёнинг 10 та энг камбағал давлатлари рўйхатида саккизинчи ўринда турибди.

Ва ривожланган давлатга айланишдан аввал ана шу рўйхатдан чиқиши керак бўлади. Ҳукумат бу борада илк қадамларни қўйган.

Шу йил октябрида эълон қилган қарорга мувофиқ, 2030 йилгача ўта қашшоқликни тугатиш ва кам таъминланган ёки қашшоқ аҳоли сонини икки баробарга камайтириш режаланган.

Ва бу таҳлилчилар назарида, ҳақиқатга яқинроқ бир режа.

Жорий президент халқ келажакда эмас, бугун яхши яшаши керак, деб айтган.

Яхши яшаш дегани эса энг камида, газ, электр ва тоза ичимлик сувига имконли бўлиш, дегани.

Ва бунинг учун иқтисод 10 баробар ўсиши шарт эмас.

Иккинчи томондан, марҳум президентнинг буюк келажак ҳақидаги башоратини ҳеч ким бекор қилгани йўқ.

“Буюк келажак” экспертларининг прогнози ҳам иқтисодий реалликдан кўра кўпроқ келажакка қаратилган умумий башоратга ўхшайди.

Манба: Би-Би-Си Ўзбек