Мирзиёев махсус вакили Толибон, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ва Тошкент истаги ҳақида

Мирзиёев махсус вакили Толибон, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ва Тошкент истаги ҳақида
100 views
12 December 2018 - 14:15

Расмий Тошкентнинг наздида Толибон ҳаракати бўлажак афғон ҳукумати таркибида албатта ўзининг ўрни, ўзининг мавқеини эгаллаши лозим.

“Шу билан бирга, Афғонистонда ўзини ватанпараст деб билган сиёсий кучлар ҳам толиблар билан биргаликда мамлакатда ўз ҳукуматини тузиши керак. Афғонистонда тинчлик ўрнатиш учун ҳамкорликда мавжуд муаммоларни ечиши керак”.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Афғонистон бўйича махсус вакилига кўра, “бу – ягона ва тўғри йўл”.

Исматилла Иргашев Ўзбекистон ҳукуматининг Афғонистон ва афғон можароси борасидаги бугунги сиёсати ва мавқеини Лондонда Би-би-си Ўзбек Хизматига берган эксклюзив интервьюсида шу тариқа очиқлади.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда қудратга келишидан саноқли ойлар ўтиб, ўзининг Афғонистон бўйича махсус вакилини тайинлаган.

Бунақаси мустақил Ўзбекистон тарихида кузатилмаганди.

Исматилла Иргашевнинг айтишича, Афғонистонда тинчлик ўрнатилиши учун энг аввало яхши замина яратилиши керак.

Унга кўра, “афғон можаросини фақатгина сиёсий йўл билан ҳал қилиш мумкин эмас”.

“Афғон халқига яхши иқтисодий шарт-шароит яратиб бериш керак. Фарзандларига билим, илм бериш керак. Уларни ўқитиш керак. Ана шу нуқтаи назардан президент Шавкат Мирзиёев катта инфратузилмали лойиҳаларни амалга оширишга киришди”, – дейди суҳбатдош.

Янгича сиёсат

Марҳум президенти Ислом Каримовнинг чорак асрдан ортиқроқ вақт давом этган бошқаруви даврида расмий Тошкент Афғонистонга асосан хавфсизлик призмаси нуқтаи назаридан қараб келган.

Минтақавий кузатувчиларнинг эътироф этишларича, бунга илдизлари Ўзбекистонга бориб тақалувчи икки ўзбек жангари гуруҳи – Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ва “Исломий Жиҳод Иттифоқи”нинг сўнгги икки ўн йилликда Афғонистон ва унга бевосита чегарадош Покистонда фаолият юритиб келиши ҳам сабаб бўлмай қолмаган.

Аммо 2016 йилда унинг кутилмаган ўлими ортидан ҳали муваққат президент экан, Шавкат Мирзиёев Афғонистонга оид ўзининг янгича сиёсатини очиқлаган.

Ўзларининг жанубий қўшнилари билан ҳар томонлама ҳамкорликни кучайтириш истагини расман ва ошкора изҳор этган.

Мирзиёевнинг президентлиги билан кечган икки йилнинг ўзида расмий Тошкент афғон можаросига тинч йўл билан ечим топиш мақсадида янги бир дипломатик воситачи сифатида халқаро майдонга чиққан.

Шу йил март ойида Афғонистон ва афғон можаросига бағишланган йирик халқаро анжуманга мезбонлик қилган.

Яқинда Афғонистон Толибон ҳаракати Қатардаги сиёсий идораси ҳайъатининг амалий ташриф билан Тошкентга келиши ва ўзлари билан музокараларга бош қўшишига ҳам эришган.

Янги президенти бошчилиги остида Ўзбекистон бунга муваффақ бўлган биринчи Марказий Осиё давлатига айланган.

Афғонистондаги рақиб томонлар ўртасидаги бирор бир шартларсиз музокараларга исталган пайтда мезбонлик қилиш ниятини ошкора ва расман изҳор этган.

Би-би-си Ўзбек Хизмати Ўзбекистон президентининг махсус вакили билан суҳбати жараёнида айни шу музокаралар тафсилотларига ҳам ойдинлик киритишга муваффақ бўлди.

Тошкентдаги музокаралар

Маълум бўлишича, Толибон ҳаракати вакиллари Тошкентда ҳам ўзларининг тинчлик музокаралари учун илгари суриб келаётган асосий шартларини яна бир бор такрорлашган.

Афғонистондан барча хорижий иттифоқ қўшинларининг ортга сафарбар этилиши талабида эканини айтишган.

Ҳануз Афғонистонда ўзлари курашиб келган ғоя ва мақсадларини амалга ошириш ниятида эканликларини ҳам баён қилишган.

Шунингдек, Афғонистон ҳукумати билан музокаралар олиб боришга тайёр эмасликларини ҳам билдиришган.

Яна бир бор бу каби мулоқотларга энг аввало Америка Қўшма Штатлари билан киришиш истагида эканликларини таъкидлашган.

Аммо, суҳбатдошимизга кўра, Ўзбекистон, расмий Тошкент бу музокараларнинг авваламбор Афғонистон марказий ҳукумати билан олиб борилишини хоҳлайди.

Бундан ташқари, Афғонистонда бошқа сиёсий кучлар, ҳаракатлар, партиялар борлигини ҳам инобатга олган ҳолда, уларнинг ҳам бу жараёндан четда қолмаслигини истайди.

Ўзбекистон президентининг махсус вакилига кўра, бусиз Афғонистонда мустаҳкам ва барқарор тинчлик ўрнатиб бўлмайди.

Исматилла Иргашевнинг айтишича, Тошкентда олиб борилган музокараларнинг муҳим ва асосий натижаларидан бири ҳам худди шу нуқтада намоён бўлган.

“Толибон ҳаракатининг раҳбарияти тинчлик музокараларида Афғонистондаги барча сиёсий кучлар қатнашиши кераклигига рози бўлган”.

“Шу билан бирга, толиблар хорижий иттифоқ қўшинларининг Афғонистондан зудлик билан чиқиб кетиш талабидан воз кечишган, уларнинг босқичма-босқич ортга сафарбарликларига рози бўлишган”.

Расмий Тошкент ва ўзбек жангари гуруҳлари

Худди шу суҳбат жараёнида президент Мирзиёевнинг махсус вакили расмий Тошкентнинг Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ва “Исломий Жиҳод Иттифоқи”нинг тақдирига оид саволга ҳам ойдинлик киритган.

Вакилнинг айтишича, “ўзлари Афғонистонда халқаро ҳамжамият, афғон ҳукумати ва Толибон ҳаракати билан йўлга қўймоқчи бўлаётган тинчлик ва сиёсий жараёнлар фақатгина ички сиёсий кучларни қамраб олиши керак,” – деб билишади.

“Сиз айтаётган ташкилотлар, жумладан, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ва шунга ўхшаш гуруҳлар “террористик ташкилотлар” сифатида тан олинган. Шу билан биргаликда улар Афғонистон фуқароси эмас. Уларнинг Афғонистондаги тинчлик жараёнида қатнашишга ҳеч қандай ҳақ-ҳуқуқи йўқ”.

“Мен ўйлайманки, улар фақатгина афғон халқининг душманлари эмас, улар бутун халқаро ҳамжамиятнинг душманлари. Уларга қарши ҳаммамиз биргаликда курашишимиз керак”, – дейди Исматилла Иргашев.

Суҳбатдошга кўра, худди “шу нуқтаи назардан Афғонистондаги тинчлик уларга қарши курашни йўлга қўйиш, улар ҳозирга кунда минтақа мамлакатларига солаётган таҳдидини йўқ қилишга керакли замин яратиб беради”.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев шу йил сентябрь ойида афв тўғрисида махсус фармон эълон қилган.

Бу фармон худди шу каби гуруҳларга “адашиб кириб қолган ва пушаймон бўлган фуқароларни афв” қилишни кўзда тутиши маълум бўлган.

Маҳаллий кузатувчилар бунга ўхшаш фармоннинг ҳам мустақил Ўзбекистон тарихида деярли кузатилмаганига эътибор қаратишган.

Фармон ижроси

Би-би-си Ўзбек Хизматининг Ўзбекистон Президенти махсус вакили билан Лондонда уюштирган эксклюзив интервьюси ана шу афв эълон қилинишидан саноқли ойлар ўтиб уюштирилган.

Исматилла Иргашев мазкур суҳбат жараёнида худди шу хусусда ҳам тўхталиб ўтган, Би-би-си Ўзбек Хизматининг бу саволига ҳам имкон қадар ойдинлик киритишга ҳаракат қилган.

“Менинг хабарим борки, чет элда қолиб кетган, чет элда бўлган Ўзбекистон фуқаролари тавба қилиб, шу йўлга адашиб кириб қолганликларини таъкидлаб, кўпчилиги ўз Ватанларига қайтиш истагини билдиришаяпти”, – дейди суҳбатдош.

Вакилга кўра, “уларнинг аксарияти президентнинг афв тўғрисидаги ана шу фармонидан фойдаланган ҳолда тинч ҳаёт, ўз оилалари, ўз бола-чақалари, ота-оналари бағрига қайтиб келишаяпти”.

Расмий Тошкент Афғонистондаги “Ўзбекистон номини суиистеъмол этаётган гуруҳдан” ўз хавотирини сўнгги бор ўтган йил август ойида изҳор этган.

Ўзбекистон томонининг бу каби сўзлари Афғонистон Миллий Хавфсизлик Кенгаши маслаҳатчиси бошчилигидаги ҳайъатнинг Тошкентга қилган сафари чоғида янграгани маълум бўлган.

Кузатувчилар ва таҳлилчилар Ўзбекистон томони бу қабила “хавотир билдирган” гуруҳни Ўзбекистон Исломий ҳаракатига йўйишганди.

Четдаги Ўзбекистон фуқаролари

Ўзбекистон Шавкат Мирзиёев ҳали муваққат президент экани чоғида Афғонистон билан экстрадиция тўғрисидаги илк битимни имзолаган. Аммо янги битим тафсилотлари ошкор этилмаганди.

Ҳарбий манбаларда Толибон бошқаруви даврида юзлаб ўзбекистонликлар Афғонистонда паноҳ топгани, уларнинг кўпчилиги афғон ватандошлигига эга бўлгани тахмин этилади.

Ўзбекистон эса, Афғонистондаги фуқароларини асосан исломий жангарилар сифатида кўриб келган.

Афғонистондаги жангу жадаллар орасида қолиб кетган юзлаб ўзбек оилалари АҚШ бошчилигидаги 2001 йилги ҳарбий амалиётлар сабаб, қўшни Покистон ва Эронга қочиб ўтишаркан, улардан айримлари Бирлашган Миллатлар Ташкилотидан расман қочқинлик мақомини ҳам олишган.

Европа Инсон Ҳақлари маҳкамаси эса, орада Эрондан Туркияга қочиб ўтишга уринган ўзбек қочқинларини ортга қайтарган Туркиядан камида бир ўзбек муҳожирининг оиласига товон пули ундирган.

Ўтган йиллар давомида халқаро иттифоқ қўшинлари ва афғон ҳарбийлари Афғонистоннинг айнан қатор шимолий ва шимолий-шарқий вилоятларида Ўзбекистон Исломий ҳаракати юқори мартабали қўмондонларидан бир қанчасини қўлга олганликларини бир эмас, бир неча бор айтиб чиқишган.

Аммо уларнинг кейинги тақдирлари нима бўлгани тафсилотлари маълум эмас.

Бундан бир неча йил бурун Фарёб вилоятида ҳам ўзбекистонлик “уч исёнчи аёл” ушланганига оид хабарлар олинган, аммо, афғон ҳукумати, алал-оқибат уларни яна толибларга қайтаришга мажбур бўлгани ҳам айтилганди.

Ҳозир биргина Сарипул ва Фарёб вилоятининг толиблар назорати ёки ҳозирлиги остидаги энг беқарор туманларидан бошпана топган ўзбекистонлик жангарилар оилаларининг сони ўнлаб экани айтилади.

Маҳаллий масъулларга кўра, улар шароитга қараб, аёллари билан бирга бир Толибон ва бир ИШИД сафларида жанг қилишади.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати эса, 2015 йилда минтақадаги энг яқин иттифоқчиси – Афғонистон Толибон ҳаракатидан юз ўгириб, Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳига расман байъат келтирган.

Орадан йил ўтмай, ҳаракат парчалангани, унинг сафларидан ўзини яна худди шу ном билан атовчи ИШИД дан мустақил, яна толибларга мойил алоҳида бир гуруҳ ажралиб чиққанига оид хабарлар олинган.

Аммо шу кунга қадар бу икки гуруҳга ким раҳбарлик қилаётгани, уларнинг бугунги қудрати ва жангариларининг сони борасида деярли ҳеч нарса маълум эмас.

Манба: Би-Би-Си Ўзбек