Азал қисмат

Азал қисмат
92 views
17 December 2018 - 6:00

 

МАХДУМҚУЛИ

     

 

АЗАЛ ҚИСМАТ

Азал қисмат, одамзод –
Устсиз келдинг, тўн керак,
Оқ сут эмдинг, улғайдинг,
Тишинг чиқди, нон керак.

Ота кўкда бир булут,
Она меҳри оташ, ўт –
Еттида илму дуруд,
Ўқирга Қуръон керак.

Ёришади дил бандинг,
Уйғонар ишқдан дардинг,
Ўн бешда орзубандинг,
Қиз керак, жувон керак.

Жувон топдинг, қучмоққа,
Айшу ишрат очмоққа,
Андан сўнг еб-ичмоққа,
Туканмас давлат керак.

Кўнглин инжитиб халқнинг,
Қониқтирсанг, бад хулқинг,
Рум, Фаранг бўлса мулкинг,
“Оз” деярсан, кон керак.

Ётсанг тўшакда бемор,
Наф бермайди, молу кор,
Зар тўксанг, харвор-харвор,
Кўзга илмас, жон керак.

Дуо билан эр унар,
Ёғмир билан унар ер,
Эл ғамин еган улдур –
Бир марду майдон керак.

Ажал келар, гумон йўқ,
Қонун бу, қоида йўқ,
Ўғил-қиздан фойда йўқ,
Бир нуру иймон керак.

Маҳдумқули, сўзласа,
Неча махфий гизласа,
Тушкур бўлса, англаса,
Оқил бир ёрон керак.

*****

Туркманчадан Ислом Холбой ўзбекчалаштирди