Мангулик чопарлари

Мангулик чопарлари
110 views
20 December 2018 - 6:00

Матназар АБДУЛҲАКИМ

ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд

“ҚОР ҚЎШИҒИ” КИТОБИДАН

   

МАНГУЛИК ЧОПАРЛАРИ

                                Солиҳ Қодировга

«Жасорат кўрсатдинг жангда, Филипид.
Бордир сенга энди фармони олий.
Ана, Доро қочди мисли ўғри ит,
Номус азобидан кўнгиллар холи.

Бироқ… биласанки, она Афина
Ҳамон таҳликада шому саҳарлар.
Бўлмагай ёвга у ганжи дафина,
Бундан хабар топсин тез ҳамшаҳарлар.

Биласан, йўл олис. Тойгансан ҳолдан.
Очсан, нон тугади. Эл ғамини е.
Бор, ўғлим, ўзгир бўл учқур шамолдан,
Юрт таланмас, қизлар… хўрланмайди де!»

Жангчи кўзларида чақнайди учқун,
Йўл хавфли, лекин у қўрқувдан кечиб
Милтаид айтгандай, бўлиш-чун учқур,
Дубулға, совутни ташлайди ечиб.

Олдида ёвлар бор, ғовлар бор қатор,
Тоғлар, боғлар оша елиб кетар у.
Қирқ чақирим босиб, ҳорғин, бемадор
Марафондан Афинага келиб етар у.

Сўнгра бир жуфт сўзга ҳаёти тенгдек,
Қилаётса ҳамки танини жон тарк.
У хитоб қилади. «Қувонинг — енгдик!»
Ва… устундек қулаб, бўлар шодимарг.

… О, ҳайкаллар, ғолиб тош қотган жонлар!
Сиз ҳақда ўйларга толган кезлар ман.
Юнон мулкида шул қадим замонлар
Бўлган воқеани мудом эсларман.

Сизнинг ғалаба ҳам қутлуғ, мўътабар,
Етдингиз, фашистни енгиб, ниятга.
Бундан авлодларга бериш-чун хабар
Йўл олибсиз, мана, абадиятга.

Аждодингиз гарчи мард эди сизнинг,
Яралмаган эди метин бардошдан.
Тошдан бўлишингиз шарт эди сизнинг,
Бўлдингиз тошдан.

Асрлар кексайсин, тоғлар қарисин,
Қаримасин сизнинг сафарларингиз.
Чопарларим менинг, жаранглаб борсин
Лаҳза ҳам тинмасдан зафарларингиз.