АҚШ: Ўзбекистон диний эркинликлар бўйича махсус кузатув остида

АҚШ: Ўзбекистон диний эркинликлар бўйича махсус кузатув остида
33 views
13 December 2018 - 15:09

АҚШ Ўзбекистонни диний эркинликлар бўйича алоҳида ташвишга молик давлатлар рўйхатидан чиқариб, диний эркинликлар бузилишига мойиллик билдираётган, махсус кузатув остидаги давлатлар рўйхатига киритди.

Алоҳида ташвишга молик давлатлар рўйхатда диний эркинликлар бўғилиши ортида бевосита давлатнинг ўзи тургани инобатга олинса, диний ҳуқуқлар жиддий бузилишига мойиллик эътиқод эркинлиги таъминланишида давлат етарли чоралар кўрмаётганини англатади. Диний эркинликка оид вазият юзасидан баёнот қилган АҚШ Давлат котиби Майк Помпео АҚШ дунёда эътиқод эркинлиги топталишига томошабин бўлиб турмаслигини таъкидлаган.

Алоҳида хавотирга молик давлатлар рўйхатига Тожикистон, Туркманистон, Саудия Арабистони, Эрон, Покистон, Хитой, Бирма, Судан, Эритрея ва Шимолий Корея киритилган. Бу мақомдаги ҳукуматлар, қонунга биноан, санксиялар билан юзлашиши мумкин. 1998-йилда Конгрессда қабул қилинган қонунга кўра, Давлат котиби диний ҳуқуқларни бузаётган ҳукуматларни қандай жазолаш юзасидан ўз таклифларини бериши ва бу давлатлар рўйхатини чиқариши керак.

Ўзбекистоннинг диний эркинлик бўйича алоҳида ташвишга молик давлатлар рўйхатидан чиқарилиши расмий Тошкент томонидан олқиш билан кутиб олинди.

“Ўзбекистон ҳаётнинг барча жабҳаларига таъсир кўрсатаётган ислоҳотлар ва ўзгаришларнинг тарихий босқичини ўтамоқда. Америка ва бошқа шериклар бир неча бор Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган, мамлакатни ривожлантиришнинг бешинчи устувор йўналиши “хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш” бўйича амалий ҳаракатлар натижаларини кўриш имконига эга бўлдилар”, – дейилади Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг шу муносабат билан тарқатган хабарида.

Расмий Тошкентга кўра, АҚШнинг диний масалалар бўйича махсус вакили Сем Браунбек бошлиқ делегация сентабр ойида Ўзбекистонга қилган сафари давомида мамлакатда диний эътиқод эркинлигини таъминлаш бўйича кўрилаётган чоралар билан танишган ва бу ишларга юксак баҳо берган.

Ўзбекистон АҚШ томонидан мунтазам тузиб келинаётган диний эркинлик бўйича алоҳида ташвишга молик давлатлар рўйхатига марҳум президент Ислом Каримов даврида киритилган эди.

Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келиши ортидан диний вазиятга жиддий эътибор қаратди? диндорлар, уламолар билан мулоқот ўтказди, адолациз судлов туфайли қамалган, ўз айбига чин дилдан пушаймонлик билдирган диний маҳбусларни афв этишга фармон берди. Диний қарашлари учун “қора рўйхат”га киритилган минглаб мусулмонларни бундай рўйхатдан чиқариш, уларнинг ўзларини, қариндош уруғларини жамоатчиликка қўшиш ташаббусини олға сурди.

Президент Мирзиёев ҳокимиятга келиши ортидан ҳозирга қадар диний экстремизмга алоқадор кўрилган 20 мингга яқин мусулмонлар “қора рўйхат”дан ўчирилгани, қамоқлардан озод этилгани айтилади.

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистонда минглаб мусулмонларнинг диний экстремизмда айбланиши ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан мунтазам танқид остига олиб келинган.

Шу маънода 20 мингга яқин мусулмоннинг қора рўйхатдан ўчирилиши, қамоқлардан озод этилиши аввалҳи ҳукуматнинг бу борадаги сиёсати ноҳақ эканини кўрсатади.

Каримов даврида диний экстремизмдан ҳокимият учун хавф ясаш ҳукумат сиёсатига айланган, юзлаб диндор мусулмонлар шу сиёсат қурбонига айланган, далил исботларсиз қамоққа ташланган эди.

Манба: amerikaovozi.com