Иброҳим Султон

Иброҳим Султон
27 views
14 December 2018 - 10:00

Иброҳим Султон – Ёш ва шижоатли темурийзода салтанатининг Форс вилоятида йигирма йилдан ортиқ ҳукмдорлик қилган. Мазкур даврда Шерозда (Сарипуле Жакеном деган жойида, 1420 йил) “Мадрасаи дор ус-сафо” номли мадраса, “Дор ул-эйтомий” (етимхона) каби бинолар ва ва боғ барпо қилгани маълум. “Васоқи шоҳ Мансур” номи билан машҳур бўлган мазкур боғ кейинчалик ҳукмдорларнинг қабуллар маросими ўтказиладиган жойга айланган.

Шерозда Иброҳим Султон томонидан шунингдек, темурийлар даврининг йирик кутубхоналаридан бири ташкил қилинган. Умуман, Иброҳим Султон ҳукмронлиги давридаги тинч ҳаёт Шерозни ҳар томонлама юксалиб, темурийлар давлатининг фан ва маданият марказларидан бирига айланишининг бош омили бўлган эди. Хусусан, бу тўғрида Абрдураззоқ Самарқандий 1419 йил воқеалари баёни ҳақида ёзар экан: “Шу йил Форс мамлакати <Аллоҳнинг Иброҳимни ўзига дўст тутди> [деган оят] сирининг муфассири ва <Бу – биз Иброҳимга, унинг қавмига қарши ато қилган ҳужжатимиздир, биз хоҳлаган кишимизнигина юқори даражага кўтарамиз> [деган оятнинг] ҳаққонийлигига мисол бўлмиш олижаноб шаҳзода, Муизуддунё ва-д-дин Абу-л-Фатҳ мирзо Иброҳим Султоннинг қутли адолат – марҳамати кўмагида ғоят обод ва камоли хотиржамликда эди”,-дейди.

Унинг бевосита иштироки ва кўрсатмаларига биноан темурийлар тарихини ўта тантанаворлик ва бадиий бўёқларга бой тарзда ёритиш анъанасига асос солинган Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома” асари яратилди. Туркий адабиётнинг йирик вакилларидан бири Ҳофиз Хоразмий ҳам Иброҳим Султон даврида унинг ҳомийлиги остида ижод қилган. Мазкур даврда шаклланган тарихнавислик ва адабий анъаналарнинг таъсири ХХ асрга қадар бўлган даврда яратилган асарларда сезиларли даражада намоён бўлиб туради.

Шунингдек, Иброҳим Султоннинг номи хаттотлик санъати соҳасидаги қолдирган асарлари боис сулс хатининг устозлари қаторида қадрланади. Бу соҳани у Форс вилоятига келган пайтларида Пир Муҳаммад Шерозийдан ўрганган.

Иброҳим Султон кўчирган бир нечта Қуръон нусхалари ҳозирда Эрон қўлёзма фондларида сақланади. Жумладан, Гулчин Маъоний Иброҳим Султон томонидан 1423 йили сулс хатида кўчирилган Қуръон нусхаси Остони Қудси Ризавий кутубхонасида мавжудлиги, лекин унинг 16 варағи етиб келганини қайд қилади.

Яна шу муаллифнинг билдиришича, райҳоний хатида амирзода томонидан кўчирилган Қуръоннинг бошқа бир нусхаси ҳам мазкур фондда сақланган бўлиб, тартиб рақами ўзгариб кетган. Иброҳим Султон томонидан кўчирилган Қуръоннинг учинчи қўлёзмаси 1937 йилгача Шероз шаҳридаги “Қуръон дарвозаси”да сақланиб келиниб, кейинчалик Порс музейи ихтиёрига ўтказилган. Ушбу нусха икки жилддан иборат бўлиб, “Қуръони ҳафтдаҳ ман” деб ҳам аталади. Гарчи Қуръон ҳозирда Порс музейида сақланаётган бўлса ҳам, аҳоли ўртасида яхши ният билан ойнинг бошида шаҳардан чиқаётиб Қуръон дарвозасидан ўтиш орқали руҳий покланиш анъанасини сақланиб қолган.

Булардан ташқари, темурийзода томонидан кўчирилган яна бир Қуръон қўлёзмаси Метрополитен музейида сақланиши ҳақида тасдиқланмаган маълумотлар мавжуд. Иброҳим Султон шеър ҳам ёзган бўлиб, унинг шеърлар тўплами бизга қадар етиб келган. Мазкур шеърлар тўпламига Шарафиддин Али Яздий томонидан муқаддима ёзилгани маълум.

Унинг ҳомийлигида туркий ва форс адабиётининг ажойиб намуналари яратилди ва нодир нусхалари кўчирилди. Иброҳим Султон ҳукмдор ва ижодкор сифатида мунтазам тарзда адабий анжуманлар ўтказиб турган. Бу тўғрида Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома”, “Ҳулали мутарраз дар фани муаммо ва луғаз”, “Мунтахаби ҳулал” асарлари ва Исмат Бухорий қасидалари, Ҳофиз Хоразмий “Девон”и кабиларда қайдлар учрайди.

Иброҳим Султон 1435 йил 4 майда касал бўлиб, 42 ёшда вафот этади. Қисқа умри давомида Форс вилоятининг ҳукмдори сифатидаги фаолияти илм-фан, адабиёт ва санъат соҳалари вакиллари томонидан юксак қадрланган.

Жалолиддин Жўраев

facebook.com