Zeromax туфайли куйган Германия компаниялари муаммоси “ҳал этилади”

Zeromax туфайли куйган Германия компаниялари муаммоси “ҳал этилади”
69 views
14 December 2018 - 14:27

“Озодлик” радиосининг хабар беришича, Ўзбекистон ҳукумати Zeromax компаниясининг германиялик кредиторлари билан боғлиқ муаммони яқин орада ечишга бел боғлаган.

2010 йилда тўсатдан касодга учраган Zeromax компанияси Гулнора Каримовага боғлиқ дея кўриб келинган. Германиялик компаниялар олдида компаниянинг қарзи 200 миллион евро атрофида дея хабар қилинган.

Каримова ўзининг кўп вақтини ўтказган Швейцарияда қайд қилинган ушбу компания Ўзбекистоннинг нефть ва газ, олтин қазиб чиқариш, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, транспорт, қурилиш ва бошқа кўплаб соҳаларда энг йирик инвестор саналган.

Zeromax буюртмасига кўра, Германия компаниялари Тошкентдаги қатор йирик қурилиш лойиҳалари, хусусан Форумлар уйининг қурилишида иштирок этганлар ва куйиб қолганлар.

Қоғозда Zeromax ижрочи директори дея Ўзбекистонда “Одилбой” дея танилган Миродил Жалолов кўрсатилган. Аммо, қатор таҳлилчиларга кўра, бу каби қудратга фақат президент оиласи вакили эга бўлиши мумкин эди.

Унинг банкрот дея эълон қилиниши ортидан, компаниянинг юз миллионлаб долларга тенг мулклари Ўзбекистон давлати тасарруфига ўтказилган, Швейцариядаги ҳисоблари эса музлатилган.

Миродил Жалолов 2010 йилда Тошкентда ҳибсга олинган ва ўтган йил январияда озод қилинганди. Аммо, икки ой ўтиб, Озодлик ёзишича, у қайта ҳибсга олинган ва Гулнора Каримова иши бўйича кўрсатма бериши кутилганди.

Хабарларга кўра, Президент Мирзиёевнинг келгуси январь ойида Германияга ташриф буюриши кутилар экан, германиялик кредиторларни рози қилиш бўйича музокаралар бошланган.

Аммо, бу борада Ўзбекистон ҳукумати ҳозирча ҳеч қандай маълумот тарқатмади. Йирик миқдорда пулини йўқотган германиялик компанияларга Ўзбекистон пулни қайтармоқчими ёки йўқ – бу номаълум.

Таҳлилчиларга кўра, мазкур можаро хорижий инвесторларнинг Ўзбекистонга бўлган ишончини кескин сўндирганди.

ЎХҲ ахборот бўлими