ИШИД Марказий Осиёга кирдими?

ИШИД Марказий Осиёга кирдими?
50 views
15 December 2018 - 15:38

Кечаётган йилда Марказий Осиёда ҳам минтақавий ва ҳам халқаро миқёсда худди шу саволни кун тартибига чиқишига сабаб воқеъликлар озмунча бўлмади.

Июль ойида Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи илк бор Марказий Осиёда бир ҳужумга масъулиятни ўз зиммасига олиб чиқди.

Тожикистоннинг Данғара туманидаги ҳужумдан нишон бир гуруҳ хорижлик сайёҳлар бўлишган.

Натижада икки америкалик, бир швед ва яна бир голландиялик қурбон бўлган. Яна уч нафар хорижлик сайёҳ тан жароҳати олган.

Бунақаси шу пайтгача Марказий Осиё минтақасининг бирор бир давлатида кузатилмаганди.

Орадан саноқли ойлар ўтиб, ИШИД яна Тожикистонда юз берган бошқа бир воқеага ҳам ўзлари масъул эканликларини иддао қилиб чиқди.

Бу гал шимолий Хўжанд шаҳридаги қамоқхонада “қуролли” исён келиб чиққан, уни бостириш чоғида ўнлаб маҳкумларнинг ўлдирилгани ҳам хабар берилган.

Тожикистон ҳукумати анчайин куттириб бўлса-да, ИШИДнинг бу баёнотига расман ўз муносабатини билдирган.

Аммо улар ҳам қамоқхонадаги исён айнан шу гуруҳнинг иши эканини баён қилишди.

Орада Россия томони ҳам ИШИД ва Марказий Осиё билан боғлиқ яна бир жиддий хавотир билан ўртага чиқди.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, “ИШИД Марказий Осиё ва бутун минтақада кенгайиш учун Афғонистонни ўзининг плацдармига айлантиришга уринаётгани”ни баён қилди.

Унинг бу сўзлари Москва формати остида афғон можаросига тинч йўл билан ечим топишга қаратилган тўртинчи босқич музокаралари чоғида янгради.

“ИШИД Марказий Осиёга кирдими, кира оладими?”, – деган савол сўнгги йилларда қатор минтақавий экспертлар ўз эътиборларини қаратган мавзулардан бири бўлади.

Аммо экспертлар орасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлаётган бу мавзу ИШИД Марказий Осиёни “қўрқитиш учун яна бир олабўжи”ми ёки ростмана таҳдид контекстида ўз талқини, таҳлили ва ифодасини топиб келади.

Би-би-си Ўзбек Хизмати воқеаларнинг бу каби ривожи манзарасида йил якунида қатор минтақавий экспертларга мурожаат қилиб, уларнинг бу хусусдаги фикрлари билан қизиқди.

Бугун ана шу туркум суҳбатларидан биринчисини сизнинг эътиборингизга ҳавола этади.

Илк суҳбатдошимиз Би-би-си Афғон Хизмати муҳаррири Довуд Аъзамий:

Довуд Аъзамий

Довуд Аъзамий: ИШИДнинг Афғонистонда ҳозирлиги бор гап. Бу аллақачон ортиқча исбот-далил талаб қилмайдиган воқеъликка айланган. Гуруҳ 2015 йил январь ойида Афғонистонда ўзининг Хуросон вилоятига асос солганини эълон қилган. ИШИД бунинг ортидан қатор зўравон амалларга қўл урган. Тинч аҳолини ўлдирган. Афғонистоннинг турли шаҳарларда портлашлар уюштирган. Ҳатто, таълим марказлари, масжидлар ва мақбараларни ҳам нишонга олган. Аммо, шунда ҳам, гуруҳ аъзоларининг сони ва қудрати борасидаги фикрлар бир хил эмас. Чунки ҳеч ким ИШИД Хуросон қаноти жангариларининг аниқ сонини билмайди. Уларнинг бугун нимага қодир эканликлари, қандай қурол-яроғлари борлиги ва йирик портлашларни уюштириш учун лозим воситаларни қаердан олишлари ҳануз маълум эмас. Аммо ИШИД ўтган уч йил ичида бутун Афғонистон бўйлаб камида мингга яқин инсоннинг умрига зомин бўлган қатор ҳужумларни уюштиришнинг уддасидан чиқди. Улар асосан Афғонистоннинг икки шарқий вилояти – Нангархор ва унга қўшни Кўнарда фаоллар. Аммо сўнгги йилларда Афғонистоннинг Марказий Осиё давлатларига яқин айрим шимолий минтақаларида ҳам бўй кўрсатишган. Ва айни шу ҳудудлар Россия ва Марказий Осиё давлатларининг хавотирларига сабаб бўлиб келади. Улар ИШИД гуруҳининг айнан шу ердан туриб ўз фаолиятини минтақага ёйиши мумкинлигидан ташвишдалар.

Би-би-си: Сиз тилга олиб ўтган барча омиллар назарда тутилганда, ИШИД бугун ростдан ҳам Марказий Осиё минтақасига таҳдид сифатида кўрилиши мумкинми?

Довуд Аъзамий: ИШИД, айниқса, сўнгги йилларда АҚШ ва афғон кучларининг давомий ҳаво ҳужумлари остида қолиб келади. Ҳам Афғонистон шимоли ва ҳам Афғонистон шарқи назарда тутилганда, гуруҳни ерда Толибон ҳужумга тутиб келади. Биз бор-йўғи бир неча ҳафта бурун шимолий Жаузжон вилоятида бу каби жангларга гувоҳ бўлдик. Бунинг натижасида ИШИД жангариларидан иборат бутунбошли гуруҳ тор-мор бўлди. Омон қолганлари эса, афғон ҳукуматига таслим бўлишди. ИШИДнинг Жаузжон вилоятидаги ҳозирлигига якун ясалди. Афғонистоннинг қолган шимолий вилоятларида кичик сондаги ИШИД жангарилари бўлиши мумкин. Аммо жорий пайтда гуруҳнинг Афғонистон шимолидаги салмоқли ҳозирлиги ҳақида сўз юритиш ноўрин. Бунга бир томондан толибларнинг қаршилиги сабаб бўлган бўлса, бошқа тарафдан, Яқин Шарқ дохил бутун дунёда ИШИДнинг мавқеи заифлашган. Умуман олганда, ИШИД жангари гуруҳ сифатида кучсизлашган. Халқаро коалиция, Россиянинг ҳаво ҳужумлари ва ҳукуматларининг ҳарбий амалиётлари натижасида Сурия ва Ироқда катта сондаги жангарилари ўлдирилган. Босиб олган ҳудудларининг деярли барчасини бой берган. Ўтган уч йил ичида ИШИД Афғонистонда ҳам жиддий йўқотишларга учраган. Минглаб жангарилари ҳалок этилган. Назорати остидаги ҳудудларнинг аксариятини йўқотган. Аммо гуруҳ ўзининг қайта уюшишга қодир эканини намоён этиб келаяпти. Йўқотган жангариларининг ўрнини янгилари билан қоплаяпти. Ўтган уч йил ичида америкаликларнинг ҳаво ҳужумларида гуруҳ Хуросон қанотининг тўртта лидери ёки амири ҳам ўлдирилди. Аммо, айниқса, Афғонистон шарқи назарда тутилганда, гуруҳ ҳануз фаол. Аммо жангариларининг сони борасида маълумотлар турлича. Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани шу йил март ойида Тошкентдаги халқаро анжуманда қилган чиқишида уларнинг сонини тахминан икки мингга нисбат берди. Аммо орадан муайян вақт ўтган. Бугун бу рақамларнинг ўзгаришга юз тутгани тайин. Аммо улар бизга маълум эмас. Тахминан бутун Афғонистон бўйлаб бир неча юз деб айтсак, хато бўлмайди, назаримда. Улардан аксарияти асли покистонлик бўлган собиқ толиблардан иборат. Кейин уларнинг сафларида яна маҳаллий афғонлар, Марказий Осиё фуқаролари, оз сонда бўлса-да, ҳиндлар, эронликлар, хитойлик уйғурлар ва хуи мусулмонларининг ҳам борликлари маълум. Марказий осиёлик жангарилардан айримлари қўлга олиниб, ҳануз афғон қамоқхоналарида қолишмоқда. Демоқчиманки, Афғонистондаги ИШИД гуруҳи сафлари жуда қоришиқ. Аммо ўтган йил билан қиёсланганда, анча қудратини йўқотган.

Би-би-си: Россия томонини мавжуд вазиятдан бехабар, дейиш қанчалик ўринли бўларкин ва шундай бир шароитда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг Афғонистондаги ИШИД хавфи билан боғлиқ баёнотини қандай тушунтириш мумкин?

Довуд Аъзамий: Буни икки геосиёсий рақиб – Россия ва Америка ўртасидаги мавжуд танглик билан боғлаб тушунтириш мумкин. Бу танглик томонлар ўртасида, айниқса, сўнгги йилларда жуда кучайган. Россия Американи ИШИДни қўллаш, шу орқали Марказий Осиёдаги вазиятни беқарорлаштириб, ўзларига таҳдид яратмоқчи бўлаётганликда айблайди. У томондан америкаликлар Россияни Толибонни дастаклашда айблашади. Толиблар эса, АҚШ томонидан дастакланувчи афғон ҳукуматига қарши жанг қилиб келишади. Икковлон ўртасидаги бу каби даҳанаки жанг ва танглик фақат Афғонистон билан чекланмайди. Украина, Қрим, Гуржистон, Сурия масаласида ҳам томонлар бир-бирлари билан чиқиша олмай келишади. Умуман олганда эса, минтақадаги аксарият ўйинчи давлатлар Американинг Афғонистондаги доимий ҳарбий ҳозирлигига қарши. Бу ҳам масаланинг муҳим нуқталаридан бири. Айниқса, Россия, Хитой, Покистон ва Эрон. Улар 2001 йил 11 сентябрь ҳужумлари ортидан, Американинг Афғонистондаги ҳарбий ишғолига қаршилик қилишмаган. Чунки террорчиликка қарши кураш, уруш уларнинг ҳам манфаатларида бўлган. Аммо, ҳозирга келиб, орага шубҳа, ишончсизлик оралаган. Бу тўрт давлат ҳозир Американинг Афғонистондан чиқиб кетишини исташади. Уларнинг айтишларича, ўтган 17 йил давомида Афғонистонда зўравонлик кучайса кучайганки, пасаймаган. Гиёҳванд моддалар етиштириш ортган. Бу каби вазият ҳам Россия, Хитой, Покистон ва Эрон учун ҳозир катта хавотирга айланган. Бу минтақада жиддий муаммолар мавжудлигига далолат. Ўзаро ишончсизлик, шубҳа-гумон, айбловлар бор жойда, ечим ҳам бўлмайди. Бу давлатлар бир ёқадан бош чиқарган тақдирдагина, бир муросага келиш мумкин бўлади. Биргина Афғонистон, биргина Россия ёки биргина Американинг ўзи минтақадаги хавфсизлик, гиёҳванд моддалар билан боғлиқ муаммога бас кела олмайди. ИШИДга қарши кураша олмайди. Битта давлатнинг ўзи бунинг уддасидан чиқа олмайди. Чунки булар минтақавий муаммолар. Уларнинг ечими учун бир давлатнинг қурби етмайди.

Би-би-си: Жорий йилда ИШИД гуруҳи Тожикистондаги иккита зўравон ҳодисага масъулиятни ўз зиммасига олиб чиқди. Аввалига Данғарада бир гуруҳ хорижлик сайёҳларга қарши ҳужум, куни-кеча Хўжанддаги қамоқхонада юз берган исёнга…Бу каби ҳодиса шу пайтгача бирор бир Марказий Осиё давлатида кузатилмаганди. Бу воқеъликка нима деган бўлардингиз?

Довуд Аъзамий: ИШИД жуда имкониятдан фойдаланиб қолишга мойил гуруҳ. Одатда минтақадаги ҳар қандай йирик ҳужумга масъулиятни ўз зиммасига олишга интилади. Гуруҳда шундай истак-хоҳиш кучли. Чунки бу гуруҳнинг обрўсини оширади. Уларни йирик ва қудратли жангари гуруҳ қилиб кўрсатади. Тожикистон ҳукумати ҳам ИШИДнинг алоқадорлиги билан боғлиқ хабарларга расман ўз муносабатини билдирганича йўқ. ИШИДнинг ғояси ва сиёсий фалсафасига келсак, у Марказий Осиёда бўладими ёки бошқа бир мусулмон давлатида, қаерда бўлмасин, амалдаги ҳукуматларни кучсизлантириш учун ҳужумга қўл уриш. Ўз талқинларидаги шариатга асосланган тузумни барпо этиш. Бу ИШИДнинг асосий мақсади. Агар, ИШИДнинг бугунги қудрати, салоҳияти ва имкониятига келсак, уларни кучли, деб бўлмайди. Ҳозир кичик, кичик гуруҳлардан иборат. Жосуслари ва хайрихоҳлари бор. Аммо бир йирик ҳужум уюштириш, бунинг учун лозим бўлган қурол-яроғ ва бошқа воситаларни қўлга киритишга қанчалик қодир ва имконли экани эса, бошқа бир масала. Демоқчи бўлганим, ИШИД Марказий Осиёда жиддий бир ҳужум уюштиришга қодир, дейишга ҳали эрта. Чунки ҳозир бутунлай Афғонистон ва Яқин Шарққа ўралашиб қолган. Бошқа давлатларга эътибор қаратиш даражасидаги аҳволда эмас. Аммо ИШИД сафларида жанг қилиш учун Марказий Осиёдан Яқин Шарққа кетиб, у ердаги жанглар ва амалиётлардан омон қолган фуқароларининг қайтиши жиддий таҳдид ва йирик муаммо туғдириши мумкин. Чунки улар ҳарбий тайёргарликдан ўтган, жанг қилган, қурол-яроғдан қандай фойдаланишни билади. Ортга қайтгач, бу ишга қайта қўл уриш салоҳиятига эга. Минтақа давлатлари ҳукуматлари қаршисида турган муаммо эса, уларга касб-ҳунар ўргатиш, ишли қилиш, оддий ҳаётга қайтишларига кўмак бериш. Чунки улар ўзлари бўлган муҳитда зўравонлик ва радикализмдан бошқа нарсани кўришмаган. Аммо бу инсонларнинг орасида буни истамайдиганлари бўлса, улар ўз она Ватанларида ҳам бошқаларни жангариликка ёллашга уриниб кўришлари мумкин. Минтақа давлатлари учун яна бир таҳдидга айланишлари эҳтимол.

Тарихча ўрнида: Шу пайтгача Сурия ва Ироқ ҳудудида фаолият олиб бораётган ўзбек жангариларининг уч гуруҳи маълум бўлган.

Булар: “Имом Бухорий” катибаси, “Тавҳид ва Жиҳод” ва ИШИДнинг “Хуросон” қаноти, дея кўрилган.

Сўнгги икки-уч йил ичида халқаро коалициялар ва бу икки давлат ҳукуматлари томонидан ИШИДнинг Ироқ ва Сурияда деярли тор-мор этилганига оид баёнотлар янграган.

Уларнинг бу каби баёнотлари манзарасида ўзбек жангариларининг сўнгги тақдирлари борасидаги аниқ маълумотлар имконсизлигича қолмоқда.

Айнан кечаётган йилда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти минтақавий аксилтеррор бўлинмаси ижроий қўмитаси раиси, “Сурияда омон қолган ИШИД жангариларининг 90 фоизи Афғонистонга ўтишган”ини даъво қилиб чиққан.

Жумахон Ғиёсов, “бу жангариларнинг 80 фоизи Россия, Марказий Осиё ва Хитой фуқаролари бўлишгани, улардан 4500 нафари Афғонистон шимолига сафарбар этилишгани”ини иддао қилган.

Аммо унинг шу йил май ойида қилган бу баёноти ҳам минтақавий экспертларнинг қарама-қарши акс-садоларига сабаб бўлганди.

Яқин Шарқда “деярли тор-мор этилгуни”га қадар ИШИД гуруҳи сафларида икки мингдан тўрт мингтагача Марказий Осиё фуқаролари жанг қилишгани ишонилган.

Манба: Би-би-си Ўзбек