Тўхтамишхон

Тўхтамишхон
33 views
16 December 2018 - 7:00

Тўхтамиш, Тўхтамишхон (1342—1408) — Олтин Ўрда ҳукмдори (1380— 97). Жўжихон наслидан бўлмиш Тўйхожанинг ўғли. Отаси 1375 й. Оқ Ўрда ҳукмдори Урусхон томонидан қатл этилгандан сўнг Тўхтамишхон Амир Темур ҳузурига (1376) келади ва Соҳибқироннинг беғараз мадади туфайли аввал Оқ Урда (1377), кейин Мамай қўшинларининг Куликово жангада енгилганидан фойдаланиб Олтин Ўрдатахтини қўлга киритади (1380).

Тўхтамишхон ички низоларга бархам бериб, 7 йил ичида Олтин Ўрда давлат бирлигини қайта тиклашга эришади. Сирдарёдан Днестргача, Сиғноқ ва Утрордан Киевгача чўзилган улкан салтанатнинг хонига айланади. Унга қарши бош кўтарган рус князликлари хамда литваликларни мағлубиятга учратади. 1382 йили ҳийла бн Москвани олади, шаҳарни талонторож қилиб ёқиб юборади. Муваффақиятлардан маълум даражада эсанкираган Тўхтамишхон Амир Темур салтанати ҳудудларини қўлга киритишга ошиқади. Амир Темурнинг ғарб сафаридалигидан (1381) фойдаланиб, Озарбайжон ҳамда Мовароуннаҳрга бостириб киради, Самарканд ва Бухорони қамал қилади. Лекин бу шаҳарларни олишни уддасидан чиқолмайди. 1388 йилнинг феврал да Соҳибқирон қўшини бн Тўхтамишхонга қарши Шероздан йўлга чиқади. Тўхтамишхон Амир Темур бн юзмаюз тўқнашишдан воз кечиб, зудлик бн Дашти Қипчоққа қайтиб кетади. 1391—95 йилларда Т. Соҳибқирон бн бўлган Қундузча ҳамда Терек дарёси бўйидаги жангларда мағлубиятга учраган.

Олтин Ўрда пойтахти Саройни ишғол қилган Амир Темур қочоқ Тўхтамишхон ўрнига Темур Қутлуғни хон этиб кўтаради. 1397— 99 йилларда Тўхтамишхон Литва қироли Витовт ёрдамида Темур Қутлуғ ва Идиқу (Едигей)га қарши олиб борилган ҳарбий ҳаракатларда муваффақиятсизликка учрайди. Темур Қутлуғ вафотидан (1401) кейин Тўхтамишхон Олтин Ўрда тахтини қайта эгаллаш ҳаракатида бўлди. 1408 йили Тюмен шаҳри атрофларида қўлга туширилган Тўхтамишхон Идиқу томонидан ўлдирилган.

Ҳамидулла Дадабоев

facebook.com