Пойтахт

Пойтахт
95 views
16 December 2018 - 8:00

 

 

ПОЙТАХТ…

Осонликча топсам вилоятда нон,
Аслику эшигинг қоққим йўқ пойтахт.
Мени кўрсанг тўлар кўзларингга қон,
Боламни қийналиб боққим йўқ пойтахт.

Бизни соғиб айлар миршабинг шикор,
Ўгай боланг бўлдим…қилмагил инкор.
Айт қачон “рўйхат”инг бўлгайдир бекор?
Унга қадар бағрим ёққим йўқ пойтахт.

Мендан қилган каби аҳолинг хазар,
Не учун қиладир мудом паст назар?
“Қомус”у “қонун” хам бизга чох қазар,
Нафрат дарёсида оққим йўқ пойтахт.

Уриб, сўкиб, туртиб, тепкилаб тепа,
Мағрурсан йўлимга ғовларни сепа.
Чориғин унутган “буйруқбоз тепа”,
Улардек бойлигинг соққим йўқ пойтахт.

Наҳот ўйлайсанки бўлса иноят,
Биз келсак бағрингда урчир жиноят?
Нима гуноҳ қилди ахли вилоят?
Гохи чехранггада боққим йўқ пойтахт.

Бағрингдан қувилиб кўзни ёшласак.
Рахми келмайдиган дилни ғашласак.
Лек мамнун бўлгувчи суяк ташласак,
Кўппакларингга хеч ёққим йўқ пойтахт.

Бу қандай вазирлик, қандоқ хукумат,
Қонуни келтирса элга уқубат.
Султоннинг ўзи хам қилсангчи диққат,
Вилоятданку деб қалққим йўқ пойтахт.

Уруш чоғи ёвни хандаққа тиқсак,
Жон олиб, жон бериб душманни йиқсак,
Бу надир тинчлик чоғ чиқитга чиқсак,
Десайдинг чаёндек чаққим йўқ пойтахт.

Навоий бўлсайди тирик бу замон,
“Рўйхатдан ўткизмай” қилганча сарсон,
Уни хам аямай қийнардинг ёмон,
Тасаввур дўпписин таққим йўқ пойтахт.

Фақат пули борга ёрмисан Тошкент?
Бойга кенг фақирга тормисан Тошкент,
Биз осилган баланд дормисан Тошкент?
Алам осмонида балққим йўқ пойтахт.

“Рўйхатингдан ўтган” бўлса арман шаҳс,
Қучоғингда яйрар, ортиқчадир баҳс.
Лек яйрашга токи “қарор” бўлмас наҳс,
Ўзбек бўла туриб хаққим йўқ пойтахт?

16:46-15.12.2018
Абдураҳмон Мешаян

facebook.com