Муаммо ўзимизда

Муаммо ўзимизда
179 views
16 December 2018 - 10:00

Яқинда бир каттаконнинг фарзанди вафот этди. Жанозага таклифнома чиқариб тарқатишди. Казо-казолар келди. Жанозада қатнашган икки қариндошимни суҳбатига қулоғим тушиб қолди.

Айтишларича энг катта авторитетлар фалончибой ва пистончибойлар жанозага пойтахтдан келибди. Қариндошим Тошкентда юрган вақтида фалончибойвачча билан яхши алоқада бўлганлиги учун у билан қучоқлашиб кўришибди.

Икки бойваччани жанозага қандай кириб келганидан, қандай кетгунига қадар бўлган воқеани ҳаяжон билан, катта мароқ билан гапириб берди.

Унинг бу гапларини эшитиб турган бир тўда оломон унга ҳавас билан қаради. Ўша қариндошим ўрнида бўлишни, ўша ювуқсиз қўлдан тутиб, кимсан фалончи билан сўрашганини фахр билан айтишни хоҳлади.

* * *

Дўстлар билан улфатчиликда ўтириб, Гулнора Каримова муҳокамасига киришиб кетдик.

Бир дўстим “уни ўрнида ҳар қандай одам олар эди. Даданг президент бўлса, олдинга бир чемодан пулни олиб келиб тўкса, ким олмайди? Мана ман дегани ҳам олади.

Аслида, Гулнорани ўрнида бўлишни ҳамма орзу қилади“, деди. Худди бир нарса ихтиро қилиб “эврика“ дегандай.

Қолганлар ҳам уни гапини тасдиқлагандай бош ирғаб қўйди.

* * *

Аввалги президент ва уни атрофидагилар ўмарган пулларни гапира туриб бир дўстим “шунча ҳам ўғирлайдими? Шунча пулни нима қилар экан?“, деди.

Гап оҳангидан ажабланиб “Сен бўлганингда қанча ўғирлардинг?“, деб сўрадим.

Бир оз ўйланиб турдида “бир миллиард олсам етарди“, деди.

* * *

Ўйланиб қолдим.

Жамиятда порахўрлик, ўғирлик ва қаллоблик бу даражада кенг авж олгани бежизга эмас. Энг катта муаммо телефон ўғирлаганни “ўғри“, деб қамаб, миллиард ўғирлаганни ишбилармон деб билишимизда.

Ўша фалончи бой, пистончи бойваччаларга ҳавас билан қарашимизда. Уларни ўрнида бўлишни орзу қилишимизда.

Жиноят қилгани учун эмас, улар каби миллиардларни ўғирлаш учун шароит бўлмаганидан куйинишимизда.

Ҳар қандай одам ҳам олар эди, деб ҳаммани номидан фикрлаб, ўз қалбидаги маразни ошкор қилган бўлсада, афсуски, ҳақ эди. “Ҳамма”, деса эҳтимол, хато бўлар. Аммо аксар одамлар ўша бир дипломат пулни ҳаводан келишини орзу қилиб яшаши сир эмас.

Бир миллиард ўғирлайдиган мени суҳбатдошимни ҳам аввалги президентдан кам жойи йўқ. У ҳам бир вақтлар “бир миллиард ўғирлайман, етади“, деб бошлаган. Русларни “иштаҳа овқат вақтида келади“, деганидай бир миллиард олган одам, ўн миллиардни, ўн миллиардни олган – юз миллиардни хоҳлайди.

Аллоҳ биз бандалари учун чегараларни яратган. “Бундан у ёғи қизил чизиқ“, дейилади ва мусулмон одам чизиқни у ёғига ўтмайди. Бир марта чегарани босган одам, яна ва яна босаверади. Инсон ҳар қандай гуноҳни биринчи марта қилганда қўрқади, қийналади. Кейингиларида одатланиб кетади. (Ҳар ким биринчи марта сигарет чеккандаги ҳолатини, зино қилгандаги ҳолатини, ўғирлик қилгандаги ҳолатини эслаб кўриши мумкин.)

Кўз бўямачилик учун ойда бир-иккитасини пора билан ушлаб, қамагани билан, қасам ичиргани билан ҳеч нарса ўзгармайди. Қачонки жамият ўша гуноҳдан (хоҳ пора бўлсин, хоҳ ўғирлик, хоҳ ҳаромдан топилган мол) жирканмагунига қадар бу нарсалар авж олаверади. Масалан: жамият гейлардан ҳазар қилади. Трансларни қабул қила олмайди. Лезбиянкаларни тошбўрон қилишга тайёр. Бу нарсалар ҳақида гапиришга, қасам ичиришга ҳожат йўқ. Шундоқ ҳам ҳеч ким уларни ҳавас қилмайди. Бир дастурхонда ўтирмайди. Сўрашишни фахр деб билмайди. Аммо ўғрини ҳурмат қилади. Порахўрни тўрига ўтқизади.

Гапларимни исботи сифатида божхоначи, солиқчи, прокурор, судья, банкир каби соҳа эгалари бўладиган олийгохларга топшириш илинжида юрганларнинг сонидан ҳам билсангиз бўлади. Энг катта порахўрлик, ўғирлик бор соҳаларда одам қайнайди. Ўқитувчи, қурувчи, инженерлар кўпчиликка керак эмас. Нимага? Чунки кўз ўнгидаги, атрофидаги, қариндош уруғидаги прокурор ва ўқитувчини мавқейини ёш йигит жуда яхши билади. Муаммо ойликда эмас. (Порани ва ўғирликни қўшмаса ойликда унча катта фарқ қилмайди.)

Муаммо ўзимизда. Қачонки порахўр, ўғри, қаллоб амалдорларга ҳавас билан эмас, ўтларга қарагандай қарасак, фарзандларимизни ўшандай одамларга ҳавас қилиб, ёшлигидан онгини заҳарлаб катта қилмасак бу муаммолар ўз ўзидан жамиятда камайиб боради. Йўқса, фалончи акани қўлини ушлаганимиз билан фахрланиб юраверамиз.

Саййид Ислом

facebook.com