Урганчнинг иккинчи умри

Урганчнинг иккинчи умри
24 views
16 December 2018 - 19:01

Комил ХОРАЗМИЙ:

УРГАНЧНИНГ ИККИНЧИ УМРИ

Манбаларда “Гурганж”, “Урганж” шаклида номи қайд этилган Урганч шаҳри тўғрисида фикр-мулоҳаза юритишдан аввал бу шаҳарнинг биринчи минг йиллик бошида гуллаб, яшнаганини ёдга олмоқ маъқул, деб ўйлайман. Камина “Буюк Беруний” номли достонимда ана ўша тарихни қисман таърифлаган эдим:

Карвонлар ўтади қўнғироқ чалиб,
Кўҳна Шарқ тобора борар юксалиб.

Рақобатдош эрур Турону Эрон,
Арабий лисонда сўзларлар бийрон.

Барига сабабдир билим деган ганж,
Хоразм бирлашди – пойтахтдур Урганж.

Минг йиллик шу йўсин топди-ку якун,
Билим машъалидан чароғон очун.

Ҳақиқатан ҳам тарихга бир қур назар ташласак, араб ва форс олимлари Хоразмнинг юксалишига катта улуш қўшганликларини англаймиз. Хусусан, хоразмлик олиму шоирларнинг аксарияти араб, форс тилларида асар битганлар. Аммо, шу баробарида Хоразмнинг қадимий маданияти сақланиб қолгани ҳам маълум. Тўғри, хоразмий ёзуви ва тили аста-секин йўқликка юз тутди; бироқ, муқаддас замин ўзининг руҳий оламини бой бермади. Манбаларда қайд этилишича, буюк аллома Абу Райҳон Беруний илм-фан дунёсига эндигина қадам қўяётган биринчи минг йиллик охирида унинг юртига Урганч амири бостириб киради. Таниқли олим П.Г. Булгаков “Абу Райҳон Беруний” номли рисоласида ўша фактни келтиради: “995 йили Урганч амири Маъмун ибн Муҳаммад кутилмаганда Котга ҳужум қилиб, уни босиб олади, котлик Хоразмшоҳни қатл эттириб, бутун Хоразмни ўз ҳукми остига бирлаштиради. Бу уруш барча… қатори Берунийга ҳам ғоятда қимматга тушади: унинг қанчадан-қанча машаққатлар билан ясаган глобуси, кўп йиллик кузатишлар натижасида эришган илмий ютуқлари йўқ бўлди.” ( (П.Г. Булгаков. “Абу Райҳон Беруний”, Тошкент, 1973. 11-бет.)

Мазкур рисолада таъкидланишича, босқинчи подшоҳ 997 йилда оламдан кўз юмади; 997 йилда Хоразм тахтига ўтирган Али ибн Маъмун аллома Берунийни ўз юртига қайтишга таклиф этади. Демакки, Хоразмнинг юраги Урганч бундан салкам бир мингу йигирма йил аввал ўзининг олтин даврига қадам қўйган экан. Бу шаҳарда Маъмун академияси тузилгани, бу академия токи 1017 йилга қадар фаолият кўрсатгани мулоҳазаларимизнинг яққол далили ҳисобланади.

Подшоҳ ва адиб Абулғозий Баҳодирхоннинг ёзишига қараганда, пойтахтнинг Урганчдан Хивага кўчирилишига Амударё ўзанини ўзгартиргани сабабчи бўлган. Камина ўша тарихни назмга шундай тизади:

Дерлар: дарёнинг ҳам париси бордур,
Парининг қарори асл қарордур.

Чўл ҳосил бўларди сув тортилганда,
Руҳият чўкарди ғам ортилганда.

Қуриб қолар эди гоҳо дала-туз,
Урганж таназзулга бурар эди юз.

Шундай тадбир тузди Араб Муҳаммад,
Хивани пойитахт қилгайдур албат!

Бугунги кунда Хива шаҳри жаҳон сайёҳларининг зиёратгоҳига айлангани маълум. Хоразмнинг аввалги минг йилликнинг олти асридаги пойтахти қолдиқлари эса Кўна Урганч ( “Кўна” хоразмча шевада “эски” демак.) да сақланган бўлиб, ўттиз гектарлик табаррук майдон Туркманистон Республикаси ҳудудидадир. Ниҳоятда қулай нуқталарда, Шовот каналининг икки соҳили бўйларида эса Янги Урганч қад ростлади. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Истиқлолдан кейинги йилларда бутунлай қайтадан қурилди. Дейлик, бундан йигирма йил аввал Урганчни келиб кўрган сайёҳ яна қайтадан шаҳарни кезса кўзларига ишонмаслиги аниқ.

Шаҳарсозликнинг ҳам миллий, ҳам европача усуллари ўзаро қоришиб кетганлиги сизга бетакрор завқу шукуҳ бағишлайди. Ўта нозик дид ила қурилган иншоотлар, турар-жойлар, хиёбонлар, кўллар ҳақиқатан Хоразм юрагига айланган шаҳарнинг ўтмиши ва ҳамда бугунги куни қиёфаларини рамзий маънода муштарак айлаган.

Манбаларда “Хоразм” атамаси хусусида ажабтовур маълумотлар учрайди. Камина шу маълумотларнинг айримларини назм ипига тузган эди:

“Хоразм” не демак? “Қуёш ўлкаси”,
Унда зоҳир эрур малак нафаси.

Зардушт юртин “Гаиризао” демиш,
Бунда ўт-ўлан кўп, кўп эрур емиш.

“Хоарразм” – гўшт ва ўтнинг макони,
“Хаҳрезм”дир – баҳодирлар майдони.

“Хўвор зам” – “Қуёш ери ўлкаси”дир,
“Зам”ни “зем” деганлар ўтмишда ахир.

Балки “земля” сўзи бизники азал,
Хоразмча бермиш кўп сўзга сайқал.

Ғаройиб жиҳат шундан иборатки, биз кўниккан русча сўзларнинг айримлари қадимий хоразмий тилига мансублиги борасида фикр-мулоҳазалар айтилмоқда. Бу бежиз эмас. Негаки, олис ўтмишда гуллаган, гуркираган Хоразмнинг ажабтовур тарихи ҳали тўлақонли ўрганилган эмас. “Авесто”, Султон Жалолиддин Мангуберди тарихига оид ёдгорликларнинг Урганчда шаҳар ҳуснига ўзгача маъно-мазмун бағишлаётгани инсони тўлқинлантириб юборади. Бир достонимда шу воқеликни таърифлаган эдим:

Асл ўғлонингни мангуга берди,
Бугун шараф топган, бил, Мангуберди.

Жаҳон нигоҳида турибди Хива,
Чунки, бунёдкорлик кетмас беҳуда.

Бутунлай бошқадан тикланмиш Урганч,
Тиллодек ярақлар пештоқларда ганч.

Буюк бунёдкорлик этмоқда давом,
Тилларда жаранглар “ўзбек” деган ном.

Ўзбекистонни букун тан олмиш жаҳон,
Тилакка куч берур мусаффо осмон.

Бу кун воқе бўлмиш Зардушт ўйлари,
Эзгу ниятларга туташ тўйлари.

Эзгулик бир ғолиб бўлғай муттасил,
Шу йўлда фидойи юртнинг каттаси.

Унинг фармони-ла юртим Хоразм,
Қайтадан тикланмиш – солиб кўр разм.

Воҳани танимай қолурсан баъзан,
Ҳеч нишон қолмабди эски шаҳардан.

Боғлар товланади минг битта тусда,
Хивага борурсан троллейбусда…

Ўсмирлик даврларимни кўп эслайман. Ўтган асрнинг етмишинчи йиллари… Туғилиб, ўсган юртим Хонқа вилоят марказига ёндош бўлгани боис шу шаҳарга тез-тез бориб, манзараларини томоша қилар эдим. Айниқса, “Комсомол кўл” дея аталмиш сув ҳавзаси диққатимизни тортарди. Ана ўша идрокка муҳрланган лавҳаларни бу кунги лавҳалар билан хаёлан солиштирсам осмону ерча тафовут мавжудлигига ишонаман. Гоҳо Урганч кўчаларидан кетаётиб ўзимни худди Тошкентда юрган каби ҳис этаман. Қарангки, қисқа муддатда Урганч шаҳри ниҳоятда тараққий этибди. Ўз-ўзимча хаёл қиламан: айнан мустақилликдан кейин Урганч шаҳрининг иккинчи умри ибтидо топмадимикан? Ҳа, чиндан ҳам шундай. Авваллари жаҳоннинг турли гўшаларидан келадиган сайёҳлар тўғри Хивага ўтиб кетган бўлсалар, эндиликда саёҳатни вилоят марказидан бошлайдилар. Урганч темир йўл вокзалининг замонавий усулда барпо этилгани сайёҳларга бир олам завқ улашади. Шовот каналида эса саёҳатчилар учун кема қатнови ҳам йўлга қўйилган. Амударё сувларини ўзида мавжлантирадиган мазкур канал равиши ўзгача. Зотан, 1863 йил май ойида Хоразмга ташриф буюрган венгер олими Ҳерман Вамбери бу дарё сувини мақтаб ёзганидан воқифмиз: “ Туркистон халқи Амударё сувининг мазалилиги ва ёқимлилиги жиҳатидан дунёда тенгсиз дарё эканлиги билан, албатта, фахрланади. Унга бу жиҳатдан ҳатто, муборак Нил дарёси ҳам бас келолмайди.” (Давлатёр Раҳим, Шихназар Матрасул. “Феруз”, Тошкент, 2011, 24 бет) Шунингдек, Вамбери Хоразм тупроғида ўсадиган мева-чеваларни, полиз маҳсулотларини кўкларга кўтариб ёзади. Бундай таърифу тафсифлар бизни қувонтиради. Чунки, биз ўзимиз Европа мамлакатларини бир кўрсам, дея орзулаймиз-да!

Мен Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси устоз Муҳаммад Али ҳузурига кирганимда, китобларимни варақлади-да: “Хоразмий, ҳозирги вақтда ўз элингизда амалга оширилаётган бунёдкорлик амалларидан хабардормисиз? Юртбошимиз мақтаяптилар-ку ахир?! Шу тўғрида публицистик асарлар ёзсангиз бўлмайдими?” деди. Уйимга келиб, Урганч шаҳри манзаралари туширилган фотоларни томоша қилдим-да, юрагим жўшди. “Ўзимизнинг Хоразм-да!” деб ўйлаб, бунёдкорлик ишларига унчалик эътибор қаратмас эканмиз. Булар тўғрисида ёзмоқ лозим экан. Чунки, ҳар бир яратиқнинг ўз тарихи мавжуд.
Манбаларда қайд этилишича, 1644 йилда Хива тахтига Абулғозий Баҳодирхон чиқади. Айнан шу хон Янги Урганч шаҳрига асос солган. Абулғозихон хасталикка чалингани боис тахтни ўғли Анушахонга топширади. Анушахон Хоразмдаги энг йирик канал – Шовот каналини қаздиради.

“Ҳазрати Полвон Пир” рисоласи муаллифлари: Икром Раҳимов, Комилжон Худойберганов бу тўғрида шундай деб ёзишган: “Абулғозихон тарихда буюк ислоҳотчи ҳукмдор ва олим сифатида ном қолдирган. У ўз замонасида кўплаб каналлар қаздириб, улар бўйига халқларни кўчириб келган. Хонликдаги майда-майда уруғлар ва қабилаларни бирлаштириб, ер-сув можаросини ҳал қилган. Давлат бошқарувида ислоҳот ўтказиб, 360 ўзбекка лавозим тайинлаган, шулардан 32 кишига ўз ёнида жой берган. 1646 йилда Янги Урганч шаҳрини қурдирган…” (Икром Раҳимов, Комилжон Худойберганов. “Ҳазрати Полвон Пир”, Хива, 1999.) Демак, келаси йилда Урганч шаҳри харитага тушганига уч юз етмиш йил бўлар экан. Анушахоннинг 1689 йилгача подшоҳлик қилганини ҳисобга олсак, Урганч шаҳри ва Шовот каналининг мутаносиблигини таъминлашга қирқ уч йиллик вақт сарф бўлган. Табиийки, Урганчнинг ўша вақтдаги кўринишлари феодал давлат фуқаролари дунёқарашини ўзида акс эттирган. Аммо, шаҳар ва Шовот канали мутаносиблиги бугунги кунгача ўзгармасдан келмоқда.

Урганч шаҳрининг ҳозирги манзараларини томоша қилар экансиз, худди шу жиҳат эътиборингизни ўзига тортади. Шовот канали қирғоқларидаги иншоотлар, шу жумладан, кўприкларнинг қайта таъмирланиши шаҳар кўркини янада очиб юборгандек гўё. “Ёшлар кўли” манзаралари кўнгилга хуш ёқади. Қайдаки, сув ва майсалар, гулу чечаклар мавж урар экан тирикликнинг, тирикчиликнинг боқийлигига иймон келтирасан киши!

Ҳар нарсанинг ўз ҳикмати бор. Хоразм тупроғи сувни кўп талаб этиши ҳам бор гап. Негаки, еримиз – шўрҳоқ ерлар. Кўклам аввали лойқа сувлар ила ер шўри ювилмаса ёзу кузда ҳосил чўғи юқори бўлиши даргумон. Шу ўрҳокликнинг ҳам бошқача жиҳатларини кўрасиз. Дейлик, эртапишар қовун гурвак шўрҳок тупроқда сувга шўнғиган балиқдек бўлади. Кўриниши зомча (ҳандалак) дан салгина йирикроқ гурвакка пичоқ тортиб юборсангиз борми, асал ифори димоғингизга урилиши тайин. Тилло тусидаги мағзи оғизда болдек эрийди; ҳаттоки пўчоғини тановул қилгингиз келади. Июлнинг охирроғида айни ширага минадиган гурвакни Урганч бозорининг ўзида кесганга не етсин?! Оҳ, оҳ!

“Буюк Беруний” достонида камина шу тўғрида мисралар битганман:

Махсус идишларда сақланган гурвак,
Олтиндек товланиб турибди бешак.

“Марҳабо, аллома!” дейди шоҳ Маъмун,
Гурвакка бир қара, татиб кўр таъмин.

Оғизда эригай ҳалво мисоли,
Кел, сен ила қадаҳ уриштироли!”

Хоразмликлар роҳатланиб, мазза қилиб яшашни ҳазатиб яшаш, дейдилар. Минг йил аввалги тарихга назар ташлайдиган бўлсак ҳазатиш жараёни воқе бўлганлиги ойдинлашади. 1015 – йиллар… Хоразмга ҳали Маҳмуд Ғазнавий панжасини чўзмаган даврлар… Ана шундан сўнг қанчадан-қанча нохушликлар Урганч аҳлини дилини хира торттирмади, дейсиз. Бу кун ўша тарих ортда қолди. Хивага – афсонавор шаҳарга яқин жойга кўчган Урганчнинг олтин даври ибтидо топгани рост! Урганчда афсоналар ҳақиқатга айланмоқда. Бу, шубҳасиз, идрок ва қўл ила бажарилмоқда. Келажак авлод орадан юз, икки юз йиллар ўтгач бу кунги яратиқларга термулар экан, аждодларини мамнун бўлиб, фахрланиб эслаши муқаррар.

* * *

Комил Хоразмий (Комил Машарипович Жуманиёзов) 1957 йилда Хоразм вилояти, Хонқа туманида туғилган. Шеърлари вилоят, республика матбуотида ёритилган. Шоирнинг “Кўнглим сендадир”, “Буюк Беруний” номли китоблари нашр қилинган.

facebook.com