Аввал ислоҳотни атрофингиздан бошланг, ҳурматли Президент

Аввал ислоҳотни атрофингиздан бошланг, ҳурматли Президент
29 views
16 December 2018 - 21:53

Президент Шавкат Мирзиёев халқни боқибеғамликда айблаши ортидан Би-би-си мухлислари унга ўз фикрларини билдиришди. Изоҳларда “халқ янги Президентга ишониб қаддини тута бошлаганида” яна орқага қайтиш бошланганлиги айтилади.

Президент Мирзиёев матбуот хизмати хабар қилишича, у жойлардаги ҳокимликларни сусткашликка, халқ эса улардан талаб қилишда бефарқликка йўл қўяётганини танқид қилган.

“Халқимиз яхши яшашини, ривожланган давлатлар қаторига чиқишни истаймиз. Лекин ҳеч ким меҳнатсиз, машаққатсиз натижага эришмаган, эришолмайдиям! Президент келиб йўналиш беради, вазифа қўяди. Уларни ким амалга оширади? Одамлар қачон уйғонади?” – дея савол қўйган президент.

Би-би-си Ўзбек хизматининг Facebookда қолдирилган изоҳларидан бирида “уйғонган одам борки, кўзини қамоқда очаяпти”, деб ёзилади.

“Уларни (қамалганларни) кўрган, эшитган қолган халқ қўрққанидан уйғонгиси йўқ, дейди Барно Аксакалова.

“Ўрта Осиё Ҳалқини аввал коммунистлар 70 йилдан кўпроқ қон қақшатди. Кейин мустақил бўлиб ҳам 27 йил рўшнолик кўрмади. Энди халқимиз сизга ишониб эгилган бошини кўтариб, қаддини тута бошлаганда яна орқага қайтиш бошланди”, деб ёзади Равшан Турсунхўжа.

“Халқимиз ишониш ишонмасликни билмай қолди, ўз хуқуқини талаб қилиб чиқса, яна қама-қама бўмаслигига кафолат йўқ. Негаки қутурган итлар ва каламушларни бир нечтасини қамаганингиз билан акула, анаконда, қашқирлар бемалол юришипти. Аввал ислоҳотни атрофингиздан бошланг, ҳурматли президентимиз. Кейин халқимиз ишона бошлайди, деб ўйлайман”, дейди у.

Normel Dyud исмли изоҳ қолдирувчи матбуот чегараланган, ТВда ёлғон ахборот берилса, Facebook, Youtube лар блокланган бўлса, халқнинг омилигига ким айбдор, деб савол беради.

Худди шу каби саволни Ilhom Davron ҳам сўраган.

“Бизнинг уйғонганимизга икки йил бўлди. Ким фейсбукни блоклади?”, дейди у.

Изоҳ қолдирганларнинг айримлари, ўз фикрини очиқ айтгани учун 15 суткага қамалган блоггерларни ҳам эслаб ўтган.

“Президент бобо, ҳа бизниям бемалол гапириб, танкидлар қилгимиз келади. Керакли вақтларда. Лекин обориб қамаб қўйишидан, озгина дух падат қиляптида”, дейди Жасурбек Абдурахманов.

Destan Omar Oglu фикрини машҳур шеър билан изоҳлашга ҳаракат қилган.

Ишонишиб қишнинг илиқ кунига

Баъзи бир дарахтлар куртак ёзибди.

Айёр қиш ўраниб баҳор тўнига

Соддалар остига чуқур қазибди…

Фикр қолдирувчилар жамиятда ҳуқуқни талаб қилишдан кучли қўрқув ҳамон борлигини айтишган.

Рашид Аллашукуров Фархадович Ўзбекистонда бирор ўзгариш бўлиши учун халқаро ҳамжамиятнинг босими керак бўлаётганини айтади.

“Қайси соҳага эътибор каратилса, ўша соҳа синяпти. Интернетни 10 баробар тезлашганини биров сездими? 2019 йил тиббиётни ривожлантириш йили дейишяпти. Ишқилиб бу соҳага ҳам акс таъсир қилмаса бўлди”, дейди Mahmud Obidov.

Anvar Safarov Президентга ўз таклифларини берган.

“Уйғоқ ташқаридагиларни киритинг, ОАВ орасида танқид бўйича конкурслар ўтказинг ва уларни куч ишлатар тизим ва ўзингиздан ҳимоя қилишга ваъда беринг. Натижа тез орада келади, Шавкат Миромонович!”

“Уйғонаман, деб ўрнидан тураётган одамнинг бошига уришяпти-ку. Яна халқ айбдорми”, дейди Adham Pirmatov.

Изоҳ қодирувчилар орасида Мирзиёевнинг гапларини тасдиқлаганлар ҳам бор.

“Президентимизни айнан шу гапларида жон бор. Қуйи бўғиндаги амалдорлар ўз ваколатларини эплаб бажаролмагани учун ҳам адолатсизликлар бўлаяпти.Улар ўз нафсларидан келиб чиқиб вазифа бажараяпти холос. Қалб кўзи уйғоқ одамларни кўрарга кўзи йўқ. Айрим амалдорчалар ,президентинг айтаверади деб ўзича давлат бўлиб олган. Айниқса,МИБчилар жуда қутуриб кетган.Одамларимиз ўзлариям ана шундай камчиликларни кўрсатиб ҳақ ҳуқуқлари учун курашишлари керак”, дейди Сусамбил Маликаси.

Adham Pirmatov ҳаммасига бир-бирига боғлиқ эканлигини айтади.

“Мирзиёев ҳам Каримовнинг ишини давом эттирмасайди ҳали. Халқни ташқарига мажбуран ҳайдаб, четга чиқиб ривожланишни кўриб келсин, деб”.

Давлат бошқарувини модернизациялаш бўйича мутахассис Азиза Умарова Facebookдаги ўз саҳифасида Ўзбекистон келаси икки йилда жуда ҳам кескин танлов олдида турганини айтади.

“Ё Ўзбекистон тизимли ислоҳот қилади, яъни коррупция ва уруғ-аймоқчиликни синдириб, ишчи ўринлари яратади. Шу билан жойлардаги инклюзив ўсиш ва одам капиталининг ривожланишини таъминлайди. Ёки оқим бўйича сузиб, ҳеч нарса қилмайди. Кейин ҳар йили бир-неча миллион эркакни кўздан узоқ бўлган Россияга ишлашга юборади. Одам бўлмаса, муаммо ҳам бўлмайди”.

Мутахассисга кўра, иккинчи йўл Ўзбекистонни ЕврОсиё иқтисодий иттифоқига қўшилиш ва мустақилликнинг битиши билан тугаши мумкин.

Манба: Би-Би-Си Ўзбек