Тeрeк дарёси бўйидаги жанг

Тeрeк дарёси бўйидаги жанг
74 views
17 December 2018 - 8:00

ТЕРЕК ДАРЁСИ БЎЙИДАГИ ЖАНГ (1395-йил 15-17-апрел)

Амир Темур ва Дашти Қипчоқ ҳукмдори Тўхтамишхон қўшинлари ўртасида Шимолий Кавказдаги Терек дарёси бўйида, Нўғай даштида содир бўлган жанг. Амир Темур 250 минг атрофидаги қўшинини 7 қўлга бўлиб, жанггоҳга жойлаштирган. Марказда асосий қўл, унинг олдида бош ҳиравул (манғлай), ортида эса чағдавул (арергард) турган. Қўшиннинг ўнг ва сўл қанотлари қунбуллар билан мустаҳкамланган. Тактик жиҳатдан бу ҳарбий қўшилмалар мустақил ҳаракат қилган ва фақат олий бош қўмондонга бўйсунган.

Соҳибқирон қўллаётган жанговар тартиб усулининг устун томонларини 1391 йилги жанг пайтида пайқаб олган Тўхтамишхон ҳам ўз армиясини жанг майдонида худди рақибидек жойлаштирган. 15-апрел чоршанба куни қарама-қарши томон қўшинлари (тахм. 450-500 минг) жанговар байроқ ва туғларини кўтариб, такбир нидосини айтиб бир-бирига юзланади. Жанг муқаддимаси Кунча ўғлон, Бек Ёрлиқ ўғлон, Оқтау, Довуд сўфи ва Удурқу қўмондонлигидаги Тўхтамишхон қисмларининг Соҳибқирон қўшини жуванғарига қаттиқ ҳужуми билан бошланган. Сўл қанотнинг қўққисдан берилган зарба оқибатида оғир аҳволга тушиб қолганлигини кўрган Амир Темур марказий қўлдаги 27 сара қисмдан кўмак ажратади.

Ёрдамга ўз вақтида етиб келган аскарлар душман шиддатини қайтариб, қарши ҳужумга ўтади ва ғанимни қочишга мажбур этади. Қочаётганларни таъқиб қилишга берилиб кетган анчагина суворийлар жанггоҳдан узоқлашиб кетади. Темурий жангчиларнинг йўл қўйган тактик эҳтиётсизлиги натижасида вужудга келган қулай вазиятдан фойдаланган Тўхтамишхон ўз аскарий сафларини қайта тартибга солиб, таъқибчиларга зўр беради ва уларни тўзитиб юборади. Кутилмаганда Соҳибқирон қўл остида турган қисмлар душман исканжасига тушиб, Амир Темурнинг ҳаёти хавф остида қолади.

Шарафуддин Али Яздийнинг тасвирлашича, Соҳибқиронга биринчи бўлиб кўмакка етиб келган амир Шайх Нуриддин раҳбарлигидаги отлиқлар зудлик билан отдан тушиб, ёпирилиб келаётган хон аскарларини ёйлардан тинмай отилаётган ўқлар билан тўхтатади. Муҳаммад Озод, Алишоҳ ва Тўкал бавурчи каби беклар араваларни бир-бирига боғлаб ғов ясайдилар. Соҳибқирон шу аравалар, улар устига қўйилган тура (қалқон) ва чапар (четан) паноҳида бўлади. Айлана мудофаада қолган Соҳибқиронга Аллоҳдод, Жаку, Ҳусайн Малик қавчин бошлиқ бўлимлар ёрдамга келади. Аммо, Тўхтамишхон қўшинининг ҳамласи борган сари кучаяди. Асосий қўлдан кўмакка ташланган Муҳаммад Султон Мирзо ҳамда Устайбек қўмондонлигидаги қисмларнинг жангга кириши, амир Жаҳоншоҳ ва амир Ҳожи Сайфуддин қўл остидаги жангчиларнинг пистирмадан туриб Дашти Қипчоқ армияси сўл қўлига кучли зарба бериши вазиятнинг маълум даражада ўнгланишига сабаб бўлади. Жангнинг иккинчи куни яна Тўхтамишхон қўшинининг ҳужуми билан бошланади.

Хон Исабий ва Бахши Ҳожи қисмларидан иборат жуванғарини муҳорабага ташлайди. Соҳибқироннинг ҳировули (авангард)ни улоқтиришга эришган бу қўшин қаноти Амир Темур баранғарида жанг қилаётган амир Ҳожи Сайфуддин туманини қуршаб олади ва тарқатиб юборади. Бир қанча аскарларнинг тўзғиб кетишига қарамай Ҳожи Сайфуддин қолган сафдошлари билан қаршилик кўрсатишни давом эттиради. Ўз қисмдошларининг матонат билан курашаётганини кўрган аскарлар ортга қайтиб, улар қаторига қўшилади.

Қийин аҳволда қолган бу туманга Жаҳоншоҳ баҳодир, Темур Хожа Оқбўға ва Рустам мирзолар мададга келади. Кечгача давом этган жанг ҳеч бир томоннинг устунлигисиз тўхтайди. Жангнинг сўнгги куни тағин Дашти Қипчоқ қўшинининг шиддатли ҳужуми билан бошланади. Тўхтамишхон отлиқ ва пиёдани сафга тизиб, марказ ва қанотларни қўшимча кучлар билан мустаҳкамлаб, ташаббусни ўз қўлига олиш илинжида жасур ва сара аскарларини жангга киритади. Айни вақтда хоннинг ишончли саркардаларидан бири Яғлибой ҳам жуванғар билан жангга ташланади.

Амир Темур ушбу душман жуванғарининг анча заифлашиб қолганлигини билган ҳолда асосий зарбани унга қаратади. Натижада, Соҳибқирон жангчиларининг кучли ҳужумларига бардош беролмай пароканда бўлган хон аскарлари қочишга тушади. Яғлибой қисмлари Усмон баҳодир бошчилигидаги баранғар томонидан яксон этилиб, улоқтириб ташланади. Яғлибой Усмон баҳодир билан кечган яккама-якка олишувда ҳалок бўлади. Ниҳоят, Соҳибқирон бутун жанг майдони бўйлаб ҳал қилувчи ҳужумга ўтади. 3 кун давом этган шафқатсиз олишув туфайли тинкаси қуриган Дашти Қипчоқ армияси қаршиликни бас қилади ва узил-кесил мағлубиятга учрайди. Тўхтамишхон жанггоҳни хос қўриқчилари паноҳида ташлаб қочишга муваффақ бўлади.

Амир Темурнинг ушбу даҳшатли тўқнашув вақтида ўта танг вазиятга тушиб, ундан фақат бор истеъдод, ғайрат ҳамда кучни ишга солиб шараф билан чиқиб кетиши унинг Тўхтамишхондек қудратли ҳарбий кучга эга бўлган, салоҳиятли саркардадан устун келганлигини кўрсатади.

facebook.com