Меҳрингни ўғлинг билан қизинга берганингдами, сен ҳам меҳр топган бўлардинг…

Меҳрингни ўғлинг билан қизинга берганингдами, сен ҳам меҳр топган бўлардинг…
19 views
17 December 2018 - 9:00

Новосибирск. Бир аёл “Қаердансиз? Кавказмисиз?” деди, “Ўртаосиёдан, Ўзбекистонданман” дедим.

Жавобимни эшитибоқ авзойи ўзгарди, энсаси қотганини намойишкорона билдирди. Гапдан қоладиган одатим йўқ, аламимни олгим келди.

“Нимаси ёқмади?” дедим. “Ну, мен сизларни жуда яхши биламан” деди.

“Нимани биласиз?” дедим. “Ҳамма нарсани” деб, суҳбатлашгиси келмаганини билдирди. Муомаласи билан ўзини олий табақали зодагон қилиб кўрсатарди.

“Қаердан келяпсиз?” дедим, “Ишдан” деди истамай. “Ёшингиз нечада?” дедим, “Аёл кишидан ёш сўралмайди” деди.

“Етмишдан ўтганингиз кўриниб турибди, нафақага чиқмаганмисиз?” дедим, “Яшаш учун ишлашим керак” деди.

“Фарзандларингиз борми?” дедим, “Ҳа, бир ўғил, бир қизим бор” деди.

“Улар ёрдам бермайдими?” дедим, “Ўғлим Питерда, қизим Москвада, бир неча йилдан бери кўрмайман” деди.

“Ўша сиз билган Ўзбекистондагилар Россияга келиб ишласа ҳам, ота-онасини бориб кўра олмаса ҳам, уларни ташлаб қўймаслигини, деярли ҳар куни телефон орқали гаплашишини, рўзғорини зиммасига олганини, пул билан таъминлаб турганини, фарзандлари ва ота-онасининг тирикчилиги учун мусофир-мардикор бўлиб юрганини, оиласидан, яқинларидан ҳеч кимни ўз ҳолига ташлаб қўймаганини ҳам биласизми?” дедим.

Жим бўлиб қолди.

Вазият ўзгарди, димоғдорнинг кайфияти тушди, қаршисида миллатини ҳимоя қиладиган, гап келса аямай санчадиган одам турганини сезди шекилли, “Ҳа, биламан. Аслида сизларда оқибат бор, яқинларига меҳр бор” деди.

Ичимда “Меҳрингни кучукка, мушукка беравермасдан, эсласанг энсангни қотирадиган ўзбекка ўхшаб ўғлинг билан қизинга берганингдами, сен ҳам меҳр топган бўлардинг” дедим…

Салим АЙЮБИЙ

facebook.com