Маънавият издан чиқди, ахлоқ бузилди, маърифат ўзанини йўқотди, тил ахлатга тўлди…

Маънавият издан чиқди, ахлоқ бузилди, маърифат ўзанини йўқотди, тил ахлатга тўлди…
169 views
17 December 2018 - 7:50

Бугун оқшом тил ҳақида бир зардали мақола қўйдим. Қонни қайнатиб юборди-да, ахир.

Бетимга тарсаки тортиб юборса бунча аччиғим чиқмасди. Кўзингиз ўнгида ўзбек тилингиз – ота тилингиз, она тилингиз хўрланаётган, хор қилинаётган бўлса, давлатнинг ва жамиятнинг парвосизлиги оқибатида чиройини, тозалигини, ҳашаматини йўқотиб бораётган, қарам бир тилга айланиб қолаётган бўлса, чидамайсиз-да!

Тилимиз расво бўлиб кетаётганига тўғридан-тўғри шу соҳага қарайдиган давлат маслаҳатчиси айбдор!

Ишингни эплаёлмадинг, ошна!

Маънавият издан чиқди, ахлоқ бузилди, маърифат ўзанини йўқотди, тил ахлатга тўлди – яна нимани кутяпсан?!

Ҳар соҳани ўрислаштириш сиёсатини юритган Совет пайтида ҳам бунчалик бузилмаган эди шўрлик тилимиз! Бир юз ўттиз йиллик мустамлака даври бир бўлди, йигирма етти йиллик “мустақиллик” даври бир бўлди! Деҳқон тили билан айтганда, биз юз ўттиз йилда кўрмаган энасини йигирма етти йилда кўрди бу тил!
Нима қилишни ўзинг билмасанг, халққа қулоқ ос! Маслаҳат сол! Тирикчилигингдан вақт орттириб асосий вазифангга ҳам боқ!

Қачондан бери “Тил қўмитаси” сингари бирон давлат ташкилоти тузиш керак деб бонг ураман. Жимжитлик. Ўзлари эплаёлмаганига яраша товонлар тагидан чинқириб чиқаётган нидоларга қулоқ солса экан булар!

Тўғри, тил халқникидир, биринчи галда халқ ўзи жон куйдириши керак. Аммо давлат ҳам халқникидир! Тилсиз миллат бўлмаганидек, миллатсиз давлат йўқ. Демак, тил жуда улкан ва асос масалалардан биридир. Керак бўлса, моддий бойликлардан ҳам устун бойликдир! Шунга кўра, доим ва айниқса ҳозиргидай энг инқирозли паллаларда тил ҳимоясини давлат бўйнига олиши керак!

Ҳолбуки, бугун бизда тилимиз тақдири кўча ихтиёрига ташлаб қўйилди. Эгасиз, ҳимоясиз, муштипар…

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

facebook.com