Россия Қрим барибир меники деди, Ўзбекистон ҳам қарши овоз берди

Россия Қрим барибир меники деди, Ўзбекистон ҳам қарши овоз берди
79 views
18 December 2018 - 16:00

Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, 17 декабрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 73-сессияси делегатлари эҳтимолий зиддиятларнинг олдини олиш мақсадида Қрим яримороли, шунингдек, Қора ва Азов денгизи районларини ҳарбийлаштириш тўғрисида резолюция қабул қилганлар. Мазкур қарорга жавобан Россиянинг БМТдаги вакили «Қримнинг тегишлилик масаласи мутлақ ва ортга қайтариб бўлмас тарзда ечиб бўлинган»ини таъкидлаган.

Қрим, шунингдек, Қора ва Азов денгизи раёнларини ҳарбийлаштириш тўғрисидаги резолюция 40 та давлат билан ҳаммуаллифликда Украина делегация томонидан кўриб чиқишга киритилган эди. Кўриб чиқиш давомида Украина ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Кислица барча давлатларни резолюцияни қўллаб-қувватлашга, Россияни эса қўлга олинган Украинага тегишли уч кема ва 24 нафар денгизчини озод этишга чақирган.

Резолюция матнида «Россия қуролли кучларининг Қримда бўлиши Украинанинг миллий суверенитети, сиёсий мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигига зид ҳамда қўшни давлатлар ва Европа минтақаси хавфсизлиги ва барқарорлигига рахна солади,» дея таъкидланган. Шунингдек, резолюцияда «Қримнинг истилочи давлат бўлмиш Россия Федерацияси томонидан давомий ҳарбийлаштириб борилаётгани» юзасидан чуқур хавотир билдирилади.

Резолюция муаллифлари «зиддиятларнинг ортиб бораётгани» ва «Қора Денгизда Россия томонидан Украинага нисбатан оқлаб бўлмас тарзда куч ишлатилгани»ни алоҳида таъкидлаб ўтганлар.

БМТ Бош Ассамблеяси Россияни Қора Денгизда қўлга олинган украин кемалари ва денгизчиларини «зудлик билан озод қилиш» ва, бундан ташқари, Украинанинг Қора ҳамда Азов денгизларида ҳаракатланиш бўйича ҳуқуқ ва эркинликларига қаршилик кўрсатмасликка чақирган.

Ҳужжатда «Россия Федерацияси ва вақтинчалик босиб олинган Қрим» ўртасида кўтарилган кўприк қурилиши қораланган.

“Бош Ассамблея Россия Федерациясини истилочи давлат сифатида Қримдан қуролли кучларини олиб чиқиб кетиш ва Украина ҳудудидаги вақтинчалик ишғолни дарҳол тўхтатишга қатъиян чақиради,” дейилади резолюцияда.

Қаршилар ва ёқловчилар

Резолюцияни 66 давлат дастаклаган, 19 давлат қарши овоз берган бўлса, 72 давлат делегацияси овоз бериш жараёни давомида бетараф қолишни маъқул билган. Қарши овоз берган давлатлар ичида Арманистон, Белорус ва Ўзбекистон ҳам бор. Қозоғистон ва Қирғизистон делегациялари бетараф қолишни афзал кўрган. Озарбайжон, Тожикистон, Туркманистон вакиллари овоз беришда иштирок этмаган.

Овоз бериш жараёни бошланишидан олдин Сурия ва Эрон делегациялари резолюция лойиҳасига баъзи ўзгартиришлар киритишни таклиф қилган. Украина томонидан киритилган ушбу резолюция ҳаммуаллифлари бўлмиш Буюк Британия, Нидерландия, Полша, АҚШ ва Швеция каби давлатлар бу таклифни «Украина лойиҳасини бузишга уриниш» ва Россия манфаатларини ҳимоя қилиш, деб атаган.

Россия вакили Дмитрий Полянский қабул қилинган резолюцияни «Украина томонидан бошланган зарарли бемаънилик» дея номлаган.

“Бўлиб ўтган овоз бериш борасида таассуф билдирамиз. Жуда кўп давлатлар Украина томонидан бошланган мазкур зарарли бемаъниликка бош қўшмай, овоз беришда бетараф қолгани кишини қувонтиради. Шу билан бирга таъкидлаб ўтмоқ жоизки, бугун ўз ҳаракатлари билан украиналик арзандаларини ғарбона сиёсий амбициялар номи билан минтақада янги жиноятлар ва провокацияларга қўл уришга ундаётган БМТга аъзо давлатлар гуруҳи шаклланди,” маълум қилган Дмитрий Полянский.

Жаноб Полянский резолюцияда гап «Россия Қрими тўғрисида» кетиши ҳақида айтган,

“Таъкидлайман – айнан Россия Қрими. Бурунги Қрим йўқ энди. Қандайдир аннекция қилинган, ишғол этилган ва ҳарбийлаштирилган ҳудуд фақатгина «хаёлий касалликлар» билан оғриган украиналик ҳамкасбларимизнинг лойиҳаларида мавжуд, холос. Россия ва қримликлар учун Қримнинг тегишлилик масаласи аллақачон мутлақ ва ортга қайтариб бўлмас тарзда ҳал этиб бўлинган – Қрим Россияники бўлган ва бўлиб қолади ҳам.”

ЎХҲ ахборот бўлими