Мирзиёевга мурожаат қилган имомга прокурор босим ўтказди

Мирзиёевга мурожаат қилган имомга прокурор босим ўтказди
23 views
19 December 2018 - 10:39

Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, Тошкентдаги “Омина” масжидининг собиқ имоми Фазлиддин Парпиев 18 декабр куни Тошкент шаҳар прокуратурасига чақирилган.

Тошкент шаҳар прокуратурасида чамаси икки соат сўроқ қилинган.

Фазлиддин Парпиев 17 декабр куни Туркия ва Қозоғистон орқали Умра сафаридан қайтган.

Орадан икки соат ўтиб уйига Учтепа туман терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси тезкор ходимлари кириб келади.

Ўзларини Шокир ва Шерзод деб таништирган оперлар собиқ имом билан маҳалладаги участка нозири хонасида савол-жавоб қилишган.

Би-би-сига маълум бўлишича, суҳбат давомида тезкор ходимлардан бири қаергадир телефон қилиб, имомни олиб кетайликми, деб сўраган.

У томондан эртага ўзимиз чақирамиз, деган жавоб бўлган.

18 декабр куни Тошкент шаҳар прокуратурасидан телефон қилишиб, соат 15:00 га етиб келишни сўрашган.

Собиқ имом Тошкентдаги инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Сурат Икромов билан айтилган жойга етиб борган.

Бироқ уларни айтилган вақтда қабул қилмасдан ташқарида 1,5 соат кутишга мажбурлашган.

1,5 соатдан кейин ичкарига фақат Фазлиддин Парпиев киритилган.

Имомни Тошкент шаҳар прокуроратураси юқори лавозимли масъулларидан бири савол-жавоб қилган.

Би-би-си манбасининг айтишича, прокурор Фазлиддин Парпиевга руҳий босим ўтказган.

Унга Facebookда провокацион чиқишлар қилаётганини, диний низо қўзғаб, соқол ҳақида ёзаётганини айтиб босим ўтказишга ҳаракат қилган.

Суҳбат давомида прокурор Фазлиддин Парпиев истаса уни яна имомликка жойлаб қўйиши мумкинлигини ҳам айтган.

Прокуратурада имом Маккада Умра сафарини қилаётганда Facebook ка ёзган мана бу дуосига эътироз билдирилган.

Собиқ имом “ўзингга махбуб бўлган бу муқаддас шаҳарларни ва аҳлини ёмон кўрувчиларни қадамини бу маконларга йўлатмагин”, деб ёзган эди.

Яқинлари айни дамда имомнинг тақдири номаълум қолаётганини айтишмоқда.

Прокуратурадаги суҳбатдан сўнг Фазлиддин Парпиевнинг саҳифасида унинг номидан изоҳ қолдирилди.

“Меҳмондорчилик яхши ўтди. Яхши кутиб олишди, хавотирга ўрин йўқ. Фақат шу меҳмондорчилик чой-нонсиз ўтса сал ғалати бўларкан” деб ёзилди.

Тошкентнинг Юнусобод туманида жойлашган “Омина” масжиди имоми Фазлиддин Парпиев 2018 йилнинг 7 сентябр куни ўзининг Жума ҳутбасида рўмол ва соқол борасида мусулмонларга бўлаётган тазйиқларни қоралаган ва ҳукуматни виждон эркинлигини таъминлашга чақирганди.

Имомнинг ярим соатлик маърузасининг видео ва аудиоси унинг Фэйсбукдаги саҳифасида (Фазлиддин Парпиев) жойлаштирилди.

Жума намозига келган жамоат қаршисида гапирган Фазлиддин Парпиев мусулмонларни ўз ҳақ-ҳуқуқлари учун мавжуд қонунлар доирасида ҳаракат қилиш, жанжал ва тўполон қилмасликка даъват этган.

Унинг сўзларига кўра, мусулмонлар демократик давлатнинг қонунларига амал қилишлари керак, айни пайтда давлат ҳам мусулмонларнинг ўз қонунлари доирасида белгилаб қўйилган ҳақ-ҳуқуқларин таъминлаши лозим.

“Биз демократик давлатда яшаймиз, демократик давлат дегани шариатнинг ҳукмларини адо этмайди, лекин ўзида виждон эркинликларини киритиб қўйган кодексда, конституцияда… Шундай экан, давлат виждон эркинлигининг таъминланишини ҳам кузатиб, назорат қилиб бориши керак”, – деб айтган “Омина” жоме масжиди имоми.

У мусулмонларни портал орқали Президентга мурожаат қилишга чақирган.

“Порталга мурожаат қилиш керак, шу жойда тазйиққа учрадим, илтимос, Президент шу бўйича ўзингиз назорат қилиб, ёрдам беринг, дейсиз. Ҳал бўлса бўлди, бўлмаса ҳеч нарса қилмайсиз. Сиз динингиз учун ўзингиздан талаб қилинган нарсани қилдингиз”, – деган имом 7 сентябрь куни қилган Жума ҳутбасида.

У мусулмонларнинг сўз эркинлигини ҳимоя қилган.

“Динимиз сабабидан бизга бирон озор етадиган бўлса, буни айта олишимиз керак, фикримизни баён қила олишимиз керак”, – деб айтган “Омина” масжиди имоми.

Мурожаатнинг эртаси куни имом бош муфтий Усмонхон Алимов буйруғи билан ишдан олинган.

12 сентябр куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ўтган видеоселекторда Мирзиёевга мурожаат қилиб ишдан ҳайдалган имом Фазлиддин Парпиев асосий мавзу бўлган.

Муфтийдан тортиб сўзга чиққан бошқа имом-хатиблар Фазлиддин Парпиевни қоралаган, уни давлатга ношукурликда айблашган.

ЎХҲ ахборот бўлими