“Каримова амаллари туфайли ўзбеклар мобил алоқа учун энг кўп пул тўлаганлар”

“Каримова амаллари туфайли ўзбеклар мобил алоқа учун энг кўп пул тўлаганлар”
50 views
19 December 2018 - 15:43

Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, АҚШ ҳукумати Гулнора Каримовани коррупция ва инсон ҳуқуқларига хилоф амал қилиш айблари туфайли санкциялар рўйхатида яна бир йилга қолдирган.

Президент Доналд Трамп имзолаган қарорга биноан, “Магнитский акти”га мувофиқ, турли мамлакатлардан бўлган 13 кишининг АҚШдаги мулклари музлатилади ва уларнинг АҚШга кириши тақиқланади.

Гулнора Каримова, Россия Бош прокурорининг ўғли Артём Чайка, Украинанинг “Беркут” махсус хизматлари собиқ раҳбари Сергей Кусюк ва яна 10 кишини АҚШ ҳукумати “улар қилган жиноятлар кўлами ва оғирлиги шунчалик каттаки, улар халқаро сиёсий ва иқтисодий тизимларга таҳдид соладилар” дея тасвирлади.

Гулнора Каримова АҚШ Молия вазирлиги сайтидаги рўйхатда қуйидагича тасвирланган:

“Ўзбекистон собиқ президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримова қудратли уюшган жиноятчилик синдикатига раҳбарлик қилган. Бу гуруҳ давлат амалдорларини бизнесларни ўзлаштириш, бозорларни монополлаштириш, пора бериш ва пул ундириш схемалари билан шуғулланган. 2017 йил июлида Ўзбекистон Бош прокуратураси Каримовани мулки 1,3 миллиард долларга тенг бўлган уюшган жиноий гуруҳнинг ноқонуний амалларида бевосита қатнашганликда айблади.

АҚШ Молия вазирлиги сайтидаги маълумотнома АҚШ Молия вазирлиги сайтидаги маълумотнома

Каримова турли йўллар билан хорижий валютани яшириш, жиноий гуруҳ томонидан бошқарилган офшор компанияларнинг ҳисобларида пул қабул қилиб олиш, радио тўлқинлари ва ерларни ноқонуний сотиш, қалбаки дивидент тўловлари ва биржа олди-бердилари орқали давлат пулларини ўзлаштириш, ноқонуний йўл билан нақд пулга эгалик қилиш, ҳамда бўрттирилган нархларда маҳсулотларни импорт қилишда ҳам айблади.

Каримова давлат пулларини ўзлаштириш, ўғрилик, солиқдан бўйин товлаш ва ҳужжатларни яширишда ҳам айбдор деб топилган. Каримова коррупцион йўл билан қўлга киритилган пулларни иккиламчи компаниялар ва бир неча қисмга бўлинган компаниялар орқали ўз ҳисобларига туширган.

Каримованинг ўз фойдасини максималлаштириш ва ўзини бойитиш учун муваффақиятли бизнесларни нишонга олиши Ўзбекистондаги рақибларини баъзида хонавайрон қилган.

Қисман Каримованинг телекоммуникация соҳасидаги коррупцион амаллари туфайли ўзбекистонликлар уяли алоқа учун дунёдаги энг қиммат хизмат нархларини тўлашга мажбур бўлганлар. “

ЎХҲ ахборот бўлими