Украина борасида Ислом Каримов ҳақми ва ёки Шавкат Мирзиёев?

Украина борасида Ислом Каримов ҳақми ва ёки Шавкат Мирзиёев?
34 views
19 December 2018 - 21:25

Расмий Тошкент ўтган бир йилнинг ўзида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қрим, Украинага оид икки халқаро резолюциясини кетма-кет рад этди.

Бу каби воқеълик экспертлар қолиб, оддий ўзбекистонликларнинг ҳам диққат-эътиборларини ўзига жалб этмай қолмади.

Ўз фикрларини турли ижтимоий мулоқот тармоқларида билдираётган аксарият бундан ўз таажжубларини изҳор этишган.

Бирлари, “Аввалги позициямиз бошқача эди”, дея мийиғида кулганнинг ишорасини қилган бўлса, бошқаси, “дипломатик нуқтаи назардан бетараф қолсак бўларди”, деган.

Уларнинг орасида Ўзбекистоннинг бугунги мавқеини, таъбир жоиз, “Россиядан жуда қўрқиш”га йўйган, буни “марионеткалик” қилишга қиёсловчилар ҳам топилган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қримни ҳарбийлаштириш тўғрисидаги резолюцияси Украина воқеалари ривожининг янги босқичи – Керч бўғозидаги ҳодисалардан бир ойча ўтиб овоз беришга қўйилган.

Бундан ташқари, сўнгги овоз беришлар, минтақавий экспертлар наздларида, расмий Тошкент ва Москва орасида ҳар томонлама ҳамкорлик алоқалари жадал кучайиб бораётган бир пайтда кузатилган.

Бошқа томондан, минтақада Россия ва АҚШ ўртасида геосиёсий танглик янада кучайиб бораётган, расмий Москва Марказий Осиёда ўзининг манфаатларини парваришлаш ҳаракатига зўр бераётган бир манзарада бўй кўрсатган.

БМТ янги резолюциясида эса, “Бош Ассамблея Россия Федерациясини истилочи давлат сифатида Қримдан қуролли кучларини олиб чиқиб кетиш ва Украина ҳудудидаги вақтинчалик ишғолни дарҳол тўхтатишга қатъиян чақиради,” дейилади.

“Каримов давридаги эҳтиёткорлик билан бугунги кундаги эҳтиёткорликнинг табиати жиддий фарқ қилади. Каримов даврида Россияга нисбатан қўрқув бор эди. Ўша қўрқувнинг замирида Россия сиёсатини қўллаб-қувватламаслик бу эҳтиёткорликнинг асосий қиёфаси эди. Бугунги кундаги эҳтиёткорлик Россиянинг қаҳр-ғазабига учрамаслик учун имкон қадар геосиёсий ва халқаро масалаларда қаршилик кўрсатмаслик, яъни фарқли позицияни билдирмаслик мана бу эҳтиёткорликнинг бошқа кўриниши, дейишимиз мумкин”, – дейди Франциядан асли ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов.

Таҳлилчи суҳбатдошимизга кўра, Украина пост-совет ҳудудида Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги давлат бўлади.

“Пост-совет ҳудудида аҳолиси нуқтаи назаридан энг катта давлат бу – Россия бўлади. Аҳолисининг сони 145 миллион. Иккинчи давлат бу – Украина, 42 миллион. Учинчи давлат Ўзбекистон, 33-34 миллион. 15, узоғи билан 20 йилдан кейин, агарки, ҳозирги демографик тенденция, жараёнлар сақланиб қоладиган бўлса, Ўзбекистон ва Украинанинг ўрни алмашади. Яъни, Ўзбекистон иккинчи давлат бўлади, Украина учинчи ўринга тушади”.

“Демакки, Ўзбекистон эртами-кечми, ўзининг ички ва ташқи лойиҳаларини, ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал қилиш учун геосиёсий мустақилликка ва халқаро ташаббусга қўл урмоқчи бўлса, бугунги Украинанинг муаммолари Ўзбекистоннинг қаршисида туради”, -дея ўз таҳлилида давом этади эксперт суҳбатдошимиз.

“Чунки Россиянинг асосий тафаккури – сўнаётган, аҳолиси торайиб бораётган, ўзининг шарқий ҳудудларини қандай асраш, қандай парваришлашни билмаётган бир империя сифатида асосий эътиборини пост-совет ҳудудида ўзининг таъсирини кўпроқ маҳрум қилиш, босим ўтказиш механизмлари орқали ушлай тураётган бир давлат”, – дея ўз сўзларида давом этаркан, Камолиддин Раббимов, “демак, Ўзбекистон Россия давлатчилиги учун, Россия империяси учун жуда ҳам муҳим бўлган бир давлат”, – дейди.

Агар, душанба кунги овоз бериш натижаларига қаралса, БМТ Бош Ассамблеяси резолюцияси юзасидан икки Марказий Осиё давлати – Қозоғистон ва Қирғизистон бетараф қолишни маъқул кўришган.

Ўзбекистон, Арманистон ва Беларус унга қарши овоз беришган.

Туркманистон, Тожикистон ва Озарбайжон эса, овоз беришларда иштирок этишмаган.

Россия 2014 йилнинг баҳорида Украина назоратидаги Қримни ўз ҳудудига қўшиб олди.

Бу Қримда истиқомат қиладиган аҳоли ўртасида ўтказилган референдум натижаларига асосланган, деди Кремль.

Референдум ташкилотчилари эълон қилишича, 2014 йил 16 март куни ярим оролда ўтказилган референдумда аҳолининг 96 фоизи Қрим ярим оролини Россияга қўшиб олишни ёқлаб овоз берган.

Қрим аннексияси борасида БМТ Бош ассамблеяси 2014 йил 27 мартида резолюция қабул қилган.

Бу резолюция Қрим референдуми қонуний кучга эга эмас, деб тан олинган.

Шундай экан, Ўзбекистон, расмий Тошкент, эксперт назди, таҳлили ва баҳосидаги воқеаларнинг бу каби ривожига тайёрми?

Батафсил суҳбатимизда тинглаб, томоша қилинг ва бу хусусда сиз ҳам ўз фикрингизни билдиринг.

Манба: bbc.com