“Прописка”нинг қисқа, лекин айни пайтда узун ва такрорланувчан тарихи

“Прописка”нинг қисқа, лекин айни пайтда узун ва такрорланувчан тарихи
26 views
20 December 2018 - 10:36

Кўпчилигимиз паспорт олиш ёшига етганимиздан сўнг паспортимизга қўйилган “Прописка” ҳақида кўпроқ тушунчага эга бўламиз, чунки бу норма билан баъзи бир жойдан жойга кўчиш ва яшаш тартиблари амал қилишни талаб қилади. Вояга етганлар албатта бунинг учун ўзлари маъсул бўлади. Хўп бу норма қачон ва қаерда пайдо бўлган ва нима учун бизда қўлланилади деган саволлар туғилади.

“Прописка” сўзи рус тилидан кириб келган “Прописать” феълидан келиб чиққан сўз бўлиб “ёзиб қўйиш, рўйхатга олиш” каби маъноларни англатади.

Давлатларни ўз фуқароларини ҳаракатини тартибга солиш қулдорлик тузуми давридан бери бор ва ҳозиргача бу тизим турли кўринишларда такомиллаштирилиб келинган. Мисол учун Қадимги Миср ёки Римда фуқаро ва қулнинг ҳуқуқлари анча фарқ қилган. Қуллар учун ҳаракатланиш чегараси унинг хўжайини рухсати доирасида амалга оширилган. Хўжайинига бўйсунмаган қулларга эса давлат томонидан ўрнатилган тартиблар доирасида жазо чоралари қўлланилган.

Ўрта асрларга келиб айниқса Европа давлатларида доимий урушлар, жосусларга қарши курашиш, қулдорлик тугатулгунча қуллар ҳисобини юртиш учун ўзига хос “паспорт тизими” жорий қилинган. “Паспорт” сўзи ҳам ўша пайтдаги денгиз портларига кириш учун ишлатиладиган “Pass port” французча ёки итальянча ҳисобланадиган сўзлардан келиб чиққан деб ҳисобланади. Бу тизим айниқса европада Германия, Франция, Италия каби давлатларда такомиллаштирилади ва ушбу давлатларнинг полиция тизимлари бу тартибни ижроси ва назоратини олиб боришади.

1920 йилда “Миллатлар Лигаси” паспорт ва бошқа ўтиш махсус ҳужжатлари бўйича конференция ўтказади ва унда паспорт тизимининг асосий принциплари киритилади.

Энди ўзимизга қайтадиган бўлсак бу тизим Чор Россиясининг 1960 йиллардан бошлаб Туркистон ҳудудини босиб олгандан кейин киритилган тизимдир. Унгача бошқа тартиблар мавжуд бўлган. Мисол учун Хон ёрлиғига эга бўлган чет элликлар мамлактда эркин юриш имкониятига эга бўлган, шунингдек савдогарлар учун алоҳида тартиблар мавжду бўлган.

Қадимдан Рус князлари ва боярлари ўз ерларида яшайдиган ва ишлайдиган уларга қарам бўлган аҳоли қатламлари крестянларни, яъни оддий деҳқонлар хўжайин рухсатисиз ҳеч қаерга кета олмаган. Деҳқонларнинг ҳеч қанақа ҳужжати бўлмаган улар ўқиш ва ёзишни билишмаган. Бу тизим “Крепостной ҳуқуқ” тушунчаси билан боғлиқ бўлиб унга кўра “крестянин”лар маълум бир яшаш жойга бириктирилган ва кетиб қолса мажбуран оиласи билан помешик-хўжайинига қайтариб олиб келинган. “Крепост-қалъа” сўзи крепостной сўзига асос бўлган бўлиб, яъни хўжайиннинг қасри, қалъаси ва ерларига қарам бўлган ва ўша ерда яшайдиган одам ҳуқуқлари тушунилган. Россияда паспорт тизими Петр 1 даврида киритилган деса ҳам бўлади, чунки у европада саёҳат қилиб таълим олади ва у ердаги тартиб қоидаларни Россияда жорий қилишни бошлайди. Бу тартибга бўйсунмаган деҳқонларни юзига икки тарафга қараган бургут империя рамзи тамғаси қиздириб босилган. Ўғриларга ҳам шунга ўхшаш тартибни қўллашган.

1861 йилда Россия империясида “Крепостной ҳуқуқ” бекор қилинади ва деҳқонларга маъум эркинликлар берилади. 1894 йилдан бошлаб эса янги тартиблар ўрнатилади ва барчага паспорт китобчалари берила бошланади. Агар полиция паспорт тизимини бузган фуқарони аниқласа унга 6 ойгача бўлган муддатда яшаш жойига қайтиш учун ҳужжат берган ва у бўйсунмайдиган бўлса мажбурий тарзда амалга оширилган. Шу билан бирга яшаш жойидан кетмайдиганларга паспортга эга бўлиши шарт бўлмаган. Завод ва фабрика ишчилари доимий тарзда ёнида паспортларини олиб юришлари керак бўлган.

1917 йилдаги революциядан сўнг эса Чор россиясидаги паспорт тизими бекор қилинади ва «Об уничтожении сословий и гражданских чинов» ҳужжати қабул қилинади.

1923 йилдаги «Об удостоверении личности» декретига кўра эса фуқаролардан ҳужжат талаб қилиш таъқиқланади. 1925 ва 1927 йиллардаги «О прописке в городских поселениях» ҳужжатларида прописка тушунчаси киритилади ва амалга жорий қилиш бошланади. Прописка фақат паспорт билан эмас балки турли шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар билан бирга амалга ошириш мумкин бўлган. 1930 йиллардан бошлаб эса паспорт виза тизими қайта шакллантирилиб уни назорати НКВД (Народный Комиссиариат Внутренных Дел)га топширилади. Катта шаҳарлар атрофида 100 км лик режимли ҳудудлар ташкил қилинади. Паспорт столлари ташкил қилиниб уларга шу йўналишдаги вазифалар топширилади.

Колхозчиларга, жиноят содир этганларга ва бошқа тоифадаги аҳоли қатламларига паспорт берилмаган. Колхозчи бошқа жойга бориши учун колхоз кенгашидан маълумотнома олиши керак бўлган. Ўша пайтларда аҳолининг асосий қисми қишлоқ жойларида яшаганини ҳисобга олинса қанчалик кўп одамда паспорт бўлмаганини тасаввур қилиш мумкин.

Совет даврида ташкил қилинган колхозлардан чиқиб кетиш учун ёшлар асосан армияга бориб ўша ердан завод ва фабрикаларга ишчи бўлиб жойлашиб қолишга ҳаракат қилишган. Москва каби йирик шаҳарларда эса четдан келган ишчилар сонига “лимит” ўрнатилган, шаҳар аҳолиси орасида эса уларга ҳақоратомуз “лимита” деб лақаб қўйиш урф бўлган. “Паспортлашган” фуқаролар учун табиий равишда мамлакат бўйлаб саёҳат қилиш, ишга жойлашишда устунликлар бўлган. Бу вақт ўтиши билан ”тенглик”ҳақида кўп гапирилувчи совет жамиятида норасмий табақланишнинг вужудга келишига саба бўлади. Чор Россияси пайтида бойлар ва камбағал деҳқонлар ва ишчилар ўртасида даромадлар ва ҳуқуқлар бўйича табақаланиш очиқчасига бўлган бўлса, совет даврида бу бироз “прописка қоғозига ўралган” ҳолда яна қайтиб келади. Бу ҳақда очиқчасига гапирилмаган, чунки бу бошқарувдаги ягона коммунистик партия сиёсати бўлган.

1939 йилдаги “Катта Совет Энциклопедиясида” паспорт тизимига қуйидагича таъриф берилган:

“ПАСПОРТНАЯ СИСТЕМА, порядок административного учета, контроля и регулирования передвижения населения посредством введения для последнего паспортов. Советское законодательство, в отличие от буржуазного, никогда не вуалировало классовую сущность своей П.С., пользуясь последней в соответствии с условиями классовой борьбы и с задачами диктатуры рабочего класса на разных этапах строительства социализма”.

1974 йилдан бошлаб СССРда оммавий паспорт бериш бошланади. Шу пайтгача паспорти бўлмаган колхозчиларга ҳам паспорт бериш бошланади. Албатта бу қатъий назорат остида амалга оширилади. Бир ярим ойдан ортиқ муддатга чиқиб кетаётганлар эса рўйхатдан чиқиб янги жойда 3 кун ичида рўйхатдан ўтишлари лозим бўлган. Паспорт прописка тизимини бузганлар учун маъмурий жазо, қайта такрорланганда жиноий жазо амал қилган. Пропискасиз ишга қабул қилганларга ҳам шунга ўхшаш маъмурий ва қайта такрорланса жиноий жазо қўлланилган.

1990 йилдан бошлаб эса амалдаги тизим фуқаролар ҳуқуқини бузаяпти деб уни ислоҳ қилишга ҳаракат қилинади. Бу орада эса СССР парчаланиб мустақил давлатлар пайдо бўлади шу жумладан мустақил Ўзбекистон Республикаси ҳам.

Дастлаб барча мустақил бўлган давлатларда эски тартиб бўйича ишлади ва уни ислоҳ қилишни бошлашади. “Прописка” сўзи “регистрация” сўзи билан алмаштирилади, лекин амалда ўша эски тизим амал қилишда давом этди. Республикамизда ҳам бу йўналишда паспорт-виза тизимини тартибга соладиган кўплаб норматив ҳужжатлар мавжуд ва вақти-вақти билан ўзгартиришлар киритиб турилади. Лекин айни пайтда йирик шаҳарлар масалан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига “прописка” қилиш тизими алоҳида ҳужжатлар билан тартибга солинади ва бу нарса кўпинча турли муҳокамаларга сабаб бўлган ва бўлмоқда.

“Прописка” тизими албатта тартиб назорат учун зарур бўлган тизимлардандир, лекин замонавий технологияларнинг ривожланиши билан дунёдаги ривожланган давлатлардаги каби енгиллаштирилган рўйхатдан ўтиш процедураларини жорий қилиш имкониятини беради. Бу йўлда янги киритилаётган “id-card”лар муҳим рол ўйнаши мумкин.

facebook.com