МХХ собиқ майори: МХХ ДХХга айлантирилгани билан ҳеч нарса ўзгармади

МХХ собиқ майори: МХХ ДХХга айлантирилгани билан ҳеч нарса ўзгармади
91 views
20 December 2018 - 16:59

Миллий Хавфсизлик Хизматининг диний идоралар бўйича Бухоро вилоятидаги собиқ “куратори” Карим Тошев Би-би-сига экслюзив интервью берди. МХХ собиқ майори порахўрликка қарши курашгани учун Рустам Иноятов санкцияси билан 8 кун МХХ ертўласида ётгани ва 11 йил олдин ноҳақ ишдан бўшатилганини айтмоқда.

Карим Тошев 2005 йили МХХнинг Бухоро вилоятидаги бошқармасида диний экстремизм ва терроризмга қарши курашиш бўлимида бўлим бошлиғи бўлиб 2 йилдан ортиқ вақт ишлаган.

Унинг Би-би-сига айтишича, соҳадаги порахўрликнинг олдини олишга ҳаракат қилгани учун уни ишдан бўшатишган.

“2005 йили МХХнинг Бухоро вилоятидаги бошқармасига янги раҳбар келди. Кўп ўтмасдан бу шахс асосан вилоят бўйича, турли хил давлат идораларига, хусусан, диний идоралардаги лавозимларга шахсларни пул эвазига ишга тайинлашни йўлга қўйиб олди”, дейди у.

Карим Тошкевнинг айтишича, у раҳбари бўлган диний идора ва жойларга тайинлашда пора аралашган.

“Бухородаги энг машҳур зиёратгоҳлардан биттаси Баҳовуддин Нақшбандий зиёратгоҳи эди. Мана шу ердаги масжид имомлигига кўп шахслар томонидан имом вазифасини эгаллашга кўп қизиқиш билдириларди. Лекин аксарият ҳолларда қизиқадиган инсонлар нопок, аввал турли жиноятларни содир қилиб, шу лавозимда ишлаган, урилиб кетган, ишдан бўшатилган шахслар эди”, дейди Карим Тошев.

МХХнинг Бухоро вилоятидаги диний соҳа бўйича кураторининг айтишича, ўша вақти Нақшбандий зиёратгоҳидаги масжидга имом бўлиш нархи 5 минг доллардан 10 минг долларгача бўлган.

“Мен бу соҳада 1,5 йил ишлаган бўлсам, шахсан тўртта ҳолатни билардим. Бу Мир Араб мадрасаси директори лавозими, Бош имом лавозими ва Баҳовуддин Нақшбандийдаги лавозимлар шулар жумласига киради”.

Собиқ майор Тошевнинг таъкидлашича, у бу ҳолатларга қарши курашишига ҳаракат қилган. МХХнинг Бухоро вилояти бошқармаси бошлиғи олдига охирги огоҳлантириш билан кириб, натижа бўлмаса юқорига арз қилишини айтади.

Шундан сўнг уни кутилмаганда малака ошириш учун Тошкент шаҳрига юборишади.

Малака ошириб юрган вақтда эса МХХнинг ўша вақтдаги раиси Рустам Иноятов санкцияси билан 8 кунга хавфсизлик хизмати ертўласига ташлашади.

“Ҳеч нарса қилишмади, шунчаки нима бўлаётганини билмай кутиб ётдим”, дейди у.

МХХ собиқ майорининг айтишича, бу вақтда унга нисбатан 15 минг сўм пора олди деган ишни туҳмат сифатида ташкиллаштиришган.

“Қуръон китобининг ичига 15 минг сўм қўйиб бердим, деб бир кишига тазйиқ ўтказиб ёздириб олишган. Шунинг асосида мени ишдан ноҳақ ҳайдашди. Шикоят қилишимни айтганимда Тошкентда марказий аппаратда агар жим юрмасанг, уйингга наркотик ва пул ташлаб қўямиз, деб қўрқитишди”, дейди у.

Ўзбекистонда ҳукумат ўзгаргач ва Президент Шавкат Мирзиёев МХХ соҳасида ўзгаришлар қилганидан Карим Тошев ўзини ишга қайта тиклашларини сўраб мурожаат қила бошлайди.

Бироқ Ўзбекистон Президентининг виртуал қабулхонаси, ҳарбий прокуратура, Бош прокуратура, Олий суд ва ДХХга қилган барча мурожаатлари бесамар кетмоқда.

Идоралар барча шикоятларни ДХХга юборган, у ердан эса бир хил мазмундаги жавоблар келган.

“Сиз МХХ идораларида ҳакикий ҳарбий хизматни ўташ даврида МХХда харбий хизматни ўташни тартибга солувчи ички меъёрий ҳужжатлар талабларини қўпол равишда бузганлигингиз учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 14 январдаги № ПК^-257 сонли Қарори билан тасдикланган «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизмат ўташ

тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 313-банди «з» кичик бандига (хизматга нолойиқлиги) мувофиқ МХХ идораларидан бўшатилгансиз”, дейилади ДХХ келган жавоб хатларининг бирида.

Тошев ўзига қўйилган айбни рад этади.

“Ўша вақти мен диний идораларнинг “куратори”, раҳбари эдим. Уларнинг ҳар биттасига сўзим ўтарди. Оддий мисол тариқасида айтаман, Баҳовуддин Нақшбандий мажмуасида бир ойда хайрия қутиларига 2005 йилларда бир ойда 20 миллион сўм нақд пул тушум тушарди. Агар мен пора оладиган бўлсам, 15 минг сўм олмасдим. Ўша ернинг имомига бир оғиз айтсам, бир ойлик “вручкани” мани уйимга келтириб берарди. Мени имкониятим ҳам бор эди, ҳуқуқим ҳам бор эди. Лекин мен Худодан қўрқадиган одамман”, дейди у.

Кўп сонли бесамар мурожаатлардан сўнг Карим Тошев МХХ ДХХга айлантирилгани билан ҳеч нарса ўзгармаган, деган хулосага келган.

“Бундай хулосага келишимга сабаб, мен уларга ўзимнинг айбсизлигимни, улар қиладиган ишни ўзим қилиб 100 фоиз исботлаб бердим. Менга нисбатан сохта гувоҳлик берган инсонлар билан учрашиб, улар жисмоний, психологик босим остида, қўрққанидан шунақа сохта гувоҳлик беришганини айтганидан кейин шу ҳужжатларгача тақдим қилдим. Илтимос қилдимки, қайтиб кўриб чиқинглар, объектив бир хулосага келинглар, дейишимга қарамасдан, хизмат текшируви ҳам ўтказилмади. Ўшандан сўнг номи, раҳбарият ўзгаргани билан ҳеч нарса ўзгармаяпти деган хулосага келдим”, дейди Карим Тошев.

Манба: Би-Би-Си Ўзбек