Куз

Куз
98 views
24 December 2018 - 6:00

Матназар АБДУЛҲАКИМ

ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд

“ҚОР ҚЎШИҒИ” КИТОБИДАН

   

КУЗ

Шаклланиб қолди айрилиқ —
Қадди дол, заъфарон қиёфа.
Бу боғ мени мева ўрнига
Ҳижрон билан қилар зиёфат.

Муҳрланса ҳамки умрбод
Ғариб юрагимга меҳр таъми,
Ёдингдан аёвсиз чиқаман,
Азизим, бугунми-эртами.

Чирпираб чирқирар япроқлар,
Хиёбонлар тўлди оҳларга.
Энди ҳузуримга қайтмайсан.
Қайтмас бу хазонлар боғларга.

* * *

Тарқалиши бунчалар қийин,
Салга тинар боди сабодай.
Қани энди юқумлиликда
Эзгулик ҳам бўлса… вабодай.

* * *

Мана, энди мен ҳам хазон фаслиман,
Сен яшил. Мен бўлсам заъфарон бу кун.
Баҳорим, барибир, юракларимиз
Севиб яшамоққа қилинган ҳукм.

Майин сочларингни силагим келар,
Кўксимга бош қўйиб айтгинг келар роз.
Боргим келар — дариғ, ўртамизда қиш,
Келгинг келар — дариғ ўртамизда ёз.

Лекин… бутун дунё шубҳа қилса ҳам
Баҳорим муқаррар бизнинг васлимиз.
Нифоқмас, мустаҳкам иттифоқ бўлғай
Икки ўртадаги икки фаслимиз.

Ёз ҳовридан тушгай. Қиш кетгай эриб.
Ахийр бир кун бизни тушунгай улар.
Шафқатга муносиб ҳислар бор, жоним,
Бордир мурувватга лойиқ туйғулар.

Мен шу туйғулардан тинглайман тунлар
Сирли бир қўшиқни, маҳзун олиб тин.
«Хазонрез куз билан ям-яшил баҳор,
Қаранглар, бир-бирин севиб қолибди».

Ва тўшалиб кетар сен тарафга йўл,
Бир йўлким — ёғдудан, нурдан, зиёдан…
Куз эканим худди тонг отганидай
Аста кўтарилиб келади ёддан.

* * *

Ҳали кечагина юлдузлар билан
Чақнашиб турган бу кўзларинг.
Ёвуз бақрайганлар билан мардона
Тўқнашиб турган бу кўзларинг.

Бугун, мана, ўргимчак уяси,
Чунки яшаяпсан шунчаки.
Жирканч ғимирлайди соққаларингда
Тўқлик ўргимчаги, айш ўргимчаги.

Чандиб ташлангансан ғафлат қурумига,
Тунми Кун? Тафовут қилмайсан вақтни.
Шодликни куйлайсан. Дунё ғам чекар.
Дунё кулфат чекар. Куйлайсан бахтни.

Ҳолбуки, Алпомиш ҳис-ҳаяжонлар,
Жалолиддин туйғу, Темурмалик руҳлар
Найзасини шундоқ ёнига қўйиб
Сенинг юрагингда донг қотиб ухлар.

Ҳолбуки, кўзларга бедорлик дармон
Ҳолбуки, кўзларга уйғоқлик малҳам.
Уйғот ҳаяжонни. Туйғуни. Руҳни
Уйғот. Кеч бўлмади ҳали ҳам.

Уйғот. Уйғотмоқ шарт. Зудлик билан.
Дарҳол.
Олмоқ шарт ўргимчак жонини.
Йўқса… сўриб ичар паҳлавон руҳларнинг
Қорачиқлардаги қонини.