Қўрқоқнинг қўшиғи

Қўрқоқнинг қўшиғи
19 views
28 December 2018 - 6:00

Матназар АБДУЛҲАКИМ

ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд

“ҚОР ҚЎШИҒИ” КИТОБИДАН

   

ҚЎРҚОҚНИНГ ҚЎШИҒИ

Келар эдик тўйдан қишлоққа қайтиб,
Отам билан икков кечиб пўрсанг, чанг.
Кимдир жуда ҳам шўх бир қўшиқ айтиб
Келаверди, қўйиб овозини ванг.

Сўлим оқшом ичра поёнсиз адир
Ойдинда сут янглиғ ялтирар эди.
Лекин… қўшиқчининг саси негадир
Аллақандай мудҳиш қалтирар эди.

Нақ қулоқни ёрай дерди овози
Ўзи кўп узоқда бўлса ҳам.
Дадил, жасур каби эди навоси,
Аслида қалбаки сохта бўлса ҳам.

Ғамгин тортиб қолдим. Руҳдан кетди нур.
Отам кўп донишманд одам эдилар.
«Болам, бу қўшиқда хосият йўқ, юр,
Бошқа йўлдан кетамиз, — дедилар, —

Тун ваҳмидан қўрқиб куйлаяпти у,
Шундай одамлар ҳам бўлади.
Ҳозир салом берсак, чиқиб рўбарў,
Юраги ёрилиб ўлади».

Кетдик. Шундан бери ўтди кўп замон.
Қўшиққа тош отиш, ахир, эриш гап.
Куйлаган кимсани кўрганим ҳамон
Мен оғиз жуфтлайман салом беришга.

Қўшиқда бўлмаса жасорат ва шаҳд,
У топган завол ҳам бебаҳо бир ганж…
Қўрққанингдан қўшиқ айтсанг, бу — даҳшат
Қўрққанингдан қўшиқ айтсанг, бу — жирканч.