Келажак авлодлар аждодларимизнинг нурли ва ибратга арзигудек тарихларини билишлари керак

Келажак авлодлар аждодларимизнинг нурли ва ибратга арзигудек тарихларини билишлари керак
23 views
22 December 2018 - 11:24

Ассалому алайкум!

Биз ўзбек давлатчилиги туб қўйиб палак ёзган бошқа ҳудудларни ўрганиш бўйича ҳам махсус экспедиция тузилишини сўраймиз. Масалан Мисрда бухороликлар асос солган тулунийлар, фарғоналиклар асос солган ихшидийлар давлати ҳукм сурган.

Ихшидийлар Макка ва Мадина устидан ҳам назоратни қўлга киритганлар. Арабистон ярим ороли ҳам уларнинг тасарруфида эди. Биз у ерларга Ихшидийлар даврида кўчиб борган туркийзабон жамоаларни яхши билмаймиз. Ҳозир Макка ва Мадинада ҳам жуда кўп туркистонликлар яшайди. Бу сулолалар ислом давлатларига хавф солиб турган Византия империясининг ҳужумларини доимий равишда қайтарганлар, ислом мамлакатларининг тинчлик-хотиржамлигини сақлаб турганлар. Тулунийлар ва ихшидийлар тарихи Миср ва Сурия тарихининг олтин давридир.

Хоразмшоҳларнинг авлоди бошқарган Мамлуклар давлати ҳам Мисрда мавжуд бўлган. Ҳиндистонда Амир Темур даврига қадар ҳам узоқ вақт юртимиздан етишиб чиққан давлат раҳбарлари у ерларни бошқарганлар, Хитойда Ан-Лушань ҳокимиятни қўлга олган, кўпгина аждодларимиз Чингизхон саройида ишлаган, хусусан Пекин губернатори бўлган Маҳмуд Ялавоч ва унинг билан бирга ишлаган марказий осиёликлар тарихи чуқур ва атрофлича ўрганилиши керак.

Ҳатто ҳозир Қоҳирада “ўзбек бозори”, “ўзбек кутубхонаси” деган жойлар бор ва уларнинг ўрнига кундан-кунга янги иморатлар қурилмоқда. Ўша даврда юртимиздан кўплаб инсонлар бориб у ерларда давлат бошқарув ишларида фаол иштирок этишган. Ҳатто бош шифокор, бош хазиначи, қурол-аслаҳа омбори мудири, бош маъмур, шунга ўхшаш насабу унвонларга кўплаб юртдошларимиз эга бўлганлар. Аҳмад ал-Фарғоний ҳам Марказий осиёликлар билан бирга илмий ишларини олиб борган, нилометр яратган, ҳукмрон сулола вакиллари билан қуда-анда бўлиб кетган. Бугунги кунда Африкада қора танлилар билан қоришиб кетган, эски ўзбек тилида гаплашадиган одамлар бор экан.

Бундан кўринадики, марказий осиёликлар барча соҳаларда юқори ўринларда турганлар, қадрланганлар. Улар ўз ишининг устаси, бошқаларни ҳам ҳурмат қиладиган, бир пайтда камтарин ва қадрини биладиган, билимдон, ташаббускор, жидду жаҳд эгалари, тиниб-тинчимас тадбирли, иймонли, диёнатли, ҳалол ва садоқатли инсонлар бўлган.

Сицилияда ҳам Бухорий қишлоғи борлигини биламиз ва уларнинг авлодлари бугун бошқа халқларга синггишиб кетган бўлса-да, марказий осиёликларнинг қачон у оролга бориб жойлашгани, олис Европада Бухорий қишлоғига асос солгани яхшилаб ўрганилиши керак.

Баъзи маълумотларга кўра, Саудия Арабистонида ўзбеклар сони 700 000 дан ошади. Улар ўз тили ва маданиятини яхши сақлаб қолганлар. Бу ўша даврда эмас, кейинги даврларда ҳам бўлиб ўтган ижтимоимй-сиёсий шароитлар, советларнинг қатағон ва қувғинлари билан ҳам боғлиқ. Бундай ўзбеклар Покистонда, Афғонистон, Туркия, АҚШларда ҳам жуда кўпчиликни ташкил этади. У ерларда ҳам ўзбек маҳаллалари бор. Уларни ҳам тақдир узоқларга олиб кетиб қолган. Маълумотларга кўра, Саудияда бирорта камбағал ўзбек йўқ. Улар жамиятда юқори мартабаларга эгалар. Буларнинг ҳаммасини ўрганиш, илмий-тадқиқот ишларига бу масалалар ҳам киритилиши керак деб ўйлаймиз. Бугунги кунда Саудия қуролли кучларида ўзбеклардан 15 та генерал ва 80 та офицер ишлар экан. Кўплари диний уламолар, профессорлар, савдогарлар, катта меҳмонхона ва магазиниларнинг эгалари. Жуда кўплаб хонлар у ерда қурилишлар қилишган ва ҳатто дафн ҳам этилган. Улар ҳатто инвестициялар олиб киришлари, туристик йўналишларда саёҳатларга ҳам келишлари мумкин.

Бугун тарихни бугунги ракурсда кўриш ва унинг амалий аҳамиятини кучайтириш керак деб ўйлаймиз.

Россия империясининг Ғарбий Сибирдаги губерналарида Бухоро волости ҳам бўлган. У ерда ҳам шошликлар, бухороликлар, самарқандликлар ва бошқаларнинг ҳам қишлоқлари бўлган. Нима учун уларни бугунги авлод яхши билмайди? Ўзбекхон давлатида шоирлар Хоразм лаҳжасида ижод қилганлар. У ерларда ҳам ўзбекларнинг катта тарихлари бор. Мана шу масалаларни кенгроқ ва чуқурроқ ёритиш вақти етиб келмадимикан?

Бизнингча экспедициялар ташкил этиш, ўша ердаги университетларнинг тарихчи олимлари билан ҳамкорлик қилиш, умуман олисларда умргузаронлик қилган аждодларимизнинг ўтмиш саҳифаларини чуқур ўрганиш керак. Агар аждодларимизнинг бошқа ерлардаги сиёсий тузумлари, шавкатли инсонлари, маданияти, иқтисодиёти, ёрқин тарихларини биз ўрганмасак, вақт ўтгани сари улар унутилиб кетиши мумкин. Кейинги авлодлар ҳам аждодларимизнинг нурли ва ибратга арзигудек тарихларини билишлари керак.

Сизлар бу фикрга қандай қарайсизлар?

Шоҳиста Ўлжаева

facebook.com