Нима учун Ўзбекистон қамоқларида ибодат учун ҳамон рухсат берилмаяпти?

Нима учун Ўзбекистон қамоқларида ибодат учун ҳамон рухсат берилмаяпти?
31 views
22 December 2018 - 20:52

Каримов даврида зулм ўчоқларига айланган Ўзбекистон қамоқхоналарида диний ибодатларга ҳамон жиддий қаршиликлар тўхтамаётгани кузатилмоқда. Бу озодликка яқин кунларда чиққан маҳкумлар томонидан тасбит этиляпти.

Маълумотларга кўра республикада 20га яқин жазо муассаслари мавжуд. Уларда Мирзиёев иқтидорга келиши билан ҳолат ижобий тарафга ўзгара бошлаган. Хусусан, ер юзидаги энг ваҳший қамоқларидан бири саналмиш, Навоий вилоятида жойлашган 48-қамоқда ҳам тартиб юмшаган. У ерда Каримов даврида сиёсий-диний маҳкумлар ҳар бир ҳаракатини тайинланган жиноятчи маҳкумнинг рухсати билан амалга оширган. Навоийдаги 47-қамоқ эса нисбатан енгил бўлиб, маҳкумлар қонуний ҳуқуқларининг ярмидан бўлса ҳам фойдаланганлар. Мазкур ҳудуддаги 46-қамоқ 48 каби ваҳшиёна тартибда бўлмаса ҳам, золимларнинг зулми, ишнинг оғирлиги ҳар қандай инсонни эзиб ташлайди. Бугун аян 46-қамоқда маҳкумларнинг ибодат қатъиян таъқиқда. Ибодат маҳкумлар учун инсониятнинг энг оғир қабоҳати деган тушунчага айланиб бўлган. Навоийдаги 29-қамоқда ҳам худди шу аҳвол ҳукм сурмоқда. Қашқадарёдаги 33-қамоқ тарқатиб юборилиши ортидан бу ерга олиб келинган диний-сиёсий маҳкумларнинг 20 нафари 15 кун муддатга интизомий жазо бўлимига ташланган.

Улар ибодатга рухсат беролмаса қамоқ тартиботига бўйсунмасликларини эълон қилишган. Қамоқ бошлиғи подполковник С. Ҳомидов намозга рухсат йўқлиги, намоз тартиботга тўғри келмаслигини, маҳкумлар озодликка чиққач намоз ўқишлари мумкинлигини айтяпти.

Айни пайтда Ўзбекистонда 33-дан ташқари 65-қамоқ ҳам тарқатиб юборилган. Бекободда жойлашган 21-қамоқ эса Зангиотадаги 65га олиб келинган.

21-қамоқ жиноят содир этган ички ишлар тизими ходимлари сақланадиган қамоқ ҳисонланади.

Шунингдек, манзил-муассаларнининг аксарида ҳолат ижобийга ўзгарганига қарамай Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги манзил-муассасада ҳамон ибодатга рухсат йўқ.

Қамоқдан чиққан маҳкумлар барча жазони ижро этиш муассасалари ходимлари уларга қарата доимо: “Бу енгилликлар вақтинча, президент бераётган енгилликка ишонманглар, эртага худди аввалгидек бешафқат тизимга қайтамиз” – деб таъкидлаб келишаётганини атмоқдалар.

Ички ишлар тизимида ошкора янграётган бу гаплар кимнинг топшириғи билан эълон этилаётгани ҳам одамда қизиқиш уйғотади.

Бу эса Ўзбекистон жазони ижро этиш тизими буткул эски тушунча, эски шафқатсизлик услубига кўникиб ундан ҳамон воз кечолмаётганини билдиради.

Мирзиёев бошлаган инсонпарвар ва бағрикенг сиёсатга эски режимнинг кадрлари ҳамон рози эмас ва буни Президентга нисбатан одамларда ишончсизлик уйғотадиган амаллари ила намойиш этмоқдалар. Буни, хусусан, Ўзбекистон жиноят ижро кодексининг 12-моддаси – маҳкумларнинг диний расм-русумларни адо этишлари ҳуқуқларини поймол этаётганлари мисолида яққол кўриш мумкин.

ЎХҲ ахборот бўлими