Тирик виждон

Тирик виждон
24 views
24 December 2018 - 9:28

ТИРИК ВИЖДОН

Ҳар бир даврнинг, ҳар жамиятнинг виждонлари бўлар экан. Мен бу йигитни ўшандай ҳамма ухлаганда уйғоқ, жонсарак виждонга ўхшатаман. Саййид Исломдаги жонкуярлик, ҳақиқат ва адолат учун қайғуриш ҳисси тирик ва самиимий экани сезилиб туради.

Тахминан ёши 30-40 орасида бўлган бу йигитда ҳақиқий мусулмонча ғаюрликни, эркакликни кузатамиз. У ўткир мақолаларида ноинсоф зодагонларни, коррупцияга ботган давлат аъёнларини, бурнидан ип ўтказилган, тили қисиқ диний элита вакилларини қолаверса оддий халқ орасида кенг қулоч отган ижтимоий иллатларни қақшатқич танқид қилади.

У ўзбек жамиятига ойна тутаркан, барча соҳаларда илдиз отган иккиюзламачиликни, сохталикни очиб ташлайди. Ҳоҳ диндор бўлсин, ҳоҳ динсиз, ўзини анъанавий ёки замонавий деб атасин, либерал ёки консерватив бўлсин, қўйингки жамиятнинг энг қуйи табақасидан энг юқори эшелонигача кўзбўямачилик асосида ҳаёт кечираётгани, бутун халқ ва давлат ўзини алдаб ётганини аянчли тасвирлайди.

Мутахассислиги аниқ бўлмаган бу йигит ёзиш услубига қараганда журналистикани битирган ёки шунга яқин ижтимоий соҳада ўқиган. Фарғона водийсида нисбатан диндорлиги билан танилган Қўқон шаҳрида туғилиб ўсган. Шуниси қизиқки, умумий тасаввурга зид ўлароқ бу йигитда Қўқонликларга хос сохта мулозамат, ортиқча такаллуф сезилмайди. Айтадиган гапини ялтироқ қоғозга ўраб ўтирмай оддий услубда шартта -шартта айтади қўяди.

Унинг битувларида долзарбликни, ҳаққонийликни, дук-дук уриб турган соғлом қалбдаги энергияни ҳис этиш мумкин.

Табиийки бундай ёзиш маҳоратининг ортида яхшигина меҳнат, жиддий ўқиш ва изланишдан иборат пойдевор бўлиши турган гап. Ундаги ёзувчи – журналистларга хос кузатиш маҳорати ва равон ифода диққатга сазовордир. Ундаги холислик, бетараф кузатувчилик, кўрганини қандай бўлса шундай ифодалаш каби омиллар мақолаларида ўз аксини топади. Буюртма мақола ёзмагани учун, ҳаммаси виждон азобидан, руҳий изтиробларидан отилиб чиққан қалб ноласи бўлгани учун ҳам ёзганлари ўқишли чиқади.

Умуман олганда, онлайн фаолиятини кузатар эканмиз, бу йигит ўз вақтини қадрлайди. Арзимас нусхалар билан пачакилашиб ўтирмайди. Провокацияларга берилмайди, ҳиссиёт ва эҳтиросларини совуққонлик билан етук инсонларга хос равишда идора қилади. Айниқса, аёллар билан ҳиринг-ҳиринг қилишни ўлгудек ёмон кўради. Ўзидан алламбало ясаб олган ойимчаларни ва жўжахўрозларни кўргани кўзи йўқ.

Саййид Ислом тахуллусидаги бу шахс билан файзбоғ оламида ҳамнафас бўлишдан хурсандмиз. Реал ҳаётда учрашолмаган бўлсак ҳам жиллақурса шу онлайн ижодидан баҳраманд бўлиб турганимизга шукр. Бу инсонни биз ўйлагандан ҳам олийроқ даражаларга кўтаришини Оллоҳ Таолодан сўраб қоламиз. Доимо саломат бўлсин.

24.12.2018

Фаизиддин Мўъмин

facebook.com