Ислом номи остидаги ўзбекзабон мусулмонлар бир-бирини гўштини еяпти…

Ислом номи остидаги ўзбекзабон мусулмонлар бир-бирини гўштини еяпти…
28 views
24 December 2018 - 12:47

Сўнгги кунлардаги жараёнлар қалбга оғир ботяпти. Ислом номи остидаги Ўзбекзабон мусулмонлар бир-бирини гўштини еяпти, десам муболаға бўлмаса керак.

Аввалига иккига бўлиниб олинди. “Ҳа энди, ақида ва дунёқарашга қараб бўлиндида“, деб қабул қилишга ҳаракат қилдим. Энди эса майдаланиб кетаётганга ўхшайди.

1. Фазлиддин акани иши.

2. Икки инсонни муштлашуви.

Мана шу икки воқеа жуда кўплаб баҳсларга ва мусулмонлар обрўси тўкилишига сабаб бўлди. Фикр билдирган одам борки, фитнага дучор бўляпти. Мен таниган, яхши кўрган инсонлар бир-бирига “бароат“ эълон қиляпти. Фикрлар хилма-хиллиги бўлиши табиий. Мени фикрим мутлақ, деган инсонни ўзи хатокор бўлади. Наҳотки бир фикрни қабул қилиш, уни ичидан хатосини эмас, фойдасини излаб қабул қилиш шунчалар қийин бўлса? Наҳотки дин биродарини хатосини кечириш шунчалар қийин бўлса?

Охирги уч кунда авратлар очилди. Пардалар кўтарилди. Исмларни келтириб,мен ҳам муҳокамага киришсам бўлар эди. Мендан ҳам фикримни ва позициямни сўрашяпти. Исмимни тег қилиб, нима учун “лике“ босганимга изоҳ сўрашяпти. Шахсийда қайсидир тарафни фойдаси учун гапиришга чақиришяпти.

Абдуллоҳ ибн Умарни “Сиффийн“ жангига чорлаб келишади. Қўлга қилични ол, деб даъват қилишади. Ибн Умар қатъий рад этадилар ва қиёматга қадар мусулмонлар учун ибрат бўладиган қуйидаги сўзларни айтадилар:

“Мени қиличим мусулмонга кўтарилмайди. Мен бир шарт билан урушга чиқаман. Менга бир қилич беринг. Уни чопаётганимда ким жаннатий, ким дўзаҳий айтиб турсин“.

Бизни қилич ўрнидаги кескин тилимиз мусулмонга қарши гапиради. Мусулмонни обрўсини тўкади. Мусулмонни изза қилади. Уларга қўшилиб кимнидир қаро ерга тиқмасангиз, сизни ҳам иймонингиздан нуқсон топишади. Ибн Умар топа олмаган ўша қилични гўёки биз топиб олгандай. Бизда Саид Комил ака айтганидай иймонни ўлчайдиган “иймонометр” аппаратимиз бордай.

Шахсийга айтиладиган, насиҳат қилинадиган гаплар баралла янграмоқда. Гўёки, “мўминни обрўси, иззати“, деган гап бизларга айтилмагандай.

Саҳобалар ичида ҳам бир-бирига қарама қарши фикр билдирганлар кўп бўлган. Бир масала устида тортишиб қолинган. Аммо ҳеч қачон қарши фикр билдиргани учун душманга чиқармаган. Нафратини сочмаган. Холид ибн Валидга Форслар еридан Шомдаги қўшин учун ёрдамга зудлик билан бориш ҳақида Абу Бакр Сиддиқдан нома келган. Холид ибн Валид қўшинни саҳродан олиб ўтган ва Ибн Убайда қўшинига вақтида ёрдамга етиб борган. Холиднинг бу ишини Абу Бакр маъқуллашган. Умар эса қарши чиқишган. Қўшинни ҳаётини хавф остига қўйди, деб ҳисоблашган. Абу Бакр эса буйруқни бажариб, талофатсиз борди, деганлар. Икки инсон икки ҳил фикрда бўлган бўлса ҳам бир-бирини мунофиқликда айбламаган. Бир-бирига нафратини сочмаган.

Сизларга бир-бирларингни бу даражада ёмон кўриш учун шунча нафрат қаердан келяпти? Биргина муносабати сабаб динини, иймонини ўлчашга, баҳо беришга қувватни қаердан оляпсизлар?

Жим туриш шунчалар қийинми? Ҳеч бўлмаганда шахсийга насиҳат қилишчи?

Мени ҳам бу ишларга ўз муносабатим бор. Мен қўрқоқлар жамиятида улғайдим. Менга доим жим туришни уқтиришди. Фикр билдирганларни қамалганига гувоҳ бўлдим. Бу миллатни бошидан балосини оламан, деганларни бошига балолар келганини кўрдим. Шу учун мен қадрлаган энг катта фазилат – жасоратдир. Зулмга қарши билдирилган ҳар қандай фикрни олқишлайман. Ноҳақликка қарши янграган ҳар қандай садони муқаддас деб биламан. Бу жамият учун мингта вазир, мингта арбоб, мингта пешволардан кўра биргина ҳақни айтадиган, “подшоҳни кийими йўқ экан“, дея оладиган ёш бола тилидан бўлсада айтилган ҳақиқатни маъқул кўраман.

Мен соқоли ва ҳижоби учун курашган ва оқибатида ўқишдан ҳайдалган Фарруҳ Абсаттаровни ўзимга кумир деб биламан. Мен айта олмаган гапларни мен ва миллионлаб юртдошларим номидан айта олди.

Мен беш мингта Имом ичидан вулқон каби отилиб чиққан, дини сабаб мансабидан, минбаридан, маросимидан айрилган Фазлиддин Парпиевни ўзимга намуна деб биламан. Фазлиддин ака кўплаб Имомларга жасорат бахшида этди. Селекторларда мен таниган (маълум сабабларга кўра исмини айта олмайман) баъзи Имомлар расмийларга қарши гапирди. Мажлисидан туриб чиқиб кетди. “Фазлиддин каби бир кун мен ҳам ёрилиб кетаман“, деганлари бўлди.

Мен золимга қарши гапирган, кўнглидаги ҳамма фикрларини китоб шаклида ёзиб, халқи учун тирик қаҳрамон бўла олган Нуруллоҳ Муҳаммад Роуфҳон домлани ўзимга устоз деб биламан.

Мен ҳижобни химоя қилгани учун ўн беш сутка ўтириб чиққан акаларимга ҳавас қиламан. Ҳар бирини ҳурмат қиламан.

Ҳа, мен мана шундай фикрлайман. Аммо фикримга қўшилмаган, маъқулламаган, ҳаттоки мени бу фикрларим учун маломат қилганларни ҳам тўғри тушунишга ҳаракат қиламан. Ўзимни мутлақ деб билмайман. Қарши гапирганни ҳақоратламайман.

“Йиғламаган болага кўкрак тутилмайди“, деган шиорга амал қиламан. Сизни фикрингизга қўшилмаганим учун диндан чиқиб кетмайман. Сиз мени фикримга қўшилмаганингиз учун сизни диндан чиқариб юбормайман. Бу дин сиз билан мени икки пулга қиммат фикрларимизга қараб қолмаган. Ҳукм Аллоҳники!

Бошқа айтадиганим йўқ!

Саййид Ислом

facebook.com