Собиқ имом: Президентни танқид қилган ҳимоясиз қолмаслиги керак

Собиқ имом: Президентни танқид қилган ҳимоясиз қолмаслиги керак
24 views
25 December 2018 - 10:12

Ўзбекистон ҳукумати мусулмонларга диний эркинлик бериш ниятидан қайтди, ислоҳотлар тўхтаган, деб ҳисоблайди таҳдидлар боис мамлакатни тарк этганини айтаётган собиқ имом Фазлиддин Парпиев. У “Америка Овози” билан суҳбатда Ўзбекистон прокуратурасининг у ҳақдаги баёнотини инкор этди.


Тошкентдаги “Омина” масжидида имомлик қилган Парпиевнинг сиёсий босимлар туфайли мамлакатни тарк этишга мажбур бўлгани сўнгги икки йил давомида Ўзбекистонда амалга оширилаётган диний ислоҳотларга нисбатан шубҳаларни кучайтирди.

Парпиев Тошкент шаҳар прокуратурасидаги суҳбат ортидан Ўзбекистондан чиқиб кетишга қарор қилганини айтиши ортидан шу пайтгача собиқ имом можароси юзасидан сукут сақлаб келган ўзбек матбуотида Бош прокуратура томонидан берилган баёнот пайдо бўлган.

Фазлиддин Парпиевнинг “Америка Овози”га айтишича, прокуратура матбуот ёрдамида айбни унинг ўзига ағдаришга уринмоқда.

“Кун. уз даги мақолада менга нисбатан ҳеч қандай тазйиқ йўқлиги айтилади. Шу кунгача мамлакат ичидаги матбуот мен ҳақимда ҳеч нарса ёзмаган эди. Бунинг сабаби матбуот мени ёнимни олиб қўймаслиги учун босим остида бўлган. Энди пичоқ суякка қадалгандан сўнг пайдо бўлган мақола ёмонлаш кампаниясига ўхшайди. Масала ҳал бўлиб, мамлакатдан чиқиб кетганимдан сўнг айбни ўзларидан соқит қилишмоқчи. Биз у инсонни таъқиб қилмаганмиз, деган мақола мана биринчи бор ўзбек матбуотида чиқди. Аммо бу чиқиш ҳам прокуратура хоҳишига кўра амалга ошган, чунки у ерда бошқа бир гап йўқ, инсонларга биз унга ҳеч нарса қилмадик, ўзи чиқиб кетди, деган мазмунни беришмоқчи. Ваҳоланки, Умра сафаридан қайтишимдан икки соат ўтиб уйимга ички ишлар, махсус хизматлар келди, маҳалла участкасига олиб чиқиб суҳбат қилишди. Энди ҳаммаси тугади деб тургандим, шаҳар прокуратураси чақирди. Мен чақирув қоғозисиз бормайман десам, бошлиқлар айтди, келмасангиз бўлмайди, дейишди. Менга у ерда ноқонуний ҳаракат бўлмади, лекин бу охиргиси, кейин жиноий жавобгарликка тортиласан деган таҳдидни аниқ тушундим. Яъни аввал ҳам огоҳлантирилгансан, буниси охиргиси дейилди. Бундан олдин эса Фазлиддин эҳтиёт бўл, давлат сиёсати олдида бир киши ҳеч нарса эмас, деган гапларни эшитган эдим”, – дейди Парпиев.

Собиқ имом айни пайтда хориж давлатларидан бирида, сиёсий бошпана сўраш қарорида турибди. Ўзбекистонда диний соҳада ўтказилаётган ислоҳотларга ишончи йўқолган, ислоҳотлар аллақачон тўхтаган, ўзгаришлар қилиш ваъдаси билан танилган янги ҳокимият ҳам мусулмонларга эркинлик бериш ниятидан қайтди, деб ҳисоблайди у.

“Ислоҳотлардан сўнг ортга қайтиш бошланганини ҳам кўрдик. Шу пайтгача рўмол ўраш қонун билан тақиқланмаган эди, бу тақиқланди. Соқол масаласида ҳам ҳозиргача очиқ бир гап йўқ эди, қўйган амаллаб қўйиб юрган эди, энди эса домлаларимиз телевидениега чиқиб, тақиқни ҳимоя қилиши диний эркинликни сиқилишидир. Яъни бошида бироз эркинлик берилди, кейин бу эркинлик одамларга тўғри келмас экан, деб қайтариб олинмоқда. Ҳатто мен билан ўтказилган суҳбатларда ҳам ўзи мусулмонларга эркинлик бериб бўлмайди, дейилган. Демократия деганда ҳам фақат ўзларига керак жойини олишмоқда, бошқасида эса йўқ бунга рухсат бера олмаймиз, дейишмоқда”, – дейди Парпиев.

Фазлиддин Парпиев Ўзбекистон президентлига бевосита мачит минбаридан туриб қилинган очиқ мурожаат билан танилди. Бу мурожаатда диний вазиятни танқид қилишга журъат этган имомнинг президентга нисбатан самимий ишончи кўриниб туради.

Жамоатчиликда қизғин муҳокама қилинган бу ҳодиса ортидан мурожаат муаллифи имомликдан бўшатилди, турли таҳдидларга учради, оқибатда мамлакатдан чиқиб кетишга мажбурбўлди.

Фазиддин Парпиевда бугун ҳам Шавкат Мирзиёевга нисбатан самимий ишонч сақланиб қолганми?

“Билмадим, энди ишониш учун бошқача ҳолат бўлиши керак. Ишона олмайман, бир инсонни фикрлари инобатга олинмаслигини мен тушуниб етдим. У кишига ишониб чиққанимнинг сабаби, мени мақтаманглар, танқид қилинглар, танқид қилганлар дўстларим, мақтаганлар душманларим, деган гаплари эди. Мен шу гапларгасуяниб танқид кўчасига кирган эдим. Натижада нима бўлди, тазйиққа олиндим. Лекин президентга ишониб танқид қилган одам ҳимоясиз қолмаслиги керак. Нафақат диний соҳа, бошқа соҳада ҳам танқид қилган одамлар тазйиққа учраётганини кўриб турибмиз. Улар президентга ишониб шу йўлга кирдими, ҳимоясиз қолмаслиги керак эди. Мени ишончимга озроқ путур етди ”, – дейди Парпиев.

Манба: amerikaovozi.com