Бешинчи авлоднинг севгиси

Бешинчи авлоднинг севгиси
29 views
26 December 2018 - 7:00

Яшар ҚОСИМОВ

БЕШИНЧИ АВЛОДНИНГ СЕВГИСИ
(Муҳаммад Солиҳнинг шеъриятига бир назар)

Муҳаммад Солиҳнинг шеъриятига ҳам, ниҳоят, одатланиб қолишди. Энг ўжар шаккокларнинг ҳам ғала-ғовури тинди. “Шеър ҳам шундай бўладими?” саволини вақт сабр-тоқат билан таҳрир қилиб “Шеър шундай ҳам бўлади!” ундови билан алмаштирди. Унинг чақин умридай қисқа ва ёруғ лирик миниатюраларига, сержило ва серқирра метафораларига, илк қарашда ғаройиб-ғалати қофияларига кўзимиз, қулоғимиз ўрганди. Зеро, вақт ҳар қандай янгиликнинг тақдирини белгиловчи ягона одил ҳакамдир. Вақт деяпман, бироқ ўзи қанча вақт ўтди? Атиги ўн йил!..

Муҳаммад Солиҳнинг илк шеърлари матбуотда қачондан кўрина бошлагани аниқ хотирамда эмас. Аммо унинг биринчи тўплами чиққан йили эсимда: 1977 йил. Ўша йил шеър ихлосмандларининг хотирасига “Бешинчи фасл”нинг ҳайратидай ўрнашган. Шоирнинг қарйб ўн йиллик ижодий йўли ва бадиий изланишлари ҳақида таассуротларимизни ўртоқлашар эканмиз, менингча, суҳбатни “Бешинчи фасл” уйғотган ҳайратдан бошлаганимиз маъқул.

Чунки “Бешинчи фасл” поэзиямизга етмишинчи йилларнинг ўрталарида ўзига хос бир шиддат билан кириб келган шеъриятимиз тарихидаги бешинчи авлоднинг маънавий-эстетик қиёфасини белгилашда муҳим роль ўйнаган. Мен шу мулоҳаза билан мазкур бўғинга мансуб истеъдодли шоирларимизнинг ўша йилларда бирин-кетин пайдо бўлган ранг-баранг  шеърий тўпламларини, уларнинг бадиий савиясини ва таъсир кучини асло камситмоқчи эмасман. Фақат “Бешинчи фасл”нинг ғоявий-эстетик таъсир доирасининг ўзига хос миқёсини, бетакрорлигини таъкидламоқчиман, холос.

Умуман, очиқ эътироф этиш керак – адабий дид ва қарашларни ўзгартирадиган, янгича фикрлашга даъват этадиган биринчи китоблар наинки ҳар йили, баъзан ҳар ўн йилликда ҳам яратилавермайди. Ушбу талаб ва нуқтаи назардан келиб чиқиб поэзиямизнинг сўнгги ўттиз йиллик тарихига назар ташлайдиган бўлсак, уларнинг сони унчалик кўп эмас. Эркин Воҳидовнинг “Тонг нафаси” (1961), Абдулла Ориповнинг “Митти юлдуз” (1965), Рауф Парфининг “Карвон йўли” (1966), Омон Матжоннинг “Очиқ деразалар” (1970) китоблари ва ниҳоят, Муҳаммад Солиҳнинг “Бешинчи фасл”и…

“Бешинчи фасл” тўпламидаги аксарият шеърларнинг бадиий-ғоявий юки, поэтик мурожаат ва хитобларнинг йўналиши уларни мазкур авлоднинг жиддий ўйлаган ижтимоий-эстетик программасидай қабул қилишга ундайди. Масалан, “Кечиккан баҳор” шеърини ва айниқса, қуйидани сатрларни 70-йиллар навқирон қаламкашларнинг самимий дил изҳори, дадил поэтик манифастдай ўқиш мумкин:

“Наҳот”, “хайр”лашиб қиш билан, энди бирор-бир фасл йўқ, “Салом!” дейишга?! Жин урсин! Кутмаймиз энди, ўртоқлар. Шоир, шеърингни ёз! Ёзил, эй тугун! Новданинг бўғзидан чиқинг, Куртаклар, Бугунги Сўзингиз айтинглар бугун! Бизга фасл керак. Фарқи йўқ бизга. Ҳатто у Бешинчи фасл бўлса ҳам!” Шеърнинг сарлавҳаси ҳамда катта харфлар билан ёзилган Тугун, Куртаклар, Сўз ва Бешинчи фасл образ-хитобларининг умумлашма даражаси ва қамрови юқоридаги мулоҳазаларни тўла асослайди, деб ўйлаймиз…

Ихчамгина бир мақола доирасида Муҳаммад Солиҳ шеъриятининг ҳамма қирраларини қамраб олиш, унинг барча изланишларини умумлаштириш қийин, албатта. Шу боис муносабат ва мулоҳазаларимизниайрим характерли жиҳатлар, айтайлик, миллий-ижтимоий муаммоларнинг лирик инъикоси, янада аниқроғи лирик қаҳрамон ва халқ масаласи атрофида марказлаштирсак. М.Солиҳнинг яқиндагина нашр қилинган “Тун ташбеҳлари” номли китобининггина эмас, балки “Бешинчи фасл”нинг ҳам бош моҳиятини айни шу масала, ғоя ташкил этади. “Мен” ва халқ муносабатлари шоирнинг илк шеърларидаёқ бадиий таҳлил марказида туради. Масалан, ушбу мисраларнинг ғоят драматик пафосига эътибор берайлик: “Мен айтиб титрайин, сен сўздан титра, Титра нигоҳдан. Бугун менинг сўзим, сенинг ғазабинг Ўтар никоҳдан”. Алоҳида урғу берилган “Сўз”, “Никоҳ”, “Ғазаб” сўзлари нафақат М.Солиҳ лирикасининг, балки 70-йиллар шоирларининг поэтик концепциясини теран англашга ёрдам беради. Гап шундаки, бу руҳдаги сўз-образларнинг маъно сиғими ҳам, “Алъенде мактуби” шеъридаги

Ватан учун ўлса бутун халқ,
Ватан учун кимлар яшайди

сингари таъсирчан-фожиавий афоризмлар ҳам, “Агар осмон бўғзим бўлганда Унга сиғмас эди шул ватан!” исёни ҳам поэзиямизга ўзгача севадиган бир авлод, шеъримиз иқлимига янги бир фасл кириб келайтганлигининг илк белгилари, даракчилари эди. Абдулла Орипов, Омон Матжон ва Рауф Парфидан кейин ушбу насл ижодида, айниқса, Муҳаммад Солиҳ шеъриятида Ватан Кечмиши – Бугуни – Эртаси (абстракт истиқбол эмас!) билан бирга – бир бутун ҳолида миллий сўз санъатимизнинг бош қаҳрамонига айланди.

Ҳақиқий ижодкорнинг барча туйғу ва кечинмалари, маҳаббати ва эътиқоди ҳамиша Ватан, Халқ тушунчалари билан омухта, у ёки бу даражада боғланган бўлади. Янги ўзбек лирикасининг чорак асрлик поэтик-тарихий тажрибаси эндиликда “Ҳар қандай шеър Ватан ҳақидаги шеърдир” (Муҳаммад Солиҳ) ҳақиқатини тўла тасдиқлаб турибди десак муболаға қилмаган бўламиз. Бу маънода асосий матлабдан илк қарашда анча йироқ туюлган лирик-символик кечинмаларни, тагдор метафорик образларни ҳам ўша буюк муҳаббатнинг ёпиқ садоларидан ўқиш мумкин: “Отхонада… От ухлар тикка. Ухлар унинг бўйнида бўрон.

Дунёда жонзот йўқ, Ухлаётган отдан ғамгинроқ! Уни силаш учун, Ачиниш учун Юзта сулув қизнинг қўллари керак, Юзта! Отхонада от ухлар тикка, Маъюс бўрон бўйнида ухлар”. “Ухлаётган бўрон”, “маъюс бўрон” каби тазодли истиоралар “сўз” ва “ғазаб” никоҳининг қонунийлигини, зарурийлигини ҳар томонлама асослайди. Чинакам ижод жараёнида ғоявий-бадиий мақсад яхлитлиги, фикрнинг эстетик ҳаракати шу тариқа поэтик образларнинг мантиқий изчиллигидан, диалектик ваҳдатидан туғилади.

Шеъриятда янгилик – биринчи галда муҳаббатда янгилик демакдир. Янги шеър – янгича севгининг ифодасидир. Ва мен “муҳаббат”, “севги” сўзларини интим қобиғидан ажратган ҳолда ишлатяпман. М.Солиҳ лирикасида Муҳаббатнинг янги ҳаётий-эстетик мазмун ва пафос билан бойиганини аниқ тасаввур қилиш учун 60-йиллар поэзиясининг тажрибасига мурожаат қилишга тўғри келади. Аниқроғи, бу янгиланиш тарихи “Мен не чун севаман Ўзбекистонни” саволини кўндаланг қўйган давр ижтимоий-маънавий эҳтиёжи билан чамбарчас боғлиқдир. Муҳаббат моҳиятидаги жиддий ўзгариш, табиийки, унинг асосий объекти – Халқ образи ва тушунчасининг дифференциясига, конкретлашишига олиб келади. Натижада, 60-йилларда – ҳали янги лирикамизнинг босқичида мужаррад халқ тасаввури инкор қилинади, “уйғоқ халқ” ва “мудроқ халқ” (оломон) тушунчалари ўртасида узил-кесил чегара ўрнатилади. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, “Оломонга” (1980), “Муктибодҳ” (1981), “Шукур Бурхон” (1982) сингари машҳур шеърлар нисбатан кейинроқ пайдо бўлганига қарамай, у алоҳида бир миллий-ижтимоий табақа-гуруҳ сифатида Абдулла Ориповнинг ҳам, Рауф Парфининг ҳам, Омон Матжоннинг ҳам илк шеърларидаёқ теран таҳлил ва танқид қилинганди. Бироқ бу тушунча ўша шеърларда турли образлар орқали ифодаланганди: масалан, “Булоқда”да “одамлар”, “Тилла балиқча”да “улар” “Гиёҳда” “харсанг” “тошлар”, “Дорбоз”да “кўзи очиқлар” ва ҳ.к. сингари. Бу ўринда Р.Парфининг “Йўлларимда ғиж-ғиж соқов тош…” “Кўксимни синдирар харсанглар” ва бошқа бу қабилдан бўлган мисраларини, образларини эслаш жоиздир.

Оломон тушунчасининг ижтимоий-эстетик тафаккурда тикланиши 60-йиллар учун янгилик эди. Лекин бу нарса умуман поэзия тарихи учун янгилик саналмайди. Зеро, классик лирикамизда халқ ва оломон бир-биридан ҳамиша аниқ ажралиб келган. Улар айнан “оломон” деб юритмаган бўлсалар ҳам, ўша тушунчани контекстда “овом”, “жамоат” ёки “мардуми ғофил” каби сўз ва иборадар ёрдамида ифодалашган. Бандан ташқари, “халқ”, “эл”, “улус” каби атамалар ҳам аниқ ва муайян матн доирасида оломон мазмунини бериши мумкин. XIX аср рус лирикасида қўлланиб келган “чернь”, “толпа” сўзлари ҳам айнан оломон маъносини беради. Масалан, Пушкин ўз шеърларида “народ” ва “чернь” атамаларини ёнма-ён қўллайдики, бу шоир муҳаббати ва ғазабининг аниқ тушунилишига ёрдам беради. Муҳаммад Солиҳ муҳаббатининг тафтини, нафратининг кескирлигини тўла ҳис қилиш учун халқ ва оломон ҳақиқатини билиш зарурийдир. Шусиз М.Солиҳ шеърларидаги кучли драматизм моҳиятини, поэтик конфликт қутбларини англаш, аниқлаш амри маҳол. “Мен” ва оломон, “мен” ва “уйғотлик дунё” (Р.Парфи) конфликти унинг кўпчилик шеърларидан бир қизил ип сингари ўтади. Шулардан бехабар шеърхонга қатор лирик намуналар, айтайлик, шоирнинг “Ҳали пайдо бўлмади жануб” шеъридаги изтироб, зиддиятли кечинмалар туманли ёки тушунарсиз туюлиши табиийдир. Масалан, “Ғаладонга яшир хатонгни, Қўйгил, умумгуноҳга қўшиб Ва айт, нени куйласин тонгнинг Кўксидаги ёп-ёлғиз қуши?” сатрларини, айниқса, “умум-гуноҳ” ва “тонг кўксидаги ёп-ёлғиз қуш” каби мураккаб истиораларда нималарга шама қилинаётганлигини тусмоллаб изоҳлаш қийин.

Лирик “мен” ва мудроқ оломон тазоди М.Солиҳнинг поэтик дастхатини белгилайдиган асосий ғоявий-ҳаётий омилларидан биридир. Унинг услубидаги беҳад эмоционал трагизм ҳам, мурожаат ва хитоблардаги аччиқ истеҳзо, киноя ҳам бевосита ўша конфликтга бориб тақалади. Баъзи шеърларда, айниқса, “Ўртоқлик ҳазили”, “Маҳлуқ”, “Афсун”, “Меҳмон”, “Айигандай”, “Сир” ҳамда “Деҳқон қўллари”, “Валфажр”, “Иккинчи даражали қаҳрамон” номли шеърий туркумларда киноявий муносабат кескин сарказм даражасига кўтарилади: “Дўстларим ўлган”, деб айтмаслик учун, Сизни қийнамаслик учун, Камтарлик қилиб, “ўлганларнинг дўстиман”, дер У. “Мен кузни севаман” дейишдан чўчиб, Кўнглингизга қаттиқ ботмаслик учун, “Мен қари баҳорни севаман”, “дейди” (“Иккинчи даражали қаҳрамон”). Ким “У”? Шоир “У”нинг аянч ҳаёт тарзи, ғамгин-ачинарли таржимаи ҳоли ҳақидаги фожиёна шеърий қиссасини шундай тугаллайди: “Энг баланд қояда Баҳайбат қуш мисол Оғир тумшуғини патлари орасига тиқиб, Ухлаб ётар Унинг нафрати. Онаси кимлигин билмайди бу қуш, Билмайди отаси ким эканини. Вақт ўтган сари катталашaр у , Катталашган сайин Қаттиқроқ ухлар”. Бундай шафқатсиз ва омонсиз фош қилувчи пафос, назаримда, турғунлик даврида яратилганбармоқ билан санарли асарларгагина (назму насрда) хос фазилатдир.

Умуман, 70–80-йилларда ўзбек адабиётида камдан-кам ижодкорлар турғунлик замонларининг иллатларини ва аянч оқибатларини шу даражада теран ва ҳаққоний гавдалантиришган. М.Солиҳ “У”ни оломоннинг траги-сатирик образидай умумлаштираркан фақат давр фожиасини акс этдиришнигина, таъкидлаб кўрсатишнигина кўзда тутмайди. Ҳамда шу фожиа ва кўргуликларнинг миллий-ижтимоий илдизларини очишга интилади, келиб чиқиш сабабларини аниқлайди – ўтмишидан ажралган, маънавий тутқинлик ва эрксизлик шароитида яшаётган халқ оломонга айлниши муқаррардир. Зеро, оломоннинг ўтмиши йўқ. Ўтмишсиз ва маънавиятсиз бу кун эса охир-оқибат мутлоқ истиқболсизлик дегани. Шоир талқинида “мен” ва оломон конфликти шу тариқа улкан ҳаётий ва ғоявий-эстетик аҳамият касб этади.

Демак, Муҳаммад Солиҳ лирикасида муҳаббатнинг тўғридан-тўғри ифодасининг кам учраши ҳам оддий услубий ҳодиса, шунчаки ўзига хослик эмас. Ва тасодифий эмаски, кўпинча айтилаётган нафрат, аччиқ кулгу ва истеҳзо қалб тубига чўккан улкан муҳаббатнинг тасдиғидай жаранглайди. Зотан шеъриятимизнинг Бешинчи фасли ҳам ана шу ҳаётбахш ва Ватанбахш севгининг ҳароратли нафаси демакдир.

Яшар Қосимов
“Ёш куч” журнали, 1/1990 йил.