Янги тарих. Шов-шувли ҳибслар еттилиги

Янги тарих. Шов-шувли ҳибслар еттилиги
43 views
26 December 2018 - 8:00

Албатта, кимнингдир ҳибсга олиниши ва жазоланиши бу энг камида бир оиланинг фожиаси. Яна бир тоифа инсонлар – юқори мартабали шахслар, арбоблар борки, уларнинг панжара ортига йўл олиши жамиятда катта шов-шувларни юзага келтиради, деярли ҳамма бу мавзуни муҳокама қила бошлайди.

Бугун биз эътиборингизга ҳавола қилаётган ўзига хос «рейтинг» фақат нисбий кўрсаткичларга, омма орасида кўтарилган резонансга асосланган. Бундай маълумотлар бўйича табиийки аниқ ва расмий рўйхат тузилмаган. Аммо сўнгги йилларда ОАВга тақдим этилаётган ахборотларнинг нисбатан очиқлиги тахминий бўлса-да, шундай рўйхат тузиш имкониятини яратади (маълумотлар ҳибсга олинган шахсларнинг сўнгги иш жойлари билан тақдим этилмоқда).

7. Бахтиёр Абдусаматов, Юнусобод тумани ҳокими

Ҳокимлиги пайтида Бахтиёр Абдусаматов инвесторга ер майдони тақдим этишни ваъда қилиб, 400 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулни пора тариқасида олаётган вақтида ушлангани тўғрисида хабарлар тарқалганди. Қайд этилишича, махсус тадбир Давлат хавфсизлик хизмати тезкор ходимлари томонидан ўтказилган.

Аммо кейинчалик бу масала бўйича бошқа маълумот тарқатилмади, тергов жараёни ҳам, ишнинг судга ошган-ошмагани ҳақида ҳам бирор хабар йўқ. Бош прокуратура расмийлари Юнусобод тумани собиқ ҳокимининг иши борасида шу пайтгача бу ҳолат бўйича бирорта расмий баёнот бермаганлари важи билан изоҳ беришдан бош тортишди.

6. Нодир Тўрақулов, МХХ (ҳозирги ДХХ) тергов бошқармаси терговчиси

Ўзбекистон МХХ тергов бошқармаси терговчиси, адлия подполковниги Нодирбек Дилмуродович Тўрақулов журналист Бобомурод Абдуллаевни сўроқ қилгани билан тилга тушган эди. Аммо унга алоқадор маълумотлар узуқ-юлуқ. Тўла ва расмий ахборот эълон қилинмаган, суд ёки тергов маълумотлар ошкор этилмаган.

Ҳибсга олинишидан олдин Сурхондарё вилоятида фаолият юритган Тўрақулов тадбиркорлардан мунтазам ўлпон олиб тургани, айниқса метан ёқилғиси қуйиш шохобчаларининг деярли барчасини назоратига олгани айтилади. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Сурхондарёга қилган сафари давомида Тўрақулов ва унга алоқадор ходимларнинг фаолияти кескин қораланганидан сўнг вазият жиддий тус олди. Бу гуруҳни жавобгарликка тортиш бўйича ҳарбий прокуратура шуғуллана бошлади. Аммо айбловлар ва жазо ҳақида расмий маълумот йўқ.

5. Туробжон Жўраев, Самарқанд вилояти ҳокими

Жорий йилнинг 13 июль куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Самарқанд вилоятининг собиқ ҳокими Туробжон Жўраев коррупцион тизим яратгани ошкор бўлгани тўғрисида хабар берганди. Унинг раҳбарлиги пайтида Самарқанд вилоят ҳокимлигида турар жойлар қуриш учун рухсатнома бериш, ер участкаларини тақсимлашда ўзига хос «ставка» жорий этилган. Қизиғи, Туробжон Жўраев бунга қадар Сурхондарё, Қашқадарё вилоятларида ҳам ҳокимлик қилишга улгурган, коррупция ва порахўрликда айбланиб Қашқадарë вилояти ҳокимлигидан бўшатилганди.

Бу ишнинг энг шов-шувли қисми ҳокимнинг кабинетидаги сейфдан топилган нақд 1 миллион АҚШ доллари бўлди. Аммо бу факт борасида ҳам расмий маълумотлар чекланди.

Бош прокуратура Туробжон Жўраев иши якунланиб, судга оширилганини маълум қилди.

4. Шуҳрат Ғуломов, МХХ (ҳозирги ДХХ) раиси ўринбосари

«…МХХда яна битта ғўддайгани бор эди. Ватан хиёнатчиси бўлиб, ҳозир умрбод қамалди. Ғуломов деган ноинсоф (Шуҳрат Ғуломов – МХХ раисининг собиқ ўринбосари, Сурхондарё вилояти бошқармасининг собиқ бошлиғи). Унинг илдизлари бор ҳалиям. Тошкентда ўргандим, бугун келиб одамларини ишдан олдим. Энди ҳар биттасини ўзим ишга тайинлайман…», деган эди президент Шуҳрат Ғуломов фаолиятига баҳо бераркан.

Шуҳрат Ғуломовнинг акаси Бахтиёр Ғуломов Ўзбекистоннинг Америкадаги элчиси лавозимида 4 йил давомида ишлаган.

3. Муиджон Тоҳирий, Давлат божхона қўмитаси раиси

Муиджон Тоҳирий 2006-2008 йилларда МХХ раиси ўринбосари, 2010-2011 йилларда Ўзбекистон Президентининг давлат маслаҳатчиси бўлган. 2011 йилда яна МХХ раиси ўринбосари лавозимига қайтган ва 2016 йил охиригача ишлаган. 2013 йилда Президент хавфсизлиги хизматини ҳам бошқаришга улгурган.

2016 йил 20 декабрда Давлат божхона қўмитаси раис этиб тайинланган ва 2018 йил 12 февраль куни ишдан олинган.

Жорий йилнинг 21 декабрида унинг ҳибсга олингани тўғрисида маълумот берилди. Аммо Бош прокуратура фақат ҳибс фактининг ўзинигина тасдиқлаб, бошқа маълумотларни ошкор этмади.

2. Рашид Қодиров, собиқ Бош прокурор, Конституцион суд судьяси

Рашид Қодиров 2000—2015 йилларда, яъни 15 йил давомида Бош прокуратурани бошқарган, шундан сўнг Конституцион суд судьяси этиб сайланган (2015−2017).

Жорий йилнинг 23 февраль куни Рашид Қодиров Ўзбекистон Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган. Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати томонидан собиқ бош прокурор Рашид Қодировга нисбатан Жиноят кодексининг 165, 205, 210-моддалари билан жиноят иши қўзғатилгани, хабар берилганди. Аммо кейинчалик бу хабар ўчириб ташланди.

Рашид Қодиров билан биргаликда яна 21 нафар юқори мансабдор шахс ҳибсга олингани ва сўроқ қилинаётгани ҳақида маълумот берилган.

«Албатта вақти келади, тергов якунланади, биз имкон қадар иш тафсилотларини: қанча пул ўғирлангани, улар қандай ишларни қилгани, поралар қандай бўлганини аниқлашга ҳаракат қиляпмиз, рақамлар жуда катта», — деган амалдаги Бош прокурор Отабек Муродов Қодиров иши бўйича изоҳ бераркан.

Президент эса Рашид Қодировнинг ўзи барча кирдикорлари ҳақида телевидение орқали гапириб беришини маълум қилганди.

1. Гулнора Каримова, сиёсий тадқиқотлар маркази директори

Мазкур ўзига хос «рейтинг»даги шоҳсупа шубҳасиз Гулнора Каримовага тегишли. Унинг фаолияти ниҳоятда кенг кўламли бўлиб, Каримова хонимга тегишлилиги аниқланган «Terra Group» МЧЖ, «Prime Media» МЧЖ, «Gamma Promotion» МЧЖ даромад келтирувчи деярли барча соҳаларда иш олиб борган.

Бош прокуратура томонидан 28.07.2017 йилда эълон қилинган махсус ахборотга кўра (энг қизиғи бу хабар ҳам ҳозирги кунда Бош прокуратура сайтида топилмади), «…Гулнора Каримованинг назорати остида ва кўмагида уюшган жиноий гуруҳ аъзолари 2001−2013 йилларда қуйидаги бир қатор жиноятларни содир этишган.

… — турли корхоналардаги давлатга тегишли акциялар ва улушларни сотиб олиш, мулкий объектларни хусусийлаштириш ва маҳсулотларни паст нархларда сотишда 344,6 млрд. сўмлик давлат мулкини ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарож қилиш («Ўздунробита» ҚКдаги 131,9 млрд. сўмлик (49 фоиз), «Coca-Cola Ichimligi Uzbekistan LTD» МЧЖ шаклидаги ҚКдаги 14,6 млрд. сўмлик (67,1 фоиз), «Rubicon Wireless Communication» МЧЖ шаклидаги ҚКдаги 9,6 млрд. сўмлик (30 фоиз) давлат улуши, 20,4 млрд. сўмлик 50 та кўчмас мулк объектлари ва бошқалар);

— даромадларни (1 трлн. 570,3 млрд. сўм), кўрсатилган хизматлар, ишлар ва сотилган маҳсулотлардан тушумларни (253,9 млрд. сўм) камайтириб кўрсатиш, имтиёзларни ноқонуний қўллаш (266,2 млрд. сўм), текинга хизмат кўрсатиш, ортиқча асосий воситалар шаклида солиққа тортиш базасини камайтириш ва бошқа йўллар билан (994,3 млн. сўм) уюшган жиноий гуруҳ назоратидаги хўжалик юритувчи субъектлар ва оффшор компаниялар фаолиятида 2 трлн. 91,4 млрд. сўмлик солиқларни тўлашдан бўйин товлаш;

— жиноий жавобгарликдан бўйин товлаш мақсадида уюшган гуруҳ назоратидаги хўжалик юритувчи субъектлар ва оффшор компаниялари фаолияти билан боғлиқ ҳужжатларни нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ва уларни яшириш шулар жумласидандир.

… давлат ва фуқаролар манфаатларига етказилган зарарнинг умумий суммаси 1 трлн. 270 млрд. 200 млн. сўм, 1 млрд. 651,8 млн. АҚШ долл., 26,1 млн. евро (миллий валютада жами 3 трлн. 746,8 млн. сўм)ни ташкил этади.

Тергов материаллари бўйича ҳозирда 12та хорижий мамлакат ҳудудида уюшган жиноий гуруҳнинг 1 млрд. 394,1 млн. АҚШ долл., 63,5 млн. евро, 27,1 млн. фунт ва 18,5 млн. франк миқдордаги легаллаштирилган маблағлари аниқланган.

Ушбу эпизодлар бўйича Г. Каримовага Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг бир қатор моддалари (165, 167, 179, 184, 227 ва бошқалар) билан айблов эълон қилинган.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2015 йил 21 августдаги ҳукми билан Г. Каримова айбланаётган жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган ва унга 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган».

Аброр Зоҳидов тайёрлади

Манба: kun.uz