Умидлар рўёбга чиқмади лекин сўнгани ҳам йўқ

Умидлар рўёбга чиқмади лекин сўнгани ҳам йўқ
39 views
28 December 2018 - 9:29

Ўзбекистонда ислоҳотлар шиори остида кечган яна бир йил якунланмоқда. Ўтган давр давомида кўплаб ўзбекистонликлар мамлакат иқтисодида аниқ ўзгаришлар сезишмади, аммо умидлар сўнгани йўқ.

Бу умидларнинг ҳамон учқунлаб турганига, иқтисоддаги депсинишдан фарқли, мамлакат Ижтимоий-сиёсий ҳаётида кузатилган нисбий эркинликлар сабаб дейиш мумкин.

Турғунлик даврида мутлақ сукутга ҳукм қилинган жамиятдаги уйғониш ҳеч бўлмаганда муаммолар ҳақида гапиришга имконият берди.

Таҳдид, ҳадик, тазйиқ ҳали жамоатчилик бошидан мутлақ кўтарилмаган. Ҳукумат айрим вазиятларда танқидга бардошли бўла олишини кўрсатган бўлса, айрим вазиятларда тузум ҳамон турғунлик давридаги тамойилларга асосланиб ишлаётганини намойиш қилди.

Бу айниқса якунлаётган 2018 йилнинг сўнгги чорагидан ижтимоий тармоқларда фаоллашган блогерларга нисбатан тазйиқлар кучайиши, бу тўлқиннинг “Facebook” ва “Youtube” каби ижтимоий тармоқларни мутлақо ёпиб қўйилиши билан тугашида яққол акс этди.

Табиий, ижтимоий тармоқларни бу тариқа блокланиши турғунлик давридан буён мамлакатда тўсиб қўйилган мустақил ахборот воситаларидан тўсиқларни олиш талабини ҳам ортга сурди. Ўзбекистонда тўсиқ ортида қолаётган мустақил ахборот воситалари асосан ижтимоий тармоқлар воситасида ўқилаётгани инобатга олинса, интернет сензурасини сақлаб қолишдан мақсад аён кўринади.

Бундан қатъи назар, янги ҳокимият, саноқли бўлсада, айрим ахборот нашрларида қалқиётган танқидларга бардош кўрсатмоқда. Боз устига бу танқидларга баҳоли қудрат жавоб ҳам беряпти, очиқланган камчиликларни бартараф этишга ҳаракат қилмоқда.

Мирзиёев эълон қилган ислоҳотларга нисбатан умидлар бугун айнан шунга жамоатчиликка, мамлакатдаги айрим нашрларга тақдим қилинган нисбий эркинликлар эвазига учқунлаб турибди.

Афсуски, хавотирли томони ҳам айнан шунда кўринади, чунки ҳатто турғунлик авжга чиққан даврларда ҳам долзарб хабарлари, танқидлари, муаммолар кўтариши ва тезкорлиги билан танилган айрим ахборот нашрлари пайдо бўлган, аммо маълум вақтдан сўнг тўсатдан юз кўрсатган техник муаммолар ортидан изсиз йўқолган, йўқотилган эди.

Ўзбекистон ҳукуматида бундай нашрлар билан қандай ишлаш тажрибаси бор. Ҳар ҳолда 2018 йил давомида тезкор, илғорлиги билан танилган қатор сайтларни техник муаммога учратилиши бу усул янги ҳокимият даврида ҳам синовдан ўтказиб кўрилганига ишора беради.

Ўзбекистондаги даврий матбуотнинг аксарият қисми турғунликка хос сукутни сақлаб қолиши соясида интернет нашрлари илғорлиги техник муаммолар билан ҳал этилиши мумкин вазифа эканлиги нафақат ҳокимият, балки бошқалар учун ҳам тушунарли ҳолат.

Умуман якунланаётган 2018 йил 2017 йилда жамоатчиликда авжланган умидлар тўлқини билан солиштирганда бир қадар эҳтиётли кўринади.

Шавкат Мирзиёев ўз бошқарувини иккинчи йилини ҳам матбуот билан мулоқотсиз якунлаяпти. Мамлакатда президент диққатига молик нашр ҳали йўқдек.

Телевидение ҳамон давлат раҳбарини бирор сўзсиз, саволсиз халққа тақдим этаётган тарғибот қуролидир. Президентнинг танқидга дохиллиги илғор нашрларни ҳам, тўртинчи ҳокимиятга даъвогар матбуотни ҳам четлаб ўтяпти.

Халқ, жамоатчилик мустақиллик давридан буён мислсиз эркинликнинг мавҳум оқибатлари билан қўрқитиб келинди. Бу ақида диктатурага таянган давлатнинг бош сиёсатига айланди. Бугун ислоҳотлар даври чўзилиши ҳам янги ҳокимиятни шу қўрқувлар исканжасида эканлигидан даракдек.

Жамиятга эркинлик бериш бу ўзини, халқини ҳурмат қилган ҳар қандай ҳокимиятнинг дастлабки бурчи, сиёсий ирода, қонун устуворлиги, очиқликни тан олиш, холос. Тажриба ўтказиш, бир қадам олдинга, икки қадам орқага ташлаш эмас.

Манба: amerikaovozi.com