Қамал вақтидаги навоийхонлик

Қамал вақтидаги навоийхонлик
34 views
29 December 2018 - 7:00

«…Очликнинг ҳеч нарса билан таққослаб бўлмайдиган азоб-уқубатидан оз бўлса-да қутулмоқ учун кишилар дурадгорлик елимлари, вазелин, глицеринларни ейишар, итларни, мушукларни овлардилар. Қаҳратон совуқ бошланиши, канализация, сув йўллари ва шаҳар транспортининг ишдан чиқиши натижасида азоб-уқубат янада кучайиб кетди…» — Иккинчи жаҳон урушининг энг қора кунларидаги — Ленинград қамали давом этаётган 1941 йилнинг декабр ойидаги аҳвол ана шундай эди. Даҳшатли уруш авжига чиққан, шаҳар осмонида фашистларнинг бомбардимончи самолётлари тинмаётган, кўчаларда очлик ва совуқдан тарашадек қотган мурдалар кўпайиб бораётган оғир бир шароитда Нева соҳилларидаги Эрмитажда… навоийхонлик тадбири ўтказилган!

Қуршовда қолган шаҳарда киши бошига бир кеча-кундуз учун 125 грамм нон бурдаси берилар, самолётлар осмондан бомба ёғдиргани етмагандек, душман артиллерияси снарядлари ҳам шаҳарни тинимсиз вайрон қиларди. Ана шундай ақл олмас оғир вазиятда, 1941 йилнинг 10 декабр куни Ленинграднинг Набережная кўчаси 34-уйдаги Эрмитаж биносида навоийхонлик тадбири бошланди. Икки юзга яқин кишига таклифнома тарқатилган, аммо вазият оғирлиги туфайли тадбирда Алишер Навоий ижодининг қирқ нафарга яқин мухлиси қатнаша олаётганди, холос.

Фашистларга ҳар дақиқада нишон бўлиб турган Эрмитаждаги тадбирни шу масканнинг директори, академик Иосиф Абгарович Орбели кириш нутқи билан очди. Иосиф Орбели дунё миқёсида шарқшунос сифатида эътироф этилган олим эди. Ёшига нисбатан анчайин эпчил, аммо уруш, қамал азоблари туфайли асаб касалига чалинган академик ўша куни беҳад шод эди, лабларидан табассум аримасди. Ахир у ўзи учун таърифлаб бўлмас даражада севимли ижодкор Алишер Навоийнинг 500 йиллик санасини ўтказаётган эди-да!

Академик ўз нутқида Алишер Навоий асарларининг моҳияти, уларнинг ҳар бир давр учун сабоқ бўладиган мавзулари хусусида гапириб, сўзни Эрмитаж ходими Александр Николаевич Болдиревга берди. Шарқшунос олим Болдирев «Навоий даври» мавзусида маъруза қилган бўлса, шоир ва таржимон Всеволод Рождественский жангдан кейинги бироз осойишта вақтларда окопларда ётганича Навоий ғазалларидан қилган таржималаридан ўқиб берди. Шоир ва шарқшунос олим Николай Фёдорович Лебедев эса кеча қатнашчиларига Алишер Навоий ғазалларидан ўқиб, уларни шарҳлаб берди. Шунингдек, кечада рассом Михаил Николаевич Мохнинг Навоий асарлари қаҳрамонларининг чиннига ишланган суратлари кўргазмаси ҳам намойиш этилди.

Танни зирқиратувчи совуқ, иштирокчиларнинг аксариятидаги очликдан келиб чиққан касаллик – дистрофия авжига чиққан бир шароитда, қирққа яқин киши айнан Мир Алишер Навоийга бўлган ҳурмат ва эҳтиром боис, Эрмитажнинг совуқ хонасида то қоронғу тушгунча ўтириб, шоир яшаган давр ва унинг серқирра ижоди ҳақидаги маърузаларни, шоир асарларини ўзбек (Н.Ф.Лебедев ўзбек тилини яхши билган) ва рус тилларида тинглашди. Рассом Михаил Мох яратган асарлар уларга уруш, қамал боис унутилиб кетган ажиб бир кўтаринкилик кайфиятини бағишлади.

Навоийхонлик ташкилотчилари ва қатнашчиларининг аксарияти очлик туфайли ниҳоятда дармонсиз эдилар. Ҳаттоки, шоир ва таржимон Николай Фёдорович Лебедев ўша куни ўзига берилган 125 грамлик бурда нонни очликдан ўлар ҳолатга етган жажжи болакайга бергани учун минбарга ҳам чиқолмайдиган даражада мадорсиз эди. Лекин буюк мутафаккир шоир ижодига муҳаббати ва тадбир қатнашчиларига ҳурмати туфайли, ўриндиққа суяниб бўлса-да Алишер Навоий ғазалларидан ўқиди. Тадбир давомида артиллерия ўқлари ва шаҳар осмонидан ёғилаётган бомбалар зарбидан Эрмитаж деворлари ёрилгудек бўларди. Вазият қанчалик хавфли бўлмасин, ҳеч ким тадбирни ташлаб кетишни истамади. Ҳазрат Навоий руҳига ошнолик кайфияти уларни тетик тутиб турарди. Тадбир ҳақиқий маънода жасорат билан ўтказилаётган эди.

Қоронғу тушгач, қамал пайтидаги қоидага кўра чироқ ёқиш мумкин бўлмагани боис (кечқурунги чироқ ёруғи фашист авиацияси учун нишон бўлиши мумкин эди), тадбирнинг давомини 12 декабрга кўчиришга мажбур бўлишди.

1941 йилнинг 12 декабри. Навоийхонлик яна давом этди. Бу гал тарихчи ва археолог Борис Борисович Пиотревский «Навоий асарлари образлари ва қадимий Шарқ мифлари» мавзусида маъруза қила бошлади. Пиотревский мутафаккир шоир ижодида акс этган ғоялар, афсоналар ҳақида сўзлаётган вақтда шаҳарда сирена чинқириғи янгради: «Ҳаво ҳужумидан сақланинг!». Демак, фашистларнинг бомба ортган самолётлари шаҳар осмонида. Иштирокчилар бомбадан сақлайдиган ертўлаларга қараб югуришди. Ниҳоят, шаҳарда осудалик бошлангач, яна Эрмитажга қайтдилар ва Пиотревский маърузасини давом эттирди. Ундан сўнг шоир Н.Ф.Лебедев томонидан яна Навоий ғазаллари, достонларидан парчалар ўқилди. Бу гал ҳам иштирокчилар Алишер Навоий руҳига яқинлик, асарларидаги ўлмас ғоялар таъсирида жасорат билан тадбирда иштирок этишди ва уни кўтаринки руҳ билан якунлашди.

Навоийхонлик тадбири яна бошқа куни – 1941 йилнинг 29 декабрида қамалдаги шаҳарнинг Шарқшунослик институтида давом этди. Тадбирда академик И.Ю.Крачковский, профессор Е.Э.Бертельс, илмий ходим Б.Т.Руденколарнинг маърузалари тингланди. Бу галги тадбир ҳам олдингисидек, оғир шароитларга қарамай, Мир Алишер Навоийга бўлган юксак ҳурмат руҳида ўтди.

Тадбир ўтказилаётган пайтда Шарқшунослик институти биносининг ён атрофида ва томларда иштирокчиларнинг бир неча нафари навбатчилик қилиб турдилар. Негаки, бинодаги ҳаракатларни илғаган фашистлар унга ёндирувчи ўқлар ёғдиришни бошлаган, навбатчилар алангани ўчириб, тадбир иштирокчиларининг ҳаётини хавфдан холи қилишлари зарур эди. Ана шундай вазиятда ҳам навоийхонлик тадбири то кечгача давом этди.

Гарчи ўша куни навоийхонлик тадбирларига якун ясалган бўлса-да, ҳазрат Навоийга бўлган чексиз ҳурмат қамалдаги шаҳар илм аҳлини ижод қилишга ундайверди. Академик И.А.Орбели раҳбарлигида ва унинг сўзбошиси билан «Алишер Навоий. 1441-1941» номли катта тўплам нашрга тайёрланди. Тўпламда А.Н.Болдиревнинг «Навоий ва унинг даври» номли тадқиқоти, Б.Б.Пиотревскийнинг «Алишер Навоий» номли тадқиқоти, Н.Ф.Лебедевнинг «Алишер Навоий лирикаси» номли тадқиқоти ҳамда Алишер Навоийнинг Н.Ф.Лебедев томонидан рус тилига таржима қилинган «Лисон ут-тайр», «Сабъаи сайёр» достонларидан парчалар чоп этилиши керак эди. Китобга рассом М.Н.Мох томонидан ўттиз бир хил безак ишланган бўлиб, унинг муқоваси ҳам Шарқ миниатюра санъати асосида ишланганди. Афсус, қаттол уруш туфайли тўплам чоп этилмай қолиб кетди…

Иккинчи жаҳон урушининг энг даҳшатли ва оғир кунларида Нева соҳилларида навоийхонлик тадбирининг уч маротаба ўтказилганлиги, ҳазрат Алишер Навоий ижоди ҳақида катта тўплам нашрга тайёрланганининг ўзи ҳақиқий фидойилик, чинакам жасорат эди!

Манба: mspressa.uz