Илм

Илм
24 views
29 December 2018 - 8:00

Бундан ўн-ўн беш йиллар аввал радиода бир эшиттириш бўлган эди. Журналист профессор Нажмиддин Комилов билан суҳбат қилаётган эди. Гап юртимиздаги қайсидир эшон ҳақида бўлаётган эди. Шундаги бир эътироф эсимда қолган.

У аҳли илмнинг кимлиги эсимда йўқку, аммо тушунишимча, у муборак зот ҳеч қандай дунёвий рутбалари йўқ, лекин диний илми дарё бўлган зотлардан экан. Профессор Нажмиддин ака у киши ҳақида ҳикоя қила туриб, бир воқеани эслаган эдилар.

– Ёш, илмга чанқоқ, янги фан номзоди бўлган пайтларим. Ўзимни ҳамма илмларни сув қилиб ичиб юборган, адабиёт, шеърият, сўз ҳақида энг комил илмга эгалардек тутардим. Ўша вақтларда Эшон бувани зиёратларига бордим. У киши билан кўришиб, суҳбатлашдик. Адабиётдан, хусусан мумтоз адабиёт ҳақида анча гапирдим. Ўзимни роса сўз билағони қилиб кўрсатдим. Бедилдан (ёки Ҳувайдодан) бир тўртликни ёддан ўқиб бердим. Тўртликни ўзимча шарҳлаб бердим. У киши ерга қараб индамай эшитдилар. Кейин мен ўқиган тўртликни ўзлари сўзма-сўз шарҳлай бошладилар. Шундай шарҳладиларки, бу байтнинг бундай маънолари борлиги ҳаёлимга ҳам келмаган эди. Лол бўлиб қолдим. Ўша онда ўзимдаги адабиёт ҳақидаги илмларим нақадар саёз эканлигини ҳис қилдим. Ваҳоланки, мен адабиёт олийгоҳини жуда яхши битирган эдим. Сўнг бу соҳада анчагина илмий иш қилган эдим. Ўзимизнинг адабиётчиларимиз орасида ўзимни илғор деб билар эдим. Рўбарўмдаги инсон эса, мен ўқиган китобларни балки ўқимаган ҳам эди. Адабиётчи ҳам эмасди. Аммо, у киши ислом илмларини ўзлаштирган, ибодатини қилиб юрадиган муборак бир одам эди холос. Мен ўзимга ўзим дедим: «Мен кимман ўзи?» Шунда мен, биздаги совет адабиёти муҳитининг нақадар саёз, тор, сароб бир ялтироқ илмдан иборат эканини ҳис қилган эдим.

Ўзини ниҳоятда зиёли ҳисоблайдиган, аслида илмнинг юзаки баъзи қоидаларинигина ўрганиб олган инсонлар бор. Шундайларни кўрсам, ўша суҳбатни эслайман. Ундай инсонларнинг ҳоли Нажмиддин домланинг аввалги ҳолатларига ўхшайди. Улар исломий адабиётлардан узоқ эканлар, ҳар қанча унвонларга эришмасинлар, бир мадраса талабасининг олдида ҳам пастга тушиб қоладилар деб ўйлайман.

Шоолим Шомансуров

facebook.com