Танглайимизни она тилимиз кўтарсин

Танглайимизни она тилимиз кўтарсин
26 views
29 December 2018 - 9:00

ТАНГЛАЙИМИЗНИ ОНА ТИЛИМИЗ КЎТАРСИН

Тилнинг миллат тақдирини ҳал қилувчи омил эканини бугун ўзини зиёлиман деганнинг деярли ҳаммаси билади. Лекин унинг тақдирига бефарқ қараб келаётганларнинг орасида ўша зиёлиларнинг, яъни ўзимизнинг борлигимиз ғоят ачинарли.

Сенат раиси томонидан айтилган гаплар янгилик бўлмаса ҳам, ғоят аччиқ ва долзарбдир. Айни пайтда, таъкидлаб айтиш жоизки, бу гапларнинг айнан Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошевнинг оғзидан чиқаётгани бу энди нафақат катта янгилик, балки она тилимизнинг энг оғир ҳолларга тушиб қолганидан берилаётган ўзига хос SOS сигналидир.

Кўча-кўйлардаги эълонлару рекламалар, дўконлару ҳар-хил марказлар, парклару хизмат шахобчаларининг номлари ажнабий тилларда ёзилаётгани, шаҳарнинг айрим гўшаларида ўзимизни худди хорижга тушиб қолгандек ҳис қилаётганимиз, телевидение ва радиомиздан кўпинча шевада гапираётганимиз, “Атамашунослик” қўмитасининг тугатилганию расмий ҳужжатларнинг катта бир фоизи ҳамон рус тилида олиб борилаётгани ҳақиқат.

Бу ҳақда ўзини билган, халқини, тилини жону дилидан севган ватандошларимиз доим у ёки бу шаклда ҳайқириб келаяптилар. Лекин қани уларни эшитадиган бир азамат! Биз зиёлиларимиз сўзларини эшитмайдиган, эшитсак ҳам пинак бузмайдиган ҳолларга тушиб қолдик. Йўқса, ижтимоий тармоқларда неча йиллардан бери айни шу масала бот-бот кўтарилиб, муҳокама қилинмоқда. Жавоб эса, мана, ниҳоят энди янгради: Сенат раисининг овози бўлиб эшитилди у қулоқларимизга.

Савол туғилади: нега чорак аср кечикиб? Нега ўз вақтида эмас? Аслида, бошқа масалаларда ҳам аҳвол шунга яқин. Биз – ўзбеклар, ҳамма жабҳада ҳамма вақт кечикиб яшаяпмизми, деб қоламан дунёни кузатиб туриб. Бу ҳақда энди жиддий бош қотирмоғимиз лозим. Ҳеч қурса, шу тил масаласидан сўнг. Ахир, дунё нақадар илгарилаб кетган, нақадар!

Менга Сенат раисининг айтган гаплари орасида “инсон қайси тилда сўзласа ва фикрласа, ўша тилдаги мафкурага мойил бўлиши” ҳақидаги фикри унинг чиқишининг чўққиси бўлиб кўринди. Орий рост! Аслида, бу ҳақда ҳам ҳаммаси айтилган.

Узоққа бормайлик, Ватан, халқ, тил, миллий озодлик каби масалаларга ҳаётини тиккан улуғ маърифатпарвар бобомиз Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз” романи бош қаҳрамонларидан Мирёқубнинг дунёқарашини тубдан ўзгартириб юборган учрашувлардан бири поездда юз беради. Мирёқуб “Ҳали ҳам ўғлимни ўрис мактабига бераман деб қўйдим” дейди жадид Шарофиддин Хўжаевга. Жадид унга: “Бу фикрингиз хато. Ибтидоий тарбияни рус мактабларидан бошлаб бўлмайди, уни миллий мактабларда бериш керак. Илгари миллий ҳиссини ўстириб, ўз миллатини танитгандан кейин рус мактабига бериш керакки, ҳунарга, ихтисосга тегишли илмларни ўқисин… Ундан кейин Германия, Франсия, Англия мамлакатларига, ҳатто дунёнинг нариги чеккасидаги Амриқога юбориб ўқитиш керак…” деб жавоб берадики, бу жавобдаги ҳақ гап ҳозирги кунимизга келибгина рўёбга чиқаётганини ўйласак, Чўлпон таълим-тарбия бобида халқимизга соғинган орзулар, оз эмас – кўп эмас, қарийб нақд бир асрга кечикканини алам билан тан олишга тўғри келади.

Лекин шунда ҳам улуғ жадид орзусини бир томонлама бажармоқдамиз. Аввал миллий мактаб деяпти у, миллий мактабда миллий ҳисни ўстириш ҳақида гапирмоқда. Ҳаётда эса ё миллий маҳдудликка ва ёки ҳаддини ошган космополитизмга берилиш ҳоллари кўп учрамоқда бизда. Ёки фақат миллий мактаблар ва ёки миллий мактабу миллий тарбияни четлаб ўтиб фақат хорижий тилли мактаблардан бошламоқдамиз. Ҳар икки йўл ҳам ҳалокатли.

Бизга керак бўлган йўл романда кўтарилган муаммонинг романда кўрсатилган ечимида эканлигида: жаҳоний тафаккурни миллий ҳис устида барпо этишдадир. Миллий руҳ (ҳис) четлаб ўтилар экан, тилимизни ҳеч қачон ҳимоя қила олмаймиз. Зеро, тил ҳимоячиси, аввало, ўз она тилини мукаммал билиши, унинг танглайи она тилида кўтарилган бўлиши шарт! Бунинг бошқа чораси ҳам, йўли ҳам йўқ.

Кўринадики, инсоннинг тили қайси тилда чиқса, у нафақат шу тилдаги мафкурага мойил бўлади, балки шу тилнинг эгаси бўлмиш халқнинг вакилига айланади. Қон гуруҳига кўра эмас албатта, “дунёқараш гуруҳи”га кўра шундай бўлади. Инсоннинг ўзини қандай тутиши, асосан, унинг дунёқарашига боғлиқ. Шунинг учун биз фарзандларимизни илк таълимини Чўлпон бобо таъкидлаб айтганидек, миллий мактабларда берайлик. Токи, қони ўзимизники, исми ўзимизники, лекин дунёқараши ёт бўлган авлодларни тарбиялаб қўйиб, тилимизни тишлаб қолмайлик!

Энг муҳими ҳам шу. Кўча-кўйдаги ёзувлару, телевидение ва радиодаги аҳволни тузатиш, иш жойларидаги ҳужжатларни ўзбекчалаштириш эса унчалик қийин иш эмас. Давлатимиз, ҳукуматимиз она тилимиз томонида маҳкам туриб берса, бас! Улар секин-аста жойига тушади. Ҳамма гап талабда ва уни бўшаштирмасликда.

Ахир, бир пайтлар расмий матбуот фақат адабий тилда гапирган ва ёзган-ку! Нега энди бугун гапириб, ёза олмаймиз? Чунки талаб йўқ. Бу билан ҳеч ким шевага қаршилик қилаётгани йўқ. Лекин шеванинг ўз ўрни бор: норасмий давраларда, суҳбатларда истаганча шевада гапиринг! Зотан, шева адабий тилни бойитади. У – қайнар булоқ. Оҳори тўкилмаган янгидан янги сўзлар ва ибораларни “туғиб” беради.

Лекин расмий жойлардаги иштирокларимизда адабий тилда гаплашайлик. Зеро, адабий тил миллатни бирлаштиради. Ҳа-ҳа, айнан бирлаштиради! Гарчи Сенат раиси она тили масаласини ҳукумат даражасида кўтариб чиққан экан, мен ўзбек зиёлиларининг бир вакили, ёзувчиси сифатида у кишидан ҳам, қолган барча миллатдошларимдан ҳам она тилимизга бўлган эътибору бу жабҳадаги курашларни асло сусайтирмасликни сўраб қоламан. Зеро, тилимиз миллат сифатидаги ўзлигимиз, борлигимизу борлиғимиздир!

Улуғбек ҲАМДАМ,
2018 йил 15-декабр

facebook.com