Савобталаб онам, онажоним бор эди менинг….

Савобталаб онам, онажоним бор эди менинг….
74 views
30 December 2018 - 7:00

Савобталаб онам, онажоним бор эди менинг….

Ҳар гал қиш келганида, ерларнни оппоқ қор қоплаганида гўдаклик билан болалигим ўртасидаги бир воқеа ёдимга тушади…. тушаверади…

Биз болалардан 10 жон эдик… Отам 2-жаҳон уришидан қўли мажруҳ бўлиб қайтган II-гуруҳ ногирони…

Онам 10 бола тарбияси билан бўлиб рўзғор тебратишга балки у қадар улуш қўша олмагандир… Шу сабаб отамга оғирлик қилгандир… Оилани тортиш ташвиши биргина отам шўрликнинг гарданида бўлган…

Буни болалигимизда билмаганмиз…

Отам раҳматликка “фронтовой” бўлганлиги учун ҳар йили қишда кўмир беришарди. Арзон бўлса керак-да… ҳарҳолда отажонимнинг аза-база трактор топиб, шаҳардан ташиб олиб келишларига қараганда арзон кўмир беришган… оиладаги жон бошига қараб 2 тоннами, 3 тоннами, бунисини аниқ билмайман… Билганим шуки, бизнинг гўдаклигимизда қиш жудаям қаттиқ келарди. Қор деганлари эса менинг белимгача етарди… Совуқ изғирин чақади… Қишлоғимизда табиий газ тугул, у пайтларида газ балон деган гапнинг ўзи ҳам йўқ. Ҳамма қора кўмир билан қишни ўтказарди… Кўмирни тежаш учун қишда иккита, гоҳида битта уйга печка ўрнатиларди…

Шундай қахратон қиш кунларининг бирида тонг саҳарлаб унча-бунчага жаҳли чиқмайдиган, овози баландламайдиган, феъли босиққина отамнинг онамга бақирган овозидан чўчиб уйғондим…. Чиқиб қарасам, онамга карата “Мен қиламан ўттиз, Худойим қилади тўққизми? Бу нима қилганинг? Ҳали қишнинг 90 куни бор? Бировни боласини ўйлаб ўзингнинг бовурларингни қишда қотирмоқчимисан? Кимдан сўраб обординг? Нимага обордлинг? Ҳозир қайтариб обкеласан! Обкелмасанг, уйга кирмайсан, ҳовлига қадам босмайсан! Тур, қури!” деб жаҳилдан қақшаяптилар отам раҳматлик….

Даставвал, гап нимада эканлигини тушунмадим…. Онам эса бошини гуноҳкорона эгиб турар, эшитилар-эшитилмас “Совуқдан қўшни ўпкасини олдириб ўлса, уволига қолмаймизми, кўриб-билиб туриб, гуноҳга ботмаймизми? Худодан қўрқмаймизми?” деб минғирлаб қўярди, “Ундай деманг, бобой, бу икки кунлик дунёда савобам керак”…

Отам раҳматлик онамни олдиларига солиб қувгандилар ўшанда… Мен ҳам изиллаб онамнинг орқасидан ташқари ҳовлига, томнинг орқасига қараб югурдим… Қарасам, уйимизнинг орқа даричасидан кўмирнинг қора кўкини оппоқ қорга тўкилиииб, илон изи бўлиб то қўшнимиз уйига қадар кетган…. Қорда қора кўмир кўкинига қўшилиб онамнинг 6 чи калиш изларининг ҳам “муҳри” қолганди… Кейин билсам, онам ҳар галгидек ярим тунда, отам ухлаб қолганида обморхонадаги кўмиримиздан икки челак олиб, қўшнининг уйига элитиб берган экан. Онам бечора қоронғуда пайқамаган: ҳам кўмир кўкинининг, ҳам калишининг изи қолаётганини сезмаган. Тонг саҳарда қор курашга чиққан отам онажонимнинг “ўғирлигидан” воқиф бўлиб қолган ва онамни олдига солиб қувиб қолган…

Ҳа, қўшни ҳовлидаги бизникидан ҳам ғарибгина кулбада Яйра янга яшарди. Эрининг оти Раббим ака эди. Уларнинг уч гўдаги бўларди… Бу қўшнилар шунақанги ночор эдики… Ҳатто қишда кўмир олишгаям пули йўқ эди. Печкага ғўзапоя ёқишарди. Ғўзапоя “гур” этиб ёнарди-ю, ўчарди. Уйлари музлаб қоларди… Шунгами, эру-хотин сил касални орттириб олишган экан. Совуққа ўпкасини олдириб қўйишган экан. Э йўўўқ, ўша пайтларида мен буларнинг маънисига бормаганман…. Кейинчалик эсимни таниганимда ўша воқеани эслатсам, онам менга гоҳ куйиб, гоҳ кулиб тушунтириб, гапириб берардилар….. Хуллас, онам ўзи камбағалу яна кўнгиллари камбағалпараст эдилар… Ниҳоятда раҳимдил. Ўзлари кун бўйи туз татимасалар ҳам бировнинг оғзига тутадиган оқдил одам эдилар, раҳматлик…

Ўша ўпкасини олдириб қўйган эру хотин ишга ярамаганлиги сабабли ҳам ишлай олмаган, ишламаганлиги учун пуллари ҳам бўлмаган, кўмир олишга қурблари ҳам етмаган… Тирикчиликларини амал-таъқал қилиб ўтказишган…

Оқкўнгил онажоним эса “Қўшни шўрликнинг бу қоронғу қишда уч гўдагини ҳам ўпкасини совуқ олиб қўймасин” деган ҳадикда отам ухлаб қолишини пойлаб ўтирарканлар-да, ярим тунда ўз омборидан отамдан беркитиб қўшнининг уйига ҳар кечаси икки челак кўмирни олиб бориб бериб келарканлар….

ўшанда қишнинг қори онамнинг “сири”ни оёқ излари, кўмирнинг кукини орқали “сотиб” қўйган экан…

“Эй, энажон-эй, ўз уйингизгаям “ўғирлик”ка тушасизми? Бор-йўғи 2 челак қора кўмир экану? Шуни гап эшитмасдан, отамдан сўраб, кейин оборақолсангиз бўлмасмиди?” деб сўрайман онамдан… “Ҳа-ааа, – дейдилар онам гуноҳкорона жилмайиб, – Бир қўл отангга рўзғор аравасини тортиш осон бўлмаган-да…. Бу ёғини тортса, бу ёғига етмаган… Зўрға эплаган… Сўрамаганман, сўрашга қўрққанман. Сўраганим билан, биламан, отанг изин бермасди… Отанг урушда ўликларни кўравериб кўзи қотиб кетганми, ким билсин, дийдаси тош булиб котганми, бии-иилмасам?… Биз иссиққина уйда ўтирсак-да қўшни совуқдан тиришиб ётса, яхши бўладими? Бу Худогаям хуш келмайди. Нима қилай, гуноҳга ботсам ҳам жўжа бирдек жон бўлган Яйранинг гўдаклариям сил бўлиб қолмасин деб сатиллаб кўмир ташиб берганман-да отангдан яшириб. Худонинг ўзи кечирсин мени” деб қўярдилар онажоним….

Замонлар ўтди, улғайдик… Биз ҳам кўмир етмай қолиб совуқдан қотиб қолмадик, қўшни эру-хотин оладман эрта ўтиб кетган бўлса-да уч фарзанди сил бўлган эмас, касалдан ўлган эмас, улғайишди… Ҳозир шунақанги ишбилармон йигит-қизлар бўлишганки…

Онажонимнинг маъракаларида ўша қўшнининг уч боласини кўрдим. Дарвозамиз олдида белини боғлаб “Онам”лаб турганди… Энажонимнинг меҳрларини билишаркан, унутишмаган экан…. Ана шу воқеликдан биламанки, сизу биздан қоладигани бир ҳовуч тупроқ, дўппайган қабру ортимиздан қилиб улгурган савобимиз қолар экан….

Ҳар гал бир ҳовлидаги икки овсин қоронғу қишда бир-бирларидан қаро кўмирни қизғаниб қитмирлик қилишаётганини эшитсам…. гувоҳи бўлсам, ҳокисор энажонимнинг ҳимматлари хотирамда қайта гавдаланади…

Малоҳат Эшонқулова

facebook.com