Қатағонга қарши тадбир қатағонга учради

Қатағонга қарши тадбир қатағонга учради
32 views
30 December 2018 - 10:27

ҚАТАҒОНГА ҚАРШИ ТАДБИР ҚАТАҒОНГА УЧРАДИ

Кеча шармандали иш бўлди: бир гуруҳ ижтимоий фаол кишилар ташаббуси билан 37 – 38-йиллар қатағонининг 80 йиллигига бағишлаб Матбуот марказида ўтказилган тадбир қатағон қилинди!

Олдинига чироқ ўчирилди. Техник носозлик деган яхши гумонда тадбир тўхтатилмади. Бирпасдан кейин эшик тагида ғала-ғовур кўтарилди. Ташкилотчилар босиқлик билан тадбирни давом эттиравергач, охири қоровуллар минбаргача келиб, “Бўлди қилинглар, бинони бўшатинглар!” деб талаб этишди.

Ҳолбуки, бино маъмурияти бир неча кун бурун тадбирга ўзи расман рухсат берган, ижара шартномасини имзолаган, тўловни ҳам олдиндан олган экан. Бунчалик қўполлик кўрсатишига асло сабаб ҳам, ҳожат ҳам йўқ эди, менимча.

Президент икки гапнинг бирида: “Уйғонинглар! Халқ уйғонмаса, ҳеч қанақа ислоҳотни амалга ошириб бўлмайди!” деб турибди, бу ёқда уйғонишга бўлган ҳаракат қўполларча бўғиляпти!

Тадбирдан кўзланган мақсад маънавий соҳадаги ислоҳотларга айни ёрдам бериш эди. Уйғониш йўлида одим отиш эди. Тарихнинг қора нуқталари ўрганилмасдан, халққа ҳақиқат тўғри ва тўласича етказилмасдан қандай уйғотиш мумкин жамиятни?!

Ўтган асрда Исталин қатағонига учраган улуғларимизни эслаш, руҳларига хайрли дуолар қилиш ниятида келган элликдан ошиқ қатнашчи – ёзувчи, шоир, тарихчи олим, ношир, журналист, блогер ва бошқалар юракда тушунарсиз туйғулар билан уй-уйларига тарқалишга мажбур бўлди…

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

facebook.com