Барча мерослардан маҳрум шоир Мақсуд Бекжон ҳақида

Барча мерослардан маҳрум шоир Мақсуд Бекжон ҳақида
72 views
30 December 2018 - 19:57

БАРЧА МЕРОСЛАРДАН МАҲРУМ ШОИР МАҚСУД БЕКЖОН ҲАҚИДА

Ниҳол экаëтган боғбонлар кўчатларнинг навига қараб орасини очиқ қўйишади. Эртага улғайиб бир-бирига соя ташламасин деган маънода. Режали боғчага хос бу мантиқ ҳаëтда учрамайди. Масалан ўзбек совет адабиëтининг сўнгги шоири ( Ҳамид Исмойил таърифича) Муҳаммад Солиҳ ва унинг укаси деярли бир давр адабиëтига “вакил” бўлдилар.

Муҳаммад Солиҳ каби гигант Мақсуд Бекжон каби ҳассос шоирга соя солмади десак ëлғон бўларди.

Тўқсонинчи йил шеърсевари Мақсудга шоир деб эмас, балки “Муҳаммад Солиҳнинг укаси” деб қаради.

Холбуки Мақсуднинг ўз формати ўз сўзи бор эди. Абдували Қутбиддин¸ Баҳром Рўзимурод эстетикасига ëндош постмодерн бир эстетика.

Аммо Мақсуднинг шеърини мутоала қилиш жараëнида идрокимизнинг қайси бир тешигидан келаëтган “Муҳаммад Солиҳнинг укаси”деган сигнал бу эстетикадан тўла баҳраманд бўлишга ҳалақит берарди.

Албатта бу сигналга Мақсуднинг билиб –билмас МС шеъриятида ишлатилган жумлаларни қўллагани қўшилганида(“Қақраган лаблар” каби) ўрталиқ паришон бўларди.

Қадам Сайидмуродни шоир деб билган тўқсонинчи йиллар шеърсевари Мақсудга “акасининг укаси” деб қарайверарди. Боз устига акаси Муҳаммад Солиҳнинг шону шавкати ортган сари ортарди.

“Бизга таянч керак дўстим – қўлтиқтаëқмас” дея ëзади Мақсуд Бекжон ўша пайтда. Бу “Соя этма- бошқа эхсон гаракмас” деган халқ қўшиғидаги маънога уйқаш.

Холбуки Мақсуд Бекжон етук шоир эди. 1988 йили Ғафур Ғулом нашриëти “шоирнинг илк китоби” сериясида Мақсуд Бекжоннинг “Умид таҳсили” деган китобини чоп қилди. Китоб аннотациясида Мақсуд “ўз сўзини айтиш учун тиришаëтган ëш шоир” дея таснифланади. Не ëзиқки бу китоб шоирнинг ягона китоби бўлди. (Истанбул ва Ослода шоир бир неча китобларни чоп қилдирганини ҳисобга олмаганда)

Чунки шеър ëзиш учун тарих ажратган давр тугаëтган эди. Поэзияда overproduction холати юзага келган эди. Бир муддат кинода ишлаган Мақсуд тушунса керак. Кино маълум бир метраж билан чегараланади.Ортиқча (overproduction)пленка қайчиланади. Ўзбек совет адабиëти деб аталадиган воқеликнинг сўнгги шоири Муҳаммд Солиҳ деб белгилангани боис¸тўқсонинчи йиллардаги кўп шоирлар тарих қайчиси тарафидан асосссиз қийилиб саватга ташланди.

Биз ҳам шеър ëзамиз деб турган бошқалар (Пахлавон Турғунов¸Қудрат Бобожон..) бу маслакдан нон тегмаслигини англаб журналистиканинг жўн тегирмонини айлантириш учун кетишди.

Тарих “агар –магар” кабу мажҳулликни севмайди. На бўлса бўлди. Аммо барибир айтайлик Мақсуд Бекжон 1988 йили эмас 1978 йилда майдон ўқиганида бошқача бўларди.

Бундан деярли 30 йил олдин чоп қилинган юпқагина китобнинг истаган варағини очиб ўқиб ҳулоса қиламан – Мақсуд Бекжон улуғ ва етук шоир!!!!

Бари бизникидир шахсийдир бари
Ўтмишдан ҳеч нарса ола билмадик
Бизга мерос эмас тамға кўтариб
Сафарга отланмоқ кўзларда –ҳадик
Шеърларим-васият эмас аждодлар
Мен учун ўтмишдан атай қолдирган¸
Бизга мерос эмас занглаган ëдлар
Ҳаëт мерос эмас – юрак олдирган
Бизга мерос эмас тавозе¸ қуллуқ
Ўлакса жонларнинг чиркин ëлғони
Меросга қолмади бизларга қуллик
Меросга олмадик ноннинг қолғонин
Барча мерослардан маҳрумдирмиз биз.

Билги

Мақсуд Бекжон 1960 йилда Совет Ўзбекистонининг Хоразм вилояти Янгибозор (ўша пайтда Урганчга қараган) туманида туғилди. 1983 йилда Москвадаги М.Горький номли адабиëт институтини тугатди. Таниқли шоира Марзия Эрдонова билан турмуш қуриб фарзандлар кўрди. 1992 йилда бир муддат қамоқда ўтиргани ортидан Ўабекистонни тарк қилди. Аввалига Туркияда яшади. БМТқочқинлар идораси қарорига кўра¸ Мақсуд Бекжон Норвегиядан сиëсий бошпана олди. Хозир Ослода транспорт соҳасида ишлайди.

P.S.
Матн эълон қилинганидан бир ой ўтиб шоир Мақсуд Бекжондан мактуб олдик. Мактуб матндаги баъзи чалкашликларни тўғирлайди:

“Ассалому алайкум, макола учун катта рахмат, хурматли муаллиф. Факат маколадаги таржимаи холимга оид баъзи нукталарга кичик тузатишлар киритишга изн берсангиз. Узбекистонда менинг иккита китобим нашр этилди, иккови хам 1988 йилда – бири (“Умид тахсили”) Гафур Гулом нашриётида, иккинчиси (“Муътадил ранглар”) “Ёш гвардия” нашриётида босмадан чикди. Гафур Гулом нашриётида чиккан китобдаги таваллуд йилим янглиш ёзилган, мен 1961 йилда тугилганман. Китоблар нашр этилган уша 1988 йилда СССР Ёзувчилар Союзига кабул килиндим. 1988 ва 1990 йилларда Узкинохроникада менинг сценарим буйича иккита хужжатли фильм суратга олинди.”
Шу ўринда яна бир аниқлама. М. Бекчон ўз мактубида айтган икки ҳужжатли фильми нусҳаси (негативлари) Москвадаги Белые Столбы кино архивида сақланади. Режиссер Соли Давлатов. Фильмларда пахтага сафарбар қилинган ўқувчилар ҳамда репрессиядан қўрқиб қабрларга кўмилган қўлëзмалар ҳақида ҳикоя қилинади.

Отабек Усмонов

facebook.com